Жаҳон | 13:27 / 13.03.2021
10323
3 дақиқада ўқилади

Жорж Флойднинг оиласи 27 миллион доллар товон пули олади

Миннеаполисда ҳалок бўлган афроамерикалик Флойднинг оиласига товон пули тўлашга қарор қилинди. Флойд оиласининг адвокати буни АҚШ тарихидаги энг қиммат келишув деб атади.

Фото: Getty Images

Миннеаполис шаҳри маъмурияти полициячи бўғиб ўлдириб қўйган Жорж Флойднинг оиласига 27 миллион доллар миқдорида товон пули тўлайдиган бўлди. Шаҳар кенгаши 12 март, жума куни бир овоздан шундай қарорни маъқуллади.

Тўлов Флойд оиласи аъзолари судга даъво чиқармасидан аввал амалга оширилади. “Бу тарихий келишув. АҚШ тарихидаги куч ишлатиб ўлдириш бўйича фуқаролик даъвоси бўйича судгача бўлган энг катта келишув. Жорж Флойднинг ҳаёти аҳамиятга эга бўлган, демакки, қора танлилар ҳаёти ҳам аҳамиятга эга (асли Black Lives Matter – таҳр.)”, дея изоҳ берган марҳумнинг оиласи адвокати Бен Крамп.

Флойднинг ўлими ва BLM протестлари

Жорж Флойд ўтган йил 25 май куни Миннеаполис шаҳрида полиция ходими Дерек Шовиннинг тўққиз дақиқа мобайнида уни тиззаси билан бўғиб тургани оқибатида вафот этди. Флойднинг ўлими гувоҳларнинг видеоёзувлари туфайли кенг муҳокамага сабаб бўлди. Асосий фигурантга иккинчи даражали қотиллик айби, қолган уч кишига қотилликка ёрдам бериш айби қўйилди. АҚШ қонунчилигига кўра, иккинчи даражали қотиллик қасддан, лекин аввалдан ўйланмаган лоқайдлик ҳолатида, жисмоний зарар етказиш ниятида содир қилинган бўлади. Барча айбланувчиларга узоқ муддатли қамоқ жазолари белгиланиши кутилмоқда. Дерек Шовин устидан суд жараёни 8 март куни бошланган.

Миннесота штатининг энг йирик шаҳрида содир бўлган фожиа ортидан мамлакатда Black Lives Matter шиори остида ирқчиликка ва полиция куч ишлатишига қарши норозилик ҳаракатлари авж олди. Намойишлар тартибсизлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Кейинчалик бу каби намойишлар бошқа давлатларда ҳам кузатилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид