Жамият | 12:43 / 12.07.2021
5091
2 дақиқада ўқилади

Халқаро конференция муносабати билан 15-16 июль кунлари Tаshkent city атрофидаги кўчалар ёпилади

15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция муносабати билан айрим кўчалар ёпилади.

Хусусан, тадбирни ўтказиш жараёнида 15 ва 16 июль кунлари Tashkent city мажмуаси атрофидаги қуйидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракатланиши учун ёпилади:

  • Ислом Каримов кўчаси: Туроб Тўла кўчасидан Фурқат кўчасигача бўлган қисми;
  • Фурқат кўчасининг маҳаллий йўли: Ислом Каримов кўчасидан Навоий кўчасигача;
  • Олмазор кўчаси: Бешёғоч кўчасидан Навоий кўчасигача бўлган қисми.

Бундан ташқари, ушбу кўчаларга туташ йўлларда ҳаракатланиш вақтинча чекланиши мумкин. Вужудга келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга бошқа айланма йўллардан фойдаланиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбирида 600дан ортиқ иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Тадбирга Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани ва Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон ташриф буюради. Шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел, 20дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид