Ўзбекистон | 11:31 / 29.04.2024
20642
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат фони кўтарила бошлайди 

Ўзбекистон бўйича 29-30 апрел ва 1-3 май кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Бошланган иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Фарғона водийси вилоятларида эртага, 30 апрел куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, ўтган дам олиш кунлари ҳаво бироз салқинлашганидан сўнг, ҳарорат фони кўтарила бошлайди ва ҳафта ўртасидан кундуз кунлари +24...+29 даражагача, баъзи жойларда +31 даражагача исийди. Кечалари ҳарорат +10...+15 даражагача кўтарилади.

Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, 1 майда баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 29-30 апрел кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади. Баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, 2000 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Пойтахтда 29 апрелдан 3 майгача ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан ўртача тезликда эсади. Бугун ва эртага ҳарорат +21...+24 даража атрофида бўлади, 1-3 май кунлари +25...+29 даражагача кўтарилади. Ҳарорат кечалари +12...+15 даражани ташкил этади.

Мавзуга оид