Фан-техника | 18:05 / 29.12.2024
3798
6 дақиқада ўқилади

Гигантлар рақобати, GPTга қўнғироқ, септиллион йиллик иш 5 дақиқада – Технодайжест

Технологик ривожланиш шунчалик шиддатли кечяптики, оёғинг остидан ер кетиб қолаётгандек бўласан киши. Бу ёқда Ғарб техногигантлари ўзларининг янгиликлари билан: баъзилари сунъий интеллектни ўқитиш учун бутунбошли атом электр станциялар энергиясини сотиб олишяпти – шунчалик катта энергия талаб қилади уларни ўқитиш. Бошқалари ўз роботлари билан бутунбошли заводларни одамсиз қилишмоқчи.

Бу ёқда эса Хитой ўзининг тўхтовсиз технологик ўсиши билан одамни қўрқитиб юборяпти: гўё яна озроқ вақт ўтади-ю, ҳаммамиз Хитой компартиясининг назоратига ўтамиз: ҳар биримиз ҳақимизда каттакон серверларлар ичида кичкина жой ажратилади.

“Эртага нималарга тайёр бўлишимиз керак?” – бу савол ҳаммамизни қизиқтириши керак. Бироз бўлса-да технодунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб туриш учун, Kun.uz'нинг “Технодайжест”ини кўриб боринг.

Квант компютери чипи

Google, "Willow" номли янги квант компютер чипини тақдим этди. Компания таъкидлашича, ушбу чип ҳозирда мавжуд компютерлар 10 септиллион йилда ҳал қиладиган масалаларни 5 дақиқада ечиши мумкин.

Септиллион қанақа рақам эканини биласизми? Бирдан кейин 24та нол қўйсангиз септиллион бўлади. Таққослаш учун: Коинотни юзага келтирган катта портлаш 15 млрд йил аввал бўлган дейишади олимлар. Бу эса 1дан кейин атиги 9та нол дегани. Бу сайёрадан қочиб кетгим келяпти...

Квант компютерлари анъанавий компютерлардан фарқ қилиб, квант заррачалари хусусиятини ишга солади. Бу нима дегани? Бу дегани “светни ўчириб ухланг” дегани!.. Нега? Чунки квант дунёсини мўъжизалар дунёси деб бемалол атасак бўлади. Масалан мазкур дунёда битта нуқтадан чиққан иккита заррачанинг биттасига таъсир қилсангиз, иккинчиси ҳам таъсирланади, бирови Коинотнинг бу чекасида, иккинчиси у чекасида бўлса ҳам. Ана шундай ажойиботларга тўла дунёни компютерга тиқишмоқчи!..

"Willow" чипи ҳали тажриба босқичида бўлиб, уни амалий дастурларда қўллаш учун ҳали кўп вақт ва маблағ талаб этилади. Google бу чипни, масалан, дори ишлаб чиқиш ёки ядровий фузион реакторларни лойиҳалаш каби мураккаб жараёнларни тезлаштиришда қўллашни режалаштирмоқда. Натижада ўнлаб йил кетадиган тадқиқотлар саноқли дақиқаларда ўтади, тушуняпсизми?

Инсоният тарихида сунъий идрокдан кейин навбатдаги янги бурилиш – квант компютерлар бўлиши мумкинлиги айтиляпти.

AI mode

Google Оpen AI’ни бир калла қўйиб ағанатмоқчи. У ўзининг браузерида битта қўшимча тугма киритмоқчи. Бу тугма — AI Mode (сунъий идрок режими) деб аталади. Ва “Аll” “Images”, “Videos” ва “Shopping” каби бўлимлар ёнида жойлашади.

Техно оламда ҳақиқий гигант мақомига интилаётган Google қидирув ва сунъий интелектни бирлаштиришга уринмоқда. Open AI’нинг уринишлари Google'нинг ичини қиздираётгани кўриниб турибди.

Хонадонлар учун янгича Face ID

Apple юзингингизга қараб таниб олувчи ақлли эшик қўнғироғи устида ишламоқда. Яъни сиз эшигингиз олдига келасиз, эшик сизни юзингизга қарайди ва очилади. Bloomberg’нинг хабар беришича, қурилма 2025 йил охирида сотувга чиқарилади. Ушбу қурилма Apple'нинг ақлли уй технологиялари соҳасида рақобатга киришганлигидан далолат беради.

PDF

Узундан узун PDF файлларни телефонда ўқиш энди муаммо эмас. Google Files иловасининг PDF файллар билан ишлаш учун янги функцияси қўшилмоқда.

Бунда PDF файлни очиб, Gemini’га мурожаат қилсангиз, экраннинг юқори қисмида “Ask about this PDF”, (“Ушбу PDF ҳақида сўраш”) тугмаси пайдо бўлади. У орқали Gemini’дан ҳужжат ҳақида саволлар сўрашингиз мумкин.

Ушбу функциядан фойдаланиш учун қурилмангизда Андроид 15 операцион тизими ўрнатилган бўлиши, Gemini Advanced обунаси ёқилиши керак. Бу функция wеб саҳифа ва you tube видеолар учун ҳам ишлайди.

ChatGPT’га қўнғироқ

Энди chatGPT’га тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиш мумкин бўляпти. Вой-дод, энди мен сунъий идрок билан тоғам билан гаплашгандек гаплашаманми? Бу янгилик ҳозирча фақат Америка ҳудудида ишлаяпти. Маълум рақамни териб, 15 дақиқагача суҳбатлашиш имконияти пайдо бўлди. У ёғи пуллик. Open AI вакили Тая Кристиансон компания ушбу қўнғироқларни ўзининг тизимларини яхшилаш учун ишлатмаслигига ваъда берди.Deep Research

Google ўзининг “Deep research”, яъни “Кенг қамровли тадқиқот”ини ишга туширганлиги ҳақида хабар бергандик. Энди эса унга 45 та тилни қўшди. Gemini Primium обуначилари 150 та мамлакатда фойдаланса бўлади.

Deep research – нима? Бу ресурс орқали сиз сунъий идрокга мураккаб маълумотларни излаш ва саралшингиз мумкин.

Гавҳар Зиёдуллаева.

Мавзуга оид