27 октябрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлиги сайловлари бўлади. Kun.uz мамлакатдаги бешта сиёсий партия вакилларини дебатга таклиф этди. Йиғилганлар таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика муаммоларидан тортиб, коррупцияга қарши курашиш, солиқ сиёсати, экология, коммунал хизматлар, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати, бошқарув тизими юзасидан қарашларини маълум қилди.
Дебат 4 раундда ўтказилди. Ҳар бир раунд учун регламент белгиланди ва модератор вақтга амал қилинишига эътибор қилиб борди.
1-раунд
Биринчи раундда бешта сиёсий партия вакилларига сайловолди дастурининг устувор йўналишларини томошабинларга таништириш учун имконият берилди.
Марказий сайлов комиссияси рўйхати бўйича ЎзЛиДеП вакили Бобур Бекмуродов биринчи бўлиб бошлаб берди ҳамда партия илгари сураётган ғояларга тўхталди. Рўйхатга мувофиқ “Миллий тикланиш” ДП, Ўзбекистон Экологик партияси, ХДП ҳамда «Адолат» СДП вакиллари чиқиш қилишди.
2-раунд
Иккинчи раундда ҳар бир партия вакилларига давлатнинг ижтимоий-иқтисодий бошқарувидаги муаммолар ва вазиятдан келиб чиқиб, энергия манбаларига бўлган талаб ҳамда коррупцияга қарши кураш масалаларига нисбатан ҳар бир вакилнинг муносабати эшитилди.
ЎзЛиДеП вакилига кўра, энергияга бўлган талабни қондириш учун партия қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини сезиларли оширади.
“Яқин йилларда энергияга бўлган талаб 35 фоизга ўсди. Электр энергиясининг 75-80 фоизини газ ёқиб, ишлаб чиқарамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан 7 та вилоятда умумий қиймати 2,4 ГВт бўлган 9 та қуёш электростанциялари ва 1 та шамол электр станциясини ишга туширдик. Республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини 2,5 бараваргача ошириб, жами энергияда уларнинг улушини 40 фоизга етказишни ният қилганмиз. Жамоат транспорт воситалари, саноат корхоналари ва йирик ишлаб чиқарувчиларга яшил сертификатлар жорий қилиш ва энергияни тежашга алоҳида эътибор қаратамиз”, - дейди депутатликка номзод Бобур Бекмуродов.
“Миллий тикланиш” ДП вакили Нодир Тилаволдиев фикрича, Марказий Осиё давлатлари энергия ресурслари паст 20 давлат қаторига киради, муаммо жиддий.














