Ўзбекистон | 15:41 / 10.07.2020
8452
6 дақиқада ўқилади

«10 июлдан Нурафшон шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ва чиқиш тўхтатилди» – Тошкент вилояти ҳокими аҳолига мурожаат қилди

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов вилоят аҳлини карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сони у раҳбарлик қилаётган ҳудудда ҳам ўсиб бораётгани, кейинги бир ҳафтада 217 нафар инсонда мазкур хасталик аниқлангани, кунлик ўсиш ҳажми 2-3 баробарга ўсиб кетаётганини қайд этган.

«Жорий йилнинг 10 июль куни соат 00:01 дан бошлаб ҳар қандай транспорт воситаларида Нурафшон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Нурафшон шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят туман ва шаҳарларига чиқиш тўхтатилди.

Нурафшон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Нурафшон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Нурафшон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят бошқарма, идора ва ташкилотларида меҳнат қилаётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди», дейилади мурожаатда.

Ҳоким Тошкент вилоятидаги барча ишлаб чиқарувчи — бу саноат корхоналарими, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарми, иссиқхоналарми, тўқимачилик саноати корхоналарими ёки исталган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар бўлишидан қатъий назар, барча тадбиркорлик субъектлари учун юк ташувчи автомашиналар вилоят ҳудудида ҳеч қандай рухсатнома ва  тўсиқларсиз ҳаракат олиб бораётгани, шунингдек, вилоят ҳокимлиги, вилоят иқтисодиёт, молия, солиқ бошқармалари ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан ҳозирда коронавирус пандемиясидан азият чеккан тадбиркорлар учун солиқ таътиллари ёки имтиёзлари бериш бўйича аризалар қабул қилинаётганини алоҳида таъкидлаган.

«Вилоятда короновирус пандемиясининг ҳудуд иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида ҳам алоҳида штаб фаолият олиб бормоқда. Иқтисодий блок ходимлари тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб бормоқда. Вилоятда аксарият кўнгилочар, спорт, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, озиқ-овқат ва буюм бозорлари фаолияти тўхтаб қолгани билан барча ишлаб чиқариш корхоналари, озиқ-овқат билан савдо қилувчи нуқталар, дорихоналар, тиббиёт масканлари фаолиятини давом эттирмоқда. Айнан шу муассасаларда фаолият юритувчи фуқароларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кириши ёки чиқиши учун шароитлар яратилган.

Барча тижорат банклари тадбиркорларимизга ажратилган кредитлар бўйича тўловлар муддатларини узайтириш чораларини кўрмоқда. Бугунги кунга қадар 7 минг 142 та тадбиркор ва 135 минг  нафардан ортиқ жисмоний  шахснинг 1 трлн. 498 миллиард сўмлик кредит муддатлари узайтириб берилди.

Бундан ташқари, штаб аъзолари томонидан экспортчи корхоналарга бюджетдан қўшилган қиймат солиғини қайтариш, вақтинча даромадидан маҳрум бўлган соҳа (айниқса, туризм соҳаси) ходимларини қўшимча бюджет маблағлари ҳисобидан жамоат ишларига жалб қилиш ёки бошқа ёрдамлар бериш каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам тизимли  иш олиб борилмоқда.

Яна бир муҳим масала, бу бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлашдан иборат. Минг афсуски, эл бошига мана шундай синовли кунлар тушганидан, озиқ-овқат ва истеъмол товарларига бўлган талабнинг ошиб бораётганидан фойдаланиб қолишни ўйлайдиган айрим инсофсиз  тадбиркорлар томонидан нархлар асоссиз равишда ошириб юборилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бу борада тегишли хизмат ходимлари томонидан назорат тадбирлари янада кучайтирилади ва вилоятда нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Шунингдек, тиббий ниқоблар, антисептик воситалар ҳам дорихоналаримизда етарли. Уларни ишлаб чиқариш учун барча ресурслар ўзимизда мавжуд, уларни тайёрлаш ва марказлашган холда дорихоналар ва савдо нуқталарига етказиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди», деб айтган Рустам Холматов.

Мурожаатда вилоятдаги 20 мингдан ортиқ фуқароларимиз кам даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги инобатга олинган ҳолда “Саховат ва кўмак” лойиҳаси ташкил этилгани, карантин даврида ижтимоий  аҳволи оғирлашган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги мавжуд бўлган оилаларга саховатли тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан 2 млрд. 957 млн. сўм миқдоридаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилгани қайд этилиб, ушбу хайрли ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши маълум қилинган.

«Жорий йилнинг 2 февралидан шу кунга қадар чет элдан чартер рейслари ҳамда чегара постлари орқали мамлакатимизга олиб келинган жами 70 мингга яқин ватандошимиз карантин зоналарига жойлаштирилган. Жумладан, айни пайтда Юқори Чирчиқ карантин полигонида 14 минг 830 нафар фуқаро стационар шароитда тиббий кузатувга олинган. Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда бошқа тиббиёт муассасаларида эса жами 563 нафар фуқаро карантин муддатларини ўтамоқда. Яна 8 мингдан зиёд фуқаро уй шароитида карантинда қолмоқда.

Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролардан 966 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган бўлиб, шундан 586 нафар фуқаро соғайиб тиббий реабилитация марказларига ва яшаш манзилларига жўнатилди. Бугун вилоятимиздаги тиббиёт ва карантин муассасаларида кечани кеча, кундузни кундуз демай, 49 нафар врач, 836 нафар ҳамшира, 690 нафар кичик тиббий ва техник ходим, жами 1574 нафар саломатлик посбонлари бу офатга қарши жиддий кураш олиб бормоқда», дейилади Тошкент вилоят ҳокимининг аҳолига йўллаган мурожаатида.

Мавзуга оид