Жаҳон | 17:26 / 06.06.2024
16131
11 дақиқада ўқилади

Французлар асир тушишга чақирилган плакат ва асирликда даҳшатли даражада озиб кетган украин. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 833-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • ГФР мудофаа вазири Борис Писториус Германия 2029 йилда Россия билан урушишга тайёр бўлиши лозимлигини айтди.
  • Суд блогер Анна Бажутовани Буча ҳақидаги стрим учун беш ярим йилга озодликдан маҳрум этди.
  • Журналист Дмитрий Колезев Буча ҳақидаги пост туфайли армия тўғрисидаги «фейк» моддаси бўйича сиртдан ҳибсга олинди.
  • Financial Times: агар Евроиттифоқ РФга қарши санкцияларни номаълум муддатга қадар узайтирадиган бўлса, АҚШ Россия активлари ҳисобидан Украинага кредит тақдим этишга тайёр.
  • Свердловск областидан сафарбар қилинган шахс 23 йилга қамалди. У қуролдошлари ухлаб ётган казармада граната портлатиб юборган.
  • Украина қуролли кучлари тунда россияликларнинг 22 та камикадзе дронини уриб туширганини маълум қилди. Полтава областида пилотсиз учар қурилма саноат объектига келиб урилди.
  • Ҳисобот: яқин 10 йилликда «Газпром» Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли йўқотилган газ сотиш ҳажмини тиклай олиши даргумон.
  • Бошқа мамлакатларда вақтинча яшаш рухсатномасига ҳамда қўшфуқароликка эга бўлган, ҳарбий хизмат ёшидаги украинларга Украинадан чиқиш тақиқланди.
  • Россияда диверсия жамияти иши бўйича илк ҳукм ўқилди. Икки фигурант ўсмирларни темирйўлларда ўт қўйишга ёллаш айблови бўйича 17 ва 22 йил муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
  • Москвада эронлик сайёҳ Украина байроғи акс этган либосда бўлгани туфайли армияни «обрўсизлантириш» протоколи бўйича жаримага тортилди.

Кун кадри. Россия асирлигидан қайтган украиналик

Россия ва Украина май ойи охирида феврал ойидан буён илк бор асирлар алмашинувини амалга оширди. Украинага 75 киши, жумладан Роман Горилик ҳам қайтган. Озиб тўзиб кетган Романнинг фотоси 4 июн куни Украинадаги «Хочу жит» проекти томонидан эълон қилинди. Маълум қилишларича, Горилик Чернобил атом электр станциясини қўриқлаш хизматида катта назоратчи бўлган. Уни ва АЭСни қўриқлаган Миллий гвардиянинг 168 ходимини россиялик ҳарбийлар 2022 йил мартида асир олишганди.

Асирлик чоғида Қизил хоч халқаро қўмитаси кузатувчилари Гориликнинг ҳам, алмашув доирасида қайтарилган бошқа асирларнинг ҳам ҳолидан хабар олишга келмаган. «Хочу жит»нинг қайд этишича, «бу Россия ҳукуматининг онгли равишда амалга оширилган ва мақсадли сиёсати» бўлган. «Атайлаб шундай қилинган, Қизил хоч Россия томони ҳарбий асирларга қандай муомилада бўлаётганини фиксация қила олмаслиги учун», — дейилади проект тарқатган баёнотда.

«Роман ва бошқа украиналик ҳарбий асирларнинг ҳолати даҳшат ва инсоният тарихининг энг зулматли саҳифалари — нацистларнинг концентрацион ўлим лагерлари билан ассоциация келтириб чиқаради», — дейилади баёнотда.

«Хочу жит» проекти
«Хочу жит» проекти

Киевда блэкаут

Россия қўшини мамлакатнинг турли қисмларидаги объектларга зарба бериб, Украина энергетика инфратузилмасини вайрон қилишга уринмоқда. Объектлардаги шикастланиш ҳолатлари туфайли Украинада аҳоли ва корхоналар учун электр энергия узатишда чекловлар қўлланмоқда. 3 июн куни Киевда сўнгги вақтлардаги энг қатъий чекловлар киритилди — энди ҳафта кунига қараб бир кунда 9 соатдан 12 соатгача электр бўлмайди. Энергетика тадқиқотлари маркази директори Олександр Харченконинг изоҳлашича, Украина пойтахтидаги муҳим инфратузилмалар кўплиги туфайли шундай чора зарур ва электр энергияси тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда бошқа истеъмолчиларга электр етказиб бериш қисқартирилади.

Киев кўчаларини ёритиш электр тежаш мақсадида вақтинча тўхтатилган. 2024 йил 5 июн
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Полтава ўққа тутилишидан кейин чиққан ёнғин

5 июнга ўтар кечаси Россия қўшини дронлар билан Полтава областига ҳужум қилди. Регион раҳбари Филипп Прониннинг сўзларига кўра, пилотсиз учар қурилмалар зарбаси туфайли Полтавадаги корхоналардан бирида ёнғин чиққан. Бир киши жароҳатланган. Пронин ўз телеграм-каналида аҳолини ҳаво тревогаси сигналларини эътиборсиз қолдирмасликка чақирган.

Полтавадаги корхонада Россия дрони зарбаси оқибатида чиққан ёнғин. 2024 йил 5 июн
Полтава области ФВДХ
Полтава области ФВДХ 800 квадрат метр майдонни ёнғин қамраб олганини маълум қилган. 2024 йил 5 июн
Полтава области ФВДХ

Ярадорни олиб чиқаётган украин ҳарбий шифокорлари

Россия қўшини Донецк областининг Часив Яр шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, аммо Украина қуролли кучлари йўқотишларга қарамай, мудофаани ушлаб турибди. Олдинги чизиқда ҳарбий шифокорлар ҳам жангчилар билан елкама-елка туриб хизмат қилмоқда ва ярадорларни қутқариш учун имкон доирасидаги барча ишларни қилишмоқда.

Украиналик ҳарбий медиклар Часив Яр яқинидаги вақтинчалик пунктда ярадорни эвакуацияга тайёрламоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images
Ҳарбий медиклар қуролдошлари автомобилда олдинги чизиқдан олиб чиқишга муваффақ бўлган ярадор жангчини қабул қилиб олмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images
Жангчи ҳарбий шифокорларга етиб келиши биланоқ унга биринчи ёрдам кўрсатилмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images

Донецк областидаги украин аскарлари

Лиман — Донецк областининг Луҳанск области билан чегарадаги аҳоли яшаш пункти. 2022 йил май ойи охирида Россия қўшини бу шаҳарчани эгаллаган, аммо ўша йил октябридаёқ Украина қуролли кучлари уни озод этишга муваффақ бўлган. Россия қўшини Лиманни мунтазам равишда ўққа тутмоқда. 1 июн куни шаҳарда беш киши, жумладан 14 ёшли ўсмир яраланган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин «сўнгги ҳафталарда ҳудудда вазият кескин ёмонлашгани» туфайли  Лимандан болалар эвакуация қилинишини билдирган. Украина қуролли кучлари бош штабининг 5 июн тонгидаги ҳисоботида айтилишича, Лиман йўналишида ўтган бир кун мобайнида украин ҳарбийлари рақиб ҳужумини қайтарган, «Невский ва Серебрянский ўрмонларида ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилмоқда».

Украина қуролли кучлари жангчиси Лиман йўналишидаги фронт чизиғида кетмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Лиман яқинидаги украин артиллериячилари
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина қўшинининг 152-мм калибрли «Мста-Б» гаубицаси. Қурол СССР даврида ишлаб чиқилган. Ҳозирда ундан ҳам украиналик, ҳам россиялик ҳарбийлар фойдаланмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина қуролли кучлари жангчиси Лиман яқинидаги фронт чизиғи учун ўқ-дори тайёрламоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Харкив областида инсонпарварлик ёрдами тарқатилиши

РФ қўшини Харкив областининг чегарадош ҳудудларида юришни давом эттиришга уринмоқда. Рус қўшини яқин келиб қолган аҳоли яшаш манзиллари аҳолиси қўллаб-қувватловга муҳтож. Уларга ёрдам кўнгиллилар ва хайрия ташкилотлари, жумладан «Малтия ёрдам хизмати» томонидан кўрсатилмоқда.

«Харкив сен билан» хайрия фонди кўнгиллилари Харкив области Катериновка қишлоғига «Малтия ёрдам хизмати»дан шахсий гигиена воситалари ва маиший кимё воситалари тўпламларини олиб келган
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Шахсий гигиена воситалари, уйда ишлатиладиган кимёвий моддалар, болалар тагликлари, гигиеник тагликлар ва катталар учун тагликлар — барча тўпламлар оилалар, ногиронлар ва қариялар учун тақсимлаб берилади, дея ёзади Харкивдаги «Думка» нашри
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Украинада 33 йилдан буён ишлаб келаётган «Малтия ёрдам хизмати» Харкив, Херсон ва Запорижжя областларида 55 мингдан ортиқ шахсий гигиена воситалари тўпламларини тарқатишни режалаштирган 
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
РФ қўшинларининг кенг кўламли босқини бошлангунига қадар Катериновкада 800 га яқин киши яшаган. Уруш туфайли аҳолининг катта қисми қишлоқни тарк этган, болалар эвакуация қилинган. Катериновкада, асосан ҳаёти хавф остида эканига қарамай, нисбатан хавфсиз жойларга кўчиб ўтишни истамаган кекса ёшли кишилар қолишган
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Франциянинг Москвадаги элчихонаси олдида пропаганда плакати

Москвада Болшая Якиманка кўчасидаги Франция элчихонаси яқинидаги жамоат транспорти павилёнига француз ҳарбийлари асир тушишга чақирилган плакат ўрнатилди. «Французлар, ўз аждодларингиз хатосини такрорламанг, уларнинг тақдирини биласиз», — дея ёзилган плакатда. Шунингдек, плакатга француз генерали, СС «Шарлеман» дивизиясининг 1945 йилда ўлдирилган командири Эдгар Пюонинг фотосурати қуйидаги ёзув билан бирга келган: «Бу французлар олдин ҳам нацистлар томонида туриб Россияга қарши жанг қилган». Плакатда шунингдек асир тушиш инструкцияси билан танишиш учун частота («Волга» 149.200) берилган.

Май ойи охирида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Франция украин ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш учун Украинага ўз инструкторларини юборишини маълум қилганди. Reuters маълумотига кўра, Франция инструкторлар жўнатиши ҳақида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ташрифи вақтида расман эълон қилади, у 6 июн куни 1945 йилда иттифоқчи кучлар Нормандияга туширилганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларида қатнашиш учун Парижга етиб келди. 1 июн куни Парижда Эйфел минораси атрофида «Украинадаги француз аскарлари» ёзувлари туширилган сохта тобутлар қолдириб кетилганди. Француз нашрлари маълумотига кўра, терговчилар Россия махсус хизматлари ушбу акцияга алоқадорлигини гумон қилмоқда. Франциянинг Москвадаги элчихонаси олдига плакатни ким ўрнатганига аниқлик киритилмаган, аммо бу ҳақдаги янгилик кўплаб нашрлар, жумладан ТАСС давлат ахборот агентлигида батафсил ёритилган.

Москва, Болшая Якиманка кўчаси. 2024 йил 4 июн
AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид