Бироқ бу Франциядаги овқатланиш столлари радиоактив ошхона жиҳозлари билан тўлдирилишини англатмайди. Компания фақат “жуда паст фаолликдаги” металлар чўян ёки пўлатга айлантирилишини маълум қилди. Қолган материаллар эса ядровий чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига юборилади, деб ёзади Euronews.
Янги қайта ишлаш маркази тасдиқланган тақдирда, у ёпилган АЭС ёнидаги 15 гектар майдонга қурилади.
“Бу қирқ йил давомида 500 минг тонна фаоллиги паст радиоактив металларни қайта ишлаш имконини беради”, — деди Фессенҳаймдаги EDF заводининг собиқ директори Лоран Жарри Франциянинг Reporterre ахборот сайтига.
Айримлар радиоактив материаллар ҳеч қачон хавфсиз бўлмаслигини таъкидламоқда
Паст фаолликдаги металлар — ядро объектлари демонтаж қилингач ёки ишлатилгандан сўнг, ёхуд табиий радиоактив материаллардан фойдаланадиган оддий ишлаб чиқариш жараёнларидан қолган шағал, тупроқ ёки металл парчаларидир.
Бундай материаллардан қутулиш ишлаб чиқарувчилар учун доим бош оғриққа айланади, чунки бошқа ечим топилмаса, уларни узоқ муддат сақлаш учун пул сарфлашга тўғри келади.
EDF режалари Францияда биринчи марта киритилаётган таклиф бўлса-да, Швеция, Германия ва АҚШ аллақачон шунга ўхшаш технологиядан фойдаланиб, металларни қайта ишлатиш учун қуйма ҳолатга келтиришдан олдин уларни радиоактивликдан “тозалаш” усулини қўлламоқда.
Аммо ҳамма ҳам радиоактив материалларга иккинчи ҳаёт бериш ғоясини қўллаб-қувватламайди. Шу сабабли жамоатчилик ҳозирдан бошлаб 2025 йил февралигача лойиҳага овоз бериши мумкин.
Ядрога қарши энергетика тарафдорларининг таъкидлашича, радиоактивликнинг хавфсиз чегараси йўқ ва ҳатто энг паст доза ҳам инсон саломатлиги учун хавф туғдиради, масалан, саратоннинг баъзи турлари ривожланиш хавфини оширади.
Шу сабабли қайта ишлаш заводини ишга тушириш учун Франция соғлиқни сақлаш кодексига тузатишлар киритиш талаб этилади. Бундан ташқари экологик назорат органларидан рухсат олиш керак бўлади.
Франция қонунчилигидаги ўзгаришлар паст радиоактив чиқиндиларни айрим ҳолларда қайта ишлаш мумкинлигини англатади














