Ўзбекистон | 07:20 / 14.06.2024
4455
3 дақиқада ўқилади

Мажлисларда узрли сабабларсиз қатнашмаган депутатлар ваколати муддатидан илгари тугатилиши мумкин

Депутат мажлисларда узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат бўйича бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолинади.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари қонунчилик ташаббуси асосида депутатлар мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини киритди.

Қонун лойиҳасида депутатларнинг ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бундан ташқари депутатнинг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календар йил давомида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, шунингдек чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда ҳам уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Бу қоидалар Сенатда доимий асосда ишлайдиган сенаторларга ҳам тегишлидир.

Қонун лойиҳасида депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги учун уларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган таъсир чоралари ҳам янада аниқлаштирилган.

Унга кўра:

– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган ҳолда депутатга, сенаторга огоҳлантириш бериш;
– депутатдан, сенатордан тегишинча Қонунчилик палатаси, Сенат, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш;
– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига депутат, сенатор томонидан йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш;
– депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида халқ вакилларининг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат бўйича бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолиниши ҳам кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси ялпи мажлисда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Мавзуга оид