Жамият | 20:10 / 12.11.2024
4032
4 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева Бокуда ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди

Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева Озарбойжонда «Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги» мавзусида ташкил этилган форумда иштирок этди.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева жорий йилнинг иқлим сиёсати ва барқарор ривожланиш соҳасидаги асосий воқеасининг қатор тадбирларида иштирок этмоқда. Саммит доирасида «Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги» мавзусида форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Зироат Мирзиёева, Озарбойжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўған, Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Венгрия, БМТ тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, мазкур мамлакатларнинг ёш экофаоллари қатнашди.

Учрашув аввалида меҳмонлар экофаоллар томонидан ишлаб чиқилган «Индивисибле» («Бўлинмас») бадиий инсталляцияси билан танишди. Панно қуроқ техникасида ишланган бўлиб, ундаги ҳар бир мато парчаси мамлакатлар учун ноёб бўлган ва йўқолиб бораётган ўсимликни англатади. Табиий меросни асраб-авайлашга даъват этувчи ушбу лойиҳа табиат ва инсоният бўлинмаслигини ёдга солади.

Ўзбекистон биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз нутқида қардош Озарбойжон ҳукумати ва халқини СОР-29 юксак савияда ташкил этилгани билан табриклади, шунингдек, Ҳайдар Алиев жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган қўшма форумни шахсан қўллаб-қувватлагани учун биринчи вице-президент, биринчи хоним Меҳрибон Алиевага миннатдорлик билдирди.

Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ёш авлод – гўдаклар, болалар ва ўсмирлар ҳаётига катта таъсир кўрсатаётгани, уларнинг миллионлаб тенгдошлари табиий офатлардан, қурғоқчиликдан, сув ва озиқ-овқат танқислигидан ҳар куни азият чекаётгани қайд этилди.

«Бу ҳодисаларга қарши курашни ёш авлодсиз, унинг онгли ва фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу нуфузли минбардан туриб, бугун Марказий Осиё ва Туркий халқлар ёшлари ҳам мана шу глобал ҳаракатнинг ажралмас қисми сифатида шаклланаётганини қайд этиш менга катта фахр бағишлайди», — деди Зироат Мирзиёева.

Тадбир давомида Ўзбекистон, Венгрия, Озарбойжон, Тожикистон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон экофаоллари ҳукуматларни ёш авлоднинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга чақирувчи баёнот билан чиқди. Шунингдек, ёшлар минтақавий, шу жумладан Ўзбекистонда ўтказилган экологик оромгоҳлар давомида ишлаб чиқилган иқлимга оид ташаббусларини тақдимот қилди.

«Форумнинг асосий воқеаси – Ўзбекистон, Озарбойжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия томонидан 2024-2030 йилларда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича халқаро стратегиянинг имзоланиши бўлди.

Ёш экофаолларнинг тавсияларига асосланган ушбу ҳужжат иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларида давлат органлари, таълим муассасалари, жамоат ва илмий ташкилотлар, болалар ва ёшлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик учун глобал замин яратишга қаратилган. Стратегия ёш авлоднинг экологик ташаббусларда фаол иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга, жумладан, экологик таълим ва «яшил» кўникмаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид