Ўзбекистон | 12:50 / 27.02.2023
6403
5 дақиқада ўқилади

“Давлат ортиқча ва оғир солиқларни жорий этмасликни кафолатлаши керак” – янги конституцияда солиқлар

Конституцияга солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгиланяпти. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов Kun.uz’га берган интервьюсида ушбу модда нега киритилаётгани ва унинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Фото: KUN.UZ

Нима ўзгаряпти?

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, ҳозирги Конституциянинг 51-моддасига ўзгартириш киритиляпти. 

Амалдаги конституцияда “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт”лиги белгиланган.

Киритилаётган ўзгаришлар “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак”лигини назарда тутади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов Kun.uz билан суҳбатда нега бу ўзгартириш киритилаётганини тушунтириб берди.

“Давлат фуқаролар учун ортиқча ва оғир солиқларни жорий этмасликни кафолатлаши керак”

Ҳар қандай давлатнинг асоси — унинг иқтисодий қудрати, оддий тилда айтганда, давлат бюджети ҳисобланади. 

Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлардан тушган пуллар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга сарфланади. 

Шу сабабли ҳар бир фуқаро қонун билан белгилаб қўйилган солиқларни тўлаши шарт. Бу давлат равнақига, халқ фаровонлигига хизмат қилади.

Шу билан бирга, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши керак бўлади.

Бу давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда фуқаро ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади. Солиқ сиёсати эса йилдан йилга соддалаштирилади, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланади.

“Ўзгартиришлар билан солиқлар ва йиғимлар ортиқча юк бўлмаслигига эришилади”

Охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилди, аҳолига, бизнесга солиқ имтиёзлари қўлланди, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори туширилди. Айрим йиғимлар 5 бараваргача (масалан, автомобил ойналари тусини ўзгартирганлик учун тўловлар) камайтирилди. 

Конституцияга киритилаётган ўзгариш эса ана шундай ижобий ишлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади.

Солиқлар ва йиғимлар ортиқча юк бўлмаслигига эришилади. Конституцияга “адолатли солиқлар” атамасининг киритилиши келгусида халқ учун манфаатли бўлиши кутилмоқда.

“Солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликлар мавжуд”

Киритилаётган ўзгаришнинг асосий ғояси солиқ соҳасида камситишнинг олдини олиш, солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзларга табақалаштирилган ёндашувни ўрнатиш мақсадида солиқ ва йиғимларнинг адолатлилигини таъминлашдир.

Шаффоф ва адолатли солиқ тизими иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бироқ шу кунга қадар амалда бўлган солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликларнинг мавжудлиги бизнес, тадбиркорлик ва инвестиция соҳасининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Масалан, тадбиркорлик субъектлари корхона қанча фойда олганидан қатъи назар, давлат мақсадли жамғармаларига товар айирбошлаш ҳажмининг 3,2 фоизини ўтказади. Ушбу солиқ юки корхона даромадининг камида 21 фоизини ташкил этиб, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилади.

Бундай муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини енгиллаштириш ва чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Шундай қилиб, янгиланган Солиқ кодексининг 10-моддасида “Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилувчи солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

Кутилаётган натижа

2022 йил якунига кўра Ўзбекистонда 162 мингдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари мавжуд. Уч йил ичида уларнинг сони икки баробарга — 85,4 мингдан 162,9 мингга, 2016 йилдан буён эса 19,6 баробарга ошган. Бу ўсиш, биринчи навбатда, солиқ юкининг адолатли тақсимланиши ва камайиши билан изоҳланади.

Шу ва бошқа енгилликлар туфайли Халқаро валюта жамғармаси солиқ тизимини ислоҳ қилишни Ўзбекистоннинг энг катта муваффақиятларидан бири сифатида тан олди. 

Шунга ўхшаш қоида Испания (31-модда), Италия (53-модда), Швейцария (130-модда), Лихтенштейн (24-модда) каби давлатларнинг конституцияларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, уларда солиқ тизимининг ижтимоийлик ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлиги акс эттирилган. 

Кутилаётган умумий натижалар аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда ишбилармонлар синфининг мавқейи ва таъсирини кучайтириш, ўрта синфни ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш орқали ривожланган давлатлар сафига қўшилиш имконияти бўлади. 

Солиқ ставкаларининг ижтимоий йўналтирилгани, жумладан, кам таъминланган фуқароларга нисбатан қўлланадиган солиқ турларига имтиёзларнинг киритилиши аҳолининг турли тоифалари ўртасидаги тенгсизлик ва даромадлар ўртасидаги фарқни камайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид