Жаҳон | 20:27 / 26.04.2022
25098
2 дақиқада ўқилади

Британиялик вазир Украина Россиядаги нишонларга ҳужум қилишга ҳақли эканини айтди

Вазирнинг фикрича, шу йўл билан рус армияси таъминотидаги занжир узилиб, Украина заминида қон тўкилиши ва қурбонларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Фото: Michael Mayhew/Allstar

Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари, мамлакат қуролли кучлари вазири Жеймс Ҳиппи «Украина заминида ўлим ва қон тўкилишига бевосита ҳисса қўшадиган таъминот занжирларини узиш» мақсадида Украинанинг Россия ҳудудидаги объектларга зарба беришини «мутлақо қонуний» деб атади.

The Guardian нашрининг ёзишича, вазир бунинг учун Буюк Британия томонидан етказиб берилган қуроллардан фойдаланилиши муаммо бўлмайди, деб ҳисоблайди.

«Бизнинг (Британия) қуроллар украиналиклар томонидан Россиянинг қонуний ҳарбий нишонларига қарши қўлланишини қабул қилиш мумкинми, деган савол ташланмоқда? <…> Мўлжални украинлар олади, қурол ишлаб чиқарувчи ёки экспортёр эмас», — дея унинг сўзларини келтиради BBC.

Ҳиппи Россