Ўзбекистон | 20:44 / 18.12.2020
11892
3 дақиқада ўқилади

Zamin фонди дастури доирасида жами 23та жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, болаларнинг эшитиш қобилияти тикланди

2020 йилда «Zamin» фонди кўмагида кохлеар ва суяк имплантларини ўрнатиш бўйича 36та жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.

Фото: Zamin фонди

Эшитиш қобилияти тўлиқ йўқотилишининг энг кенг тарқалган ҳолати ички қулоқ чиғаноғининг шикастланишидир. Бугунги кунда бундай ташхис қўйилган инсонларда реабилитация ва эшитиш қобилиятини тиклашнинг ягона усули кохлеар имплантация ҳисобланади.

ЖССТнинг тавсиясига кўра, ушбу имплантларнинг мавжудлигини таъминлаш – эшитиш аппаратлари билан бир қаторда, устувор йўналишлардан бири бўлиб, эшитиш қобилиятини йўқотганлар учун катта аҳамиятга эга.

2020 йилнинг 1 июнида «Zamin» фонди эшитиш қобилияти заиф ва кар болалар ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун кохлеар имплантларни ўрнатиш бўйича ҳар йили 30 та жарроҳлик амалиётини ўтказишни назарда тутувчи дастур ишга туширилганини эълон қилганди.

Фонд тарқатган релизга кўра, дастур доирасида июн-ноябр ойлари давомида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан биргаликда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 200 нафар ўқувчиларига комплекс ташхис кўриги ўтказилди.

Комплекс ташхис кўригининг натижалари асосида 2020 йилнинг ноябр ойидан сентябр ойигача 23 нафар болалар учун тиббиёт фанлари доктори, профессор, Владислав Евгеньевич Кузовков иштирокида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 19–20 декабр кунлари қолган 13 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Жами 36 та жарроҳлик амалиётидан 33 таси кохлеар имплантация, 3 таси эса суяк ўтказувчанлигини таъминлаб берувчи имплантларни ўрнатиш бўйича амалга оширилди.

Дастур, шунингдек, имплантларнинг кейинги босқич созланиши ҳамда болаларнинг логопедлар ва сурдопедагоглар билан шуғулланишини назарда тутувчи дастлабки реабилитация босқичини ҳам ўз ичига олади.

Мазкур йўналишда халқаро мутахассислар иштирокида шифокорлар ва ота-оналар учун онлайн маъруза ва семинарлар ўтказилди.

2020 йилнинг 18 декабр куни «Zamin» фонди Васийлик Кенгаши раиси Зироат Мирзиёева дастурда иштирок этаётган 36 нафар бола, уларнинг ота-оналари ва шифокорлар билан учрашди. Иштирокчилар жарроҳлик амалиётининг натижалари ва таассуротлари билан ўртоқлашди.

Фонд дастурига кўра, келгуси йилда ҳам ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари учун 30дан ортиқ кохлеар имплантация жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун, кохлеар имплант – эшитиш қобилиятини йўқотганлар учун атрофдаги товуш ва нутқни эшитиш имконини берувчи электрон қурилмадир. У икки қисмдан иборат: ички қисм жарроҳ тарафидан кар беморнинг қулоқ ичига ўрнатилади, процессордан иборат ташқи қисм эса беморнинг қулоғига ва/ёки бошига жойлаштирилади. Бу қурилма товуш, нутқни қабул қилиб олади ва уларни бош териси орқали эшитиш нервига таъсир этувчи ички қисмга узатади.

Бундан ташқари, эшитиш қобилиятининг кондуктив ва аралаш бузилиши ҳолатида, яъни товуш ташқи қулоқдан табиий равишда ички қулоққа ўта олмаса, суяк ўтказувчанлигини таъминлаб берувчи имплантлардан фойдаланилади.

Мавзуга оид