Жаҳон | 14:21 / 20.10.2024
19727
10 дақиқада ўқилади

АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори

1978 йил баҳорда СССРнинг БМТдаги вакили, ташкилот бош котибининг ўринбосари бўлган шахс Москвага қайтишни хоҳламайди ва Америкада қолади. Бу советлар тарихида юқори лавозимли давлат мулозимининг илк марта душман давлат томонига қочиб ўтиши эди.

Фото: Getty Images

1975 йилда совет ташқи разведка идорасининг Ню Йорк бўлимига генерал майор Юрий Дроздов раҳбар этиб тайинланади. Бунгача у «маданий инқилоб»дан сўнг СССР билан муносабатларни совитган Хитойда ишлаганди.

Дроздов Ню Йоркка етиб борганидан сўнг ташқи разведка хизмати, КГБ ходимлари ва БМТдаги совет вакилларининг америкаликлар билан апоқ-чапоқ бўлиб юрганига гувоҳ бўлади.

Шундан сўнг генерал шубҳали хатти-ҳаракатлар қилаётган ходимларнинг рўйхатини тузади ва уларни доимий кузатув остига олади.

Дроздовнинг ўйлашича, америкаликлар билан «дўстона» муносабатда бўлаётган жосуслар ёки элчихона вакиллари хоинлик қилаётган бўлиши мумкин эди.

Ўшанда генерал адашмаганди. СССРнинг БМТдаги вакили, ташкилот бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Аркадий Шевченко анчадан буён Америка хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилиб келаётганди.

Фото: dzen.ru

Амал пиллапояларидан тез кўтарилган дипломат

Аркадий Шевченко 1930 йилда Донецк областининг Горливка шаҳрида туғилади. Кейинроқ унинг оиласи Қримдаги Евпатория шаҳрига кўчиб ўтади.

У 1949 йилда Москва давлат халқаро алоқалар институтига ўқишга киради ва 1954 йилда қизил диплом билан битиради.

Сўнг аспирантурада таҳсил олади ва диссертацияни муваффақиятли ёқлайди. Шу тариқа у юридик фанлари номзодига айланади. Кўп ўтмай 25 ёшли Аркадий СССР ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтади.

Оддий бир йигитнинг бирданига ташқи ишлар вазирлигига ишга кириши тасодиф эмасди. Гап шундаки, Аркадий институтда ўша пайтда СССР ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Андрей Громиконинг ўғли Анатолий билан танишиб, дўстлашган эди.

Анатолий ўзидан икки ёш катта бўлган иқтидорли талабани бир неча марта уйига олиб борган ва Аркадий Андрей Громико билан шу тахлитда танишган эди.

Шевченко аспирантурани битиргач, Андрей Громико уни ёнига чақириб олади ва ТИВнинг халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлимига ишга жойлаб қўяди.

Кейинчалик Аркадийнинг хотини Андрей Громиконинг хотини билан дўстлашади ва икки оила ўртасидаги ришталар янада чуқурлашади.

Андрей Громико АҚШ президенти Жон Кеннеди билан
livejournal.com

Аркадий 15 йилга яқин ТИВда турли лавозимларда меҳнат қилади ва Громиконинг ишончини оқлайди. Шу сабабли Громико уни 1970 йилда ташқи ишлар вазирининг шахсий маслаҳатчиси лавозимига тайинлайди.

1970 йилда шахсан Андрей Громиконинг тавсияси билан Аркадий Шевченко СССРнинг БМТдаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланади.

Аркадий Ню Йоркка етиб боргач уни БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинлашади.

Кейинчалик, Шевченконинг ўғли отасининг жуда юқори лавозимга тайинланишига онасининг Андрей Громиконинг хотинига берган қимматбаҳо совғаси сабаб бўлганини айтган.

Гап шундаки, Аркадийнинг хотини Леонгина Громиконинг хотинига бир пайтлар урушдан сўнг ота-онаси Австриядан олиб келган 56 та бриллиант билан безатилган тақинчоқни совға қилган. Хурсанд бўлган аёл эрига айтиб Аркадийни Ню Йоркдаги обрўли ишга жўнаттирган.

