Технология | 15:00 / 07.07.2020
30225
8 дақиқада ўқилади

Вилоятларни ҳам интернет билан таъминлаш кейинги мақсадимиз – Бепул, сифатли интернет тармоғи лойиҳаси «Sola» ҳақида

«Sola» лойиҳаси пойтахтнинг катта қисмини сифатли интернет билан таъминлаётган ва кўпчиликнинг ишончига кираётган тармоқлардан бири. Лойиҳа раҳбари, компания бош директори Беҳзод Аҳмедов Kun.uz мухбири билан суҳбатда компания тарихи, лойиҳа олдига қўйган мақсадлар, ташкилотнинг кадрларга қўйган талаблари ва телекоммонукация соҳасида қилинган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.

Фото: KUN.UZ

«Sola» лойиҳаси тарихи. Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Беҳзод Аҳмедовнинг айтишича, «Sola» лойиҳаси ҳозирча Тошкент шаҳри ҳудудида аҳолига ҳамда ташриф буюрган туристларга текин ва пуллик Wi-Fi қурилмалари орқали интернет етказиб беришни мақсад қилган.

Лойиҳанинг тарихи эса жуда узоқ. Лойиҳани унинг муаллифи 2014 йилларда Huawei компаниясида симсиз интернет йўналиши бўйича ишлаб юрган пайтларидаёқ режалаштира бошлаганини ва кейинроқ 2017 йилда илк фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилди.

«Биз лойиҳани бошлаётганимизда Ўзбекистонда халқаро интернетга уланиш тезлиги юқори эмас эди. «Sola» ҳақида айтиш учун вазирликка борганимизда буни амалга ошириш учун ҳали 3-4 йил бор, дейишганди. Сўнг «Мен агар интернетнинг ўзини олиб келиб берсам-чи?» дегандим. Улар «Майли, қанақа қилиб?» деб сўрашган.

Ўшандан сўнг яна бир лойиҳамизни Қирғизистонда амалга оширишни бошладик. Бу Ўзбекистонга алтернатив линия қуриш лойиҳаси ҳисобланади. У 2017 йилда амалга ошди. Ўшанда Ўзбекистонга интернет Қозоғистон орқали узатиларди. Биз ҳам Қирғизистон орқали интернет узата бошлагач, қозоғистонликлар ҳам нархларни кескин туширишди. Бозорда рақобат бошланди. Илк фаолият бошлаганимизда реал ишлатилаётган интернет миқдори бор-йўғи 60 гигабайт эди, ҳозир бу кўрсаткич 750 гигабайтни ташкил этмоқда», - дея эслайди Беҳзод Аҳмедов.

Маълум бўлишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида ҳамма савдо ва бизнес марказлари, университетлар, аэропорт ва машина бозори, шунингдек, 10 та кўчага жами 3 мингдан ортиқ «Sola»нинг интернетга уланиш нуқталари (точка доступ) ишга туширилган.

Беҳзод Аҳмедов

Асосий хизмат турлари

Ҳозирги кунда «Sola» компанияси мижозлар учун 3 хилда хизмат турларини тақдим этади:

  • Мижозлар реклама асосида хизмат турларидан фойдаланиши мумкин. Бунда улар авторизациядан ўтишлари лозим бўлади. Авторизация якунлангач, уларга бир нечта реклама роликлари тақдим этилади. Уларни кўриб бўлишгач, мижозларга 30 дақиқа бепул интернет тақдим этилади.

Бунда интернетдан фойдаланиш учун аввал абонент телефон рақамини киритиши лозим бўлади. Сўнг фойдаланувчининг телефонига код юборилади. Бу код киритилгач, рекламалар тақдим этилади.

  • Интернет пакетларини сотиб олиш орқали хизматдан фойдаланиш усули. Бунинг учун ҳам авторизациядан ўтилади. Сўнг бир нечта интернет пакетлари тақдим этилади. Нархи жуда қулай пакетларни мавжуд электрон тўлов тизимлари орқали сотиб олиш мумкин.
  • Доимий фойдаланувчилар учун кўрсатиладиган хизматлар. Улар офислар, уйлар, умуман, тармоқ мавжуд бўлган барча нуқталарда хизматдан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистонга энг кўп туристлар ташриф буюрадиган 10 дан ортиқ давлат рақамлари базамизга киритилган. Улар худди ўзбекистонлик абонентлар сингари смс код ёрдамида интернетга уланиши мумкин.

Нега тармоққа уланиш вақтида чекловлар бор?

Компания директорининг айтишича, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри бўйича 1 миллиондан ортиқ одам «Sola» тармоғига уланган.

«Фойдаланувчиларда нега интернет «точка»сига уланишда чекловлар бор, деган савол бўлиши мумкин. Бу ҳақида талабалар кўпроқ сўрашади. Системанинг бу тарзда ишлаб чиқилганига сабаб турли операцион харажатлар, тўловларимиз бор. Буларни қоплаш учун кунига 5 марта қўйиладиган умумий 2 соатлик чекловимиз бор. Баъзи жойларда бу чеклов 3 соатни ташкил қилади.  

Жамоат жойларига, масалан, кафеларга борганда одамларда бемалол интернетга уланиш имкони бўлади. Агар кино кўришмоқчи бўлса ёки кўпроқ интернетда бўлишни хоҳлашса, унда обуна асосида ундан юқорироқ тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкони тақдим этилади», - дейди Беҳзод Аҳмедов.

«Sola» раҳбари энди интернет ҳақида жиддий бош қотириш керак эмас, у одатий ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган, 4-5 йил олдин сотиб олинган интернет трафигидан фойдаланиш вақти билан ҳозиргининг анча катта фарқи бор, бундан ташқари, интернет ҳозир кўпчиликнинг тирикчилигига ҳам айланган, шунинг учун агар интернет ривожланса, бошқа бизнес турлари ривожига ҳам ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

«Sola»нинг асосий муваффақияти ҳақида

«Дастлаб, бозорларда бепул интернет ўрнатганимизда одамлар тушунишмади. Текин интернет деганимизда одамлар ҳатто дастлаб алдашяптими, деб ҳам ўйлашди. Кўпчилик уланмади. Кейин турли видеолар билан интернетдан қанақа қилиб фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиб бердик. Шундан сўнг бирданига трафигимиз 65 фоизга ошиб кетди.

Муваффақиятимизнинг яна асосийларидан бири уйда ўрнатилган Wi-fi’ни кўчада ишлатиш имконининг борлигидадир. Бизнинг бошқа интернет провайдерлардан фарқимиз ҳам шунда. Ҳозир шаҳарда 3 мингдан ортиқ тармоққа уланиш нуқталари ўрнатилган. «Sola»га обуна бўлиб, уланган логин тармоққа бир марта киритилади. Сўнг шаҳар ичида тармоқлараро интернетдан фойдаланавериш имкони бўлади», - дея муваффақиятлар ҳақида гапирди Беҳзод Аҳмедов.

«Sola» компанияси ўзи ҳақида ҳар қандай хабарни, ҳатто у салбий бўлса-да, қабул қилишга ва уни ўрганиб чиқишга тайёр. Бундай хабарлар ташкилот фаолиятини такомиллаштириш учун ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

«Sola» лойиҳасининг олдига қўйган асосий режаларидан бири эса уни фақат Тошкент шаҳрида эмас, балки вилоятларда ҳам оммалашишига эришишдан иборат. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, яқин 3 йилда Тошкентдаги логин билан фойдаланувчи Қорақалпоғистонда ҳам текин интернетга бемалол уланиш имконига эга бўлиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар лойиҳа учун тўғридан тўғри 8 миллион АҚШ доллари ажратилган. Бундан ташқари, 4 миллион доллар кредит маблағлари сарфланган. Бундан кейинги режаларга кўра, лойиҳани бутун республика бўйлаб амалга ошириш учун 100 миллион долларга яқин маблағ керак бўлади.

Ходимлар раҳбардан ҳам кўп маош олади

Беҳзод Аҳмедов ходимларига қанча маош тўлаши ҳақида ҳам айрим фактларни маълум қилди.

«Кўп ходимлар мендан 2 баробар кўп маош олади. Масалан, ҳозир яхши дастурчилар кам бўлгани учун бундай ходимларнинг маоши 20 миллиондан бошланади. Ходим жамоанинг мақсадларини тушуниши ва ўзи ҳам унга қўшилиб кета олиши керак. Масалан, ҳар бир лойиҳанинг топширилиши вақтидан кечикмаслиги, «deadline»га амал қилишлари керак. Шунинг учун компанияга ишга кирмоқчи бўлганларда мана шу жиҳатлар бўлиши керак», - дейди компания директори.

«Муаммодан қўрқиш эмас, уни ҳал қилиш учун ҳаракат қилиш керак» – «Sola» раҳбаридан тавсиялар

Шунингдек, Беҳзод Аҳмедов телекоммуникация йўналишига қизиқувчи ёшлар учун ҳам маслаҳатлар берди.

«Телекоммуникация йўналишида қийинчиликлар кўп бўлади. Бундан қўрқиш эмас, ҳал қилиш йўлини топиш учун ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари, телекоммуникация йўналишида иш бошламоқчи бўлган одам энг кичик ходим сифатида фаолиятини бошлаб кўриши лозим, менимча. Сабаби соҳадаги муаммоларни ичидан билмаган одамнинг катта натижаларга эришиши қийин», - дейди Ўзбекистондаги йирик интернет тармоғи раҳбари.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш