Ўзбекистон | 12:55 / 08.07.2019
22144
2 дақиқада ўқилади

Алихонов: Ўзбекистондаги АЭС ҳатто устига самолёт тушишига ҳам дош бера олади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов Жиззах вилояти Фориш тумани аҳолисига ҳудудда қурилиши мўлжалланган АЭС ҳеч қандай таҳдид туғдирмаслигини кафолатлади.

«Биз қурмоқчи бўлган станция 9 баллик зилзилага бардош беради. Ҳаттоки, самолёт станция устига тушган тақдирда ҳам, у ўз ишини давом эттириши мумкин », - деди Алихонов якшанба кунги жамоатчилик эшитувларида.

Унинг сўзларига кўра, АЭС хавфсизлиги 21та пассив ва актив тизимлар билан таъминланади. Депутатнинг ишонтиришича, атроф-муҳитга ҳам ҳеч қандай таҳдид йўқ.

«Венгрияда сув Дунайдан олинади. Уни ҳеч қандай тозалашсиз қайта туширишади, сабаби радиоактив моддалар билан алоқаси бўлмайди. Гарчи у трансчегаравий сув ҳавзаси бўлса-да - Амударёдан кўра ҳажми икки баравар кўп. Бу жиҳатдан экологик хавфсизлик жуда юқори. Халқаро атом энергияси агентлиги «3+» технологиясини энг ишончли деб бекорга тан олгани йўқ», - дея қўшимча қилиб ўтди Алихонов.

Ўзбекистондаги биринчи АЭС ҳар бири 1 200 МВт қувватга эга «3+» авлодидаги 1200-сув энергетик реакторли энергоблокдан иборат бўлади. Биринчи энергоблокни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилмоқда, иккинчиси - 2030 йил.

Ўзбекистон ва Россия атом электр станцияси учун қурилиш майдончасини аниқлади. Бу Жиззах вилоятининг Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд бўлади.

Мавзуга оид