Жамият | 15:33 / 08.02.2021
70134
9 дақиқада ўқилади

Ботокс, филлер ва бошқалар. Гўзаллик қурбонликка арзийдими?

Гўзаллик қурбонлик талаб қилиши рост. Опа-сингилларимиз чиройли бўлиш учун ҳатто тиғ остигача келишга розилар. Аммо аксарият аёл-қизлар сунъий йўл билан гўзал ташқи кўринишга эришишга уриниб, ўз саломатликларини хатарга қўяётганликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Фото: REUTERS/Costas Baltas

Косметология олами шунчалик илгарилаб кетдики, кампирни қўғирчоқдай ҳурлиқога айлантириб қўйишга-да қодир. Бугунги кунда модага айланиб улгурган лаб ва юзни шишириб, ўзига хос шакл берувчи ботокс, филлер ҳақида эшитмаганлар кам бўлса керак. Юз қаришини сунъий тўхтатувчи витаминлар қабул қилганлар ҳам учраб туради. Хўш, бу воситалар нимаси билан аёлларни ўзига жалб этмоқда?

Ботокс, филлер ва бошқалар ҳақида қисқача

Ботокс – бу юздаги ажинларни йўқотиш ва лабни шишириш учун юз мушакларига юбориладиган нейротоксин. Ушбу препарат мушакларни бўшаштиради ва терини текислайди. Ботокс динамик ажинлар пайдо бўлишини камайтиради, терининг силлиқ ва ёш кўринишига ёрдам беради. Жараён жарроҳлик усулида эмас, амбулатор шароитда қисқа вақт ичида амалга оширилади.

Филлер ҳам юздаги ажинларни йўқотишга хизмат қиладиган инъекцион нейротоксиндир. Филлер инглизчадан “тўлдирувчи” деб таржима қилинади ва ўз номига кўра теридаги ажинлар ўрнини тўлдиради.

“3-4 ойлик косметология курсларини тамомлаганлар ботокс, филлер ва бошқа инъекцион муолажаларни бажара олмайди”

Косметолог Дилдора Нуриддинова:

“Лаб соҳасига филлер ишлатилса, юздаги ажинларни йўқотиш учун ботоксдан фойдаланилади. Филлер микроминерал, витаминлар, гиалурон кислотасидан иборат. Ботокс таркибида токсин моддаси бўлган, шўр сув (физраствор) билан қўшиб ишлатиладиган кукун ҳисобланади. Ботокс ажинларни “ёйиш”, мушакларни вақтинча қотириб қўйиш учун ишлатилади.

 Косметолог томонидан нотўғри препарат танланса ёки мижоз томонидан амалиётдан кейин тақиқланган ҳаракатлар қилинса, бу ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Муолажадан кейин мижоз амал қилиши керак бўлган шартлар бор. Маълум муддат давомида мижоз косметолог маслаҳатига риоя қилиши керак бўлади.

Юзга витамин юбориш муолажаси ҳам мавжуд. Ушбу усул 30 ёшдан ошган аёлларга юздаги коллаген моддаси миқдори камайиши сабабли юборилади. Коллаген камайиши оқибатида юз териси қуриши, ҳуснбузар, ажинлар пайдо бўлиши кузатилади. Витаминлар тери намлигини таъминлаб беради. Қабулимга келган мижозга муолажани қўллашдан олдин аввал унинг ёши, юз кўриниши, умумий ҳолатини ўрганиб чиқаман. Агар ушбу муолажаларга эҳтиёж бўлмаса, муолажани маслаҳат бермайман.

 Лаб, юзни шиширишда ёш тоифаси белгиланган. Ҳозирги кунда ёш қизлар орасида лабни шиширадиган филлерга қизиқиш кучаймоқда. Лекин 20-21 ёшдан кичик хотин-қизларимизга бу муолажа тавсия этилмайди. Ботокс эса 25-30 ёшдан бошлаб қилинади. Ушбу муолажаларни ҳар 3-6 ойда олиш тавсия қилинади. Ботокс, филлер, юзга витамин юбориш нархлари қандай сифатдаги, турдаги препаратлар қўлланилишига қараб ўзгаради. Мижозларим учун юзга игнали витамин олиш муолажаси 300 минг сўмдан бошланади.

 Ҳозирги вақтда етарли тажрибага эга бўлмаганлар ҳам косметологик хизматларни кўрсатишяпти. 3-4 ойлик косметология курслари бу учун камлик қилади. Фикримча, тажриба орттириш учун камида 3-4 йил давомида изланиш керак. Ботокс, филлер, юзга витамин юбориш муолажалари инъекцион жараён бўлиб, бунда тиббий малака бўлиши керак”.

“Ташқи кўринишни ўзгартиришга мойиллик жисмоний жароҳатлар ва ижтимоий муҳит сабабли пайдо бўлади”

 Психолог Бобоёр Тўраев:

“Инсоннинг ўз ташқи қиёфасидан қониқмаслик ҳисси индивидуал тарзда ҳаётидаги ҳар хил вазиятларда вужудга келади ва турли сабаблар туфайли содир бўлади.  

Жисмоний нуқсонлар. Масалан, қайсидир органнинг нотўғри ишлаши, шаклининг туғма номутаносиблиги: бўй пастлиги, бармоқлар калталиги ва аксинча дарозлиги – бўйнинг ўта узунлиги. Шакл симметрияси бузилиши (гавданинг қийшиқлиги, бурун қийшиқлиги, кўз ва бошқа органлардаги нуқсонлар).

Меҳр-эътибор етишмаслиги. Ота-онасини йўқотган ёки ота-онаси, яқинларнинг ғамхўрлиги, меҳр-муҳаббатдан айро қолган болаларда бу ҳолат кузатилади. Ота-она эътибори, меҳрининг йўқлиги, уларнинг ўзлиги, қобилиятига бўлган ишончи пасайиши, кераксиз, журъатсиз ва “етук эмаслик комплекси” пайдо бўлишига сабаб бўлади”.

Мижоз ўз ташқи кўринишидан қониқмаса ёки соғлиғида нохуш ҳолат юз берганда кимга мурожаат қилиши керак?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ходими:

Мутахассис-косметолог мижозга хизмат кўрсатаётган вақтида ёки ундан кейин мижознинг ташқи кўриниши ёки соғлиғида турли асоратлар пайдо бўлса, мижоз Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига, судга ёки бошқа ваколатли органга мурожаат қилиб истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилганлиги учун ёрдам сўраши мумкин.

Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Муваффақиятсиз муолажа учун косметологга жавобгарлик борми?

 Етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган шахсларнинг ботокс ёки филлер муолажаларидан фойдаланиши тавсия этилмайди. Боиси муваффақиятсиз чиққан амалиёт инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Баданга (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) шикаст етказишда ифодаланган қилмиш соғлиққа етказилган зарарнинг оғирлик даражасига қараб маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортишга ҳам сабаб бўлиши мумкин. 

 Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига етказилган зарар зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

 Ўз ташқи кўринишини сунъий равишда ўзгартиришга ислом динида қандай қаралади?

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Абдулатиф Турсунов:

 “Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Аввалги аёлларнинг қилган пардозлари табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина ва ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган. Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги аёлларда ҳам сунъий пардозга берилиш ҳоллари урф бўлиб бормоқда.

Шариатимизда аёлларнинг қош ва юздаги тукларни териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирувчи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Баданга игна билан сурат чизувчи ва чиздирувчи аёлларга, қошни терувчи ва тердирувчи аёлларга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчи аёлларга ва Аллоҳ яратган (шакл)ларини ўзгартирувчиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин” (Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло яратган табиий хилқатни ўзгартирувчи аёлларга лаънат бўлиши таъкидланмоқда. Фуқаҳолар мазкур ҳадисга кўра, аёл киши қоши, юзи ва пешонасидаги тукларни олиши ёки олдириши шаръан ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош ва лаблар шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж, растушёвка ва ботокс қилдириш кабилар ҳам киради.

Оилали аёл эрининг рухсати билан юзидаги айбли ҳисобланган тукларини олиши жоиз. Айниқса, аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир, деганлар. Сабаби аёлнинг эри учун зийнатланиши шариат талабидир. Шунингдек, жумҳур уламолар аёл кишининг қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигини айтишган. Моликий мазҳаби фуқаҳолари эса бу ишни вожиб, дейишган.

Хулоса

Қадрли опа-сингиллар! Гўзаллик табиийликда эканлигини унутманг, ботокс, филлер ва яна бошқалардан фойдаланишдан олдин бунинг зарарли оқибатлари ҳақида чуқурроқ ўйланг.  

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид