Ўзбекистон | 11:07 / 09.02.2021
4511
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган дўконлар ташкил этилади

Президент “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қайд этилишича, “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республика ҳудудларида ва хорижий давлатларда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконларини ташкил этиш ва унинг электрон савдо платформасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

“Multibrand” дўконларини республика ҳудудларида ва хорижда ташкил этиш ҳамда унинг электрон савдо платформасини яратиш, шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоларининг етакчи электрон савдо платформаларида маҳаллий чарм маҳсулотларини жойлаштириш бўйича харажатларини Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширишга розилик берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда янги ташкил этилаётган “Multibrand” дўконларининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказий шаҳарларида аҳолига қулай жойларда жойлаштирилишини таъминлайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан биргаликда “Multibrand” дўконларини хорижий давлатларда ташкил этиш бўйича тегишли чораларни кўради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг “Ойбек-автойўл” (Тошкент вилояти)
ва “Сариосиё-автойўл” (Сурхондарё вилояти) чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда эксперимент тариқасида маҳаллий тайёр маҳсулотлар савдосига ихтисослаштирилган савдо нуқталарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ушбу савдо нуқталарида фаолият юритадиган тадбиркорлар томонидан реализация қилинадиган ҳамда қўшни давлат ҳудудига олиб чиқилган товарлар экспортга тенглаштирилади.

Мавзуга оид