Ўзбекистон | 21:34 / 14.01.2022
32717
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Муҳаммадиев президент администрациясига қайтди

Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев яна президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари бўлди.

Улуғбек Исломович Муҳаммадиев президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимидан озод этилди.

Улуғбек Муҳаммадиев 1977 йил Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (татбиқий математика ва ҳуқуқшунослик йўналишлари), президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (халқаро муносабатлар йўналиши)ни тамомлаган.

2001–2008 йилларда президент девони, президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси котибиятида масъул лавозимларда хизмат қилган. 2008–2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси сифатида фаолият юритган.

Кейинроқ давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган, 2018–2020 йилларда президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил ёзида Давлат хизматлари агентлигига раҳбар этиб тайинланганди.

Маълумот учун, 2020 йил кузида унинг ўрнига Бахтиёр Исломов президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергановнинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаганди.

Мавзуга оид