Ўзбекистон | 16:19 / 01.03.2019
27592
3 дақиқада ўқилади

Омбудсман: Қийноқ ҳақида хабар берганлар аниқ шахслар ва қийноқ усулларини тасвирлаб беряпти

Омбудсманнинг алоҳида эътибори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётганларга ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги шикоятларга қаратилди, деб ҳисобот берди Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев Сенат йиғилишида. 

Улуғбек Муҳаммадиев

Унинг айтишича, 2018 йилда Омбудсман томонидан шу муносабат билан 101 та шикоят берилганлиги қайд этилди ва бу кўрсаткич 2​017 йилги ҳолатдан 4,2 баравар кўплигини англатади. 

«Шикоятларнинг кўпчилигида (101 та шикоятдан 78 таси) таъсир кўрсатиш шакллари ва усуллари, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни қўллаган аниқ шахслар кўрсатилади. 

Ҳолатларнинг 29 фоизида бир-бирига боғлиқ бўлмаган турли шахслар Тошкент вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ана шундай таъсир кўрсатилганини маълум қилишди. 

Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 21 фоизни, Қашқадарё вилоятида 12 фоизни, Жиззах вилоятида 8 фоизни, Самарқанд вилоятида 6 фоизни ташкил этди, жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятлари томонидан эса бундай ҳолат 12 фоизни ташкил этди», — дейди Омбудсман.

Маълум қилинишича, Вакил миллий превентив механизм мандати билан қамраб олинадиган соғлиқни сақлаш ва халқ таълими вазирликларининг бир қатор интернат муассасалари фаолиятини ҳам ўрганди.

«​Умуман олганда, йил давомида мониторинг ташрифлари миллий превентив механизм билан қамраб олинган 73 та муассасада амалга оширилди», — дейди Муҳаммадиев ҳисоботида. 

«Ички ишлар органлари тўғрисида»​ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг «Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи»​ деб номланган 8-моддасига мувофиқ «қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт»​.

Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси «Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш»​ деб номланган 17-моддасига ва «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш»​ деб номланган 18-моддасига мувофиқ «... терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас»​.

Мавзуга оид