Президентнинг “Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент ва Жиззах вилоятларида чарм-пойабзал кичик саноат зонаси ҳудудини кенгайтириш орқали, чармни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган чарм-пойабзал саноати кластерларини ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.
Шу сабабли Оҳангарон туманида 15,7 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилди, дея хабар бермоқда “Ўзчармсаноат” уюшмаси.

Шунингдек, чарм-саноат технопарки дирекцияси ташкил этилган. Расмий хабарга кўра, бугунги кунда мазкур кичик саноат зонасида 7 ташаббускор томонидан 23 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 31,5 млн долларни ташкил қилади
“Маҳаллий тадбиркорлар билан бир қаторда Россия, Хитой, Туркия компаниялари ушбу ҳудудда ўз лойиҳаларни амалга оширади.
Кичик саноат зонасида автоматлаштирилган кушхона, терини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот олишга ихтисослашган кластер, пойабзал ишлаб чиқариш корхоналари ва жунни қайта ишлаш заводлари жой эгаллайди”, - дейилади хабарда.
Уюшма айни вақтда Савдо-саноат палатаси, Халқ банки ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида кичик саноат зонасида сув тозалаш иншоотларини барпо этиш бўйича Хитой компаниялари билан музокаралар ўтказилаётганини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Президент қарори билан Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан саноат зонасига ёндош ҳудудлардан яна 20 гектар ер майдонини ажратиш ишлари бошланган.
Ер майдонлари ажратилгач аукционга қўйилади. Ҳозирда уюшма томонидан янги ташаббускорларнинг таклифлари ўрганиб чиқилмоқда.
Жиззах ва Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат зоналаридаги тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилади?
Президент қарори















