Жаҳон | 13:31 / 29.09.2024
17309
3 дақиқада ўқилади

Путин Россиянинг ядро доктринасини ўзгартирмоқчи. Бу амалда нимани англатади?

Россия президенти Владимир Путин РФнинг ядро доктринасига ўзгартиришлар киритилиши ҳақида гапирди. Унга кўра, Россия ҳудудига ҳар қандай қурол, ҳатто дронлар ёрдамида ҳужум қилинса ҳам, бу ядровий жавоб учун асос бўлади. Хўш, бу қанчалик реал? Таҳлилчи Шуҳрат Расул Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу борадаги ўз фикрлари билан бўлишди.

“Совет давридан бери Кремлдаги хавфсизлик кенгаши мажлислари махфий тарзда ўтказиларди. Узоқ йиллик бу анъана 25 сентябр куни бузилиб, кенгаш мажлиси очиқ намойиш этилди. Бу – Россия томонидан қўрқитиш учун қилинаётган таҳдидлар ҳисобланади. Бу каби баёнотларга сиёсатчилар ишонмайди.

Шу пайтгача ядро доктринасидаги энг асосий нуқта – Россияга нисбатан экзистенциал хавф туғилгандагина ядро қуролидан фойдаланиши белгиланган эди. Эндиликда эса ноядровий давлат ядровий давлатнинг кўмагида оддий қуроллар билан бўлса-да Россияга ҳужум уюштирадиган бўлса, бу ядро қуроли билан жавоб бериш учун асос бўлади. Путин мана шундай муждани бутун дунёга очиқ-ошкора баён қилди”, – дейди у.

Таҳлилчининг фикрича, бу таҳдиднинг реаллигига катта шубҳа мавжуд. Чунки ядровий қуролларнинг асосий хусусияти – қўрқитиш орқали тийиб туриш, улардан фойдаланиш эса ана шу хусусиятни йўққа чиқаради.

“Эртага, индинга, 10 кун ё 20 кундан кейин Украина бош штаби: “ие, мана, Россия энди битта дрон учиб ўтса ҳам, бизга ядро қуроли қўллаб юборар экан-да” деб, урушни тўхтатиб қўядими? Йўқ. Улар Ғарбдан талаб қилинаётган қуролларни оладиган бўлса, ҳозиргидан-да кўпроқ шижоат билан Россиянинг ичкарисида ҳарбий объектларни уришда давом этаверади”, – дейди Шуҳрат Расул.

Ядро доктринасига киритиладиган ўзгартиришлар расман кучга кириши учун ҳуқуқий жараёнлардан ўтиши, аниқроғи парламент тасдиқлаши керак. Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, парламентдаги муҳокамаларда ўзгаришлар депутатларнинг таклифи асосида Путин айтганига қараганда юмшоқроқ кўриниш олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Суҳбат давомида Шуҳрат Расул Россия ядро арсеналининг қисқа тарихи, таркиби ва салоҳияти ҳақида сўз юритди. Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видеода томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид