17:14 / 30.03.2024
17164

Ҳукумат қарори қабул қилинди: Тошкент ҳавоси Деҳли ёки Мумбайга айланиб қолмаслиги учун нималар қилинади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этилади. 

Унга кўра, ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик зоналарга ажратиб борилади. 

Транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражаси автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностик текширувдан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра уларга қалбакилаштиришдан ҳимояланган ва электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга ажратиб борилади. 

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловлари жорий этилади ёхуд улардан фойдаланишни чеклаш ва тақиқлаш чоралари кўрилади. Ундирилган жарима тўловлари эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга йўналтирилади.

«Экологик транспорт» тизими учта босқичда жорий этилади: 

  • биринчи босқичда (2024-2026 йилларда) — Тошкент шаҳрида;
  • иккинчи босқичда (2026-2028 йилларда) — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда заруратга кўра алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
  • учинчи босқичда (2028-2030 йилларда) — бошқа барча ҳудудларда.

Автомобилларни диагностик текширувдан ўтказиш ва натижасига қараб электрон стикер бериш ҳудудлардаги ЙҲХХ бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида бепул амалга оширилади. Экологик стикерларга эга бўлган автомобил эгалари транспорт воситаларини бир йилда бир маротаба ихтиёрий равишда диагностик текширувдан қайта ўтказиши ва электрон стикер олиши мумкин бўлади.  

Диагностик текширувдан ўтказиш ва электрон стикер бериш жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 

  • 2027 йил 1 январга қадар — Тошкент шаҳрида;
  • 2029 йил 1 январга қадар — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда экологик зоналарга ажратилган алоҳида экологик зоналарда;
  • 2031 йил 1 январга қадар — бошқа барча ҳудудларда;

Шунингдек, шошилинч ва тезкор транспорт воситалари, жамоат транспортидан барча экологик ҳудудларда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланилади. Аҳолига «зарарли» тоифадаги транспорт воситаларини «тоза» тоифадагисига алмаштириш учун субсидия бериш тизими жорий этилади.

Top