Андрей Громико (чапда) ва Аркадий Шевченко (ўнгда) БМТ бош котиби К. Валдхайм билан бирга
Фото: Peoples.ru

Сотқинлик ва қочиш

Аркадий Шевченко Ню Йоркка етиб боргач бир муддат тинч ишлайди. Халқаро ташкилотда муҳим лавозим эгаси бўлгани учун ҳам америкалик ҳамкасблари билан дўстона алоқада бўлади.

1975 йилда КГБ генерали, ташқи разведка хизмати ходими Юрий Дроздов БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳига ишга юборилади.

Бу шахс СССРнинг БМТдаги вакили ниқоби остида советларнинг Америкадаги жосуслик тармоғи раҳбари этиб ҳам тайинланганди.

Дроздов Ню Йоркка боргач КГБ, ташқи разведка хизмати, элчихона ва халқаро ташкилотларда ишловчи ходимларни америкаликлар билан «апоқ-чапоқ» бўлиб юришда айблайди.

Сўнг ўзини шубҳалантирган ходимлар ортидан доимий кузатувни йўлга қўяди. Унинг бу иши бошқалар қатори Аркадий Шевченкога ҳам ёқмайди. Шундан сўнг у Америкадан сиёсий бошпана сўрашга қарор қилади.

Баъзи манбалар, у Дроздов Ню-Йоркка боргунча Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилгани ва америкаликларга кўплаб махфий маълумотларни бергани ҳақида ҳам ёзган.

Юрий Дроздов
Фото: nnm.ru

Жумладан, КГБ фойдасига жосуслик қилган МРБ ходими Олдрич Эймс Аркадий Шевченко америкаликлар билан ҳамкорликни 1970-йиллар бошларида, СССР ТИВда ишлаб юрган пайтларида бошлаганини айтган.

1975 йилда Аркадий Американинг БМТдаги элчиси Даниэл Мойниҳэнга АҚШдан сиёсий бошпана сўрашга қарор қилгани ҳақида маълум қилади.

Мойниҳэн унинг бу қарори ҳақида Вашингтонга хабар беради. Шундан сўнг Аркадий АҚШ давлат департаменти ходимлари билан яширинча учрашади.

Учрашувда қатнашган МРБ ходимлари Аркадийга ҳозирча БМТда ишлаб тураверишни ва махфий маълумотлар беришда давом этишини, мабодо хавф туғилса уни ҳимоя қилишларини айтишади. Совет элчиси рози бўлади.

Аркадий америкаликлар билан ҳамкорлик қилар экан, унинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланган генерал Дроздов бу ҳақда Москвага хабар беради.

Бироқ КГБдагиларда Аркадийнинг сотқинлиги ҳақида аниқ далиллар йўқ эди. Кейинчалик, 2003 йилда Россия телеканалларидан бирига берган интервюсида Дроздовнинг ўзи ҳам Аркадийдан шубҳаланганини, бироқ аниқ далилларга эга бўлмаганини айтган.

1977 йилда Аркадий СССРга таътилга келади ва ўзини кузатишаётганини пайқаб қолади. Таътил тугагач у Ню Йоркка қайтади ва ўзини Америкада ҳам кузатиб юришганини сезади.

1978 йил апрел ойида СССРнинг БМТ ва унинг хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили Олег Трояновский Аркадийга СССРга қайтишини, Москва БМТга бошқа элчи юборишини маълум қилади.

Фото: Getty Images

Аркадий ундан чала қолган ишларини битириш учун маълум муддат Ню Йоркда қолиш учун рухсат сўрайди, бироқ Трояновский бунга кўнмайди. Шундан сўнг у яширинча қочишга қарор қилади.

Қочишдан олдин Аркадий хотинига икки энлик хат ёзиб яширинча жўнатади. Хатда у хотинига вазият ҳақида ёзган ва уни ёнига чақирган қўнғироқ қилишини кутишини айтганди.

Хатда ёзилган вақтда у Москвага қўнғироқ қилади. Шунда телефонга хотини эмас, КГБ ходими жавоб беради. Шунда Аркадий хотини у ёзган хатни КГБга топширганини тушунади.

Аркадий Шевченконинг Америка томонига қочиб ўтгани аниқ бўлгач, дарҳол унинг Женевадаги БМТ қуролсизланиш комиссияси аъзоси бўлган ўғли Геннадий КГБ ходими Виктор Суворов томонидан Москвага олиб келинади.

Қизиғи шундаки, Виктор Суворов Аркадийнинг ўғлини Москвага олиб келгандан бир ярим ойдан ўтиб оиласи билан Британияга қочиб кетади.

Москвада КГБ Геннадий Шевченкони анча пайт ҳибсда сақлаб, тергов қилади. Бироқ у отасининг Америка томонига ўтиб кетишидан бехабар бўлганини айтади.

Шундан сўнг Геннадийни СССР ТИВдаги вазифасидан озод қилишади. КГБ мажбурлаб унинг фамилиясини Шевченкодан Смирновга ўзгартиради. У ҳақиқий фамилиясини 1990 йилга келиб қайтариб олади ва СССР парчаланиб кетгунча турли кичик вазифаларда ишлаб юради.

Аркадий Шевченко ўғли Геннадий билан
Фото: Pinterest

Аркадий Америка томонга қочиб ўтгандан бир ой ўтиб 1978 йил 6 май куни унинг хотини Леонгина Шевченко бедарак йўқолади.

Милиция аёлни қидира бошлайди. 8 май куни Шевченколарнинг кенжа фарзанди Анна уйдан қўланса ҳид чиқаётганини сезиб қолади ва милиция чақиради. Чақирув бўйича келган участка нозири хонадонга кириб хонада нафталин ҳиди борлигини айтиб чиқиб кетади.

Шундан сўнг Геннадий Шевченко қўланса ҳид чиқаётган жойни қидираётиб уйдаги шкафни очади ва мўйнали палто орасида осилиб турган онасининг жасадига кўзи тушади.

Аркадий Шевченко хотинининг вафотидан 11 май куни хабар топади ва Леонгинанинг ўлимида КГБнинг қўли борлигини айтиб чиқади.

У кейинчалик, ўз китобида хотини юқори лавозимли давлат мулозимининг кўп сирларини билганини, шу сабабли уни ўлдиришганини ёзган.

Америкадаги ҳаёт

Аркадий Шевченко КГБ ёки ташқи разведка хизмати ходими эмасди. У Америкада БТМдаги масъул шахс ниқоби остида жосуслик қилмаган, фақат халқаро ташкилотда фаолият олиб борганди.

Шеченко АҚШ фуқаролигини қабул қилаётган пайт
Фото: alamy.com

Шу сабабли советлар уни йўқ қилиш учун таъқиб қилишмайди. Шу сабабли Аркадий АҚШда эркин яшайди ва асосан институтларда СССР бўйича таҳлилчи вазифасида ишлайди.

Кейинчалик, унинг ўғли Геннадий америкаликлар отасига ҳар ой 7 минг доллар тўланадиган умрбодлик нафақа тайинлашганини айтган.

1985 йилда Аркадий Шевченко АҚШда «Москвадан айрилиш» номли китобини чоп эттиради. Китоб Америкада бестселлерга айланади ва кўплаб тилларга таржима қилинади. Муаллиф китобнинг барча нашрлари учун миллион доллар гонорар олади.

Аркадий Шевченко АҚШда яқинлари даврасида
Фото: люди.ру

Шевченко СССР тарқаб кетгунча Москвада яшаётган қизи билан учрашишга ҳаракат қилади. Бироқ бунинг имконияти бўлмайди. Совет иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг 1992 йилда ўғли Геннадий ва қизи унинг олдига боришади.

Аркадий Шевченко 1998 йилда жигар циррози касаллиги туфайли вафот этади. Ўшанда у 68 ёшда бўлган. Аркадий Шевченко СССРдан АҚШга қочган биринчи юқори лавозимли амалдор сифатида тарихда қолган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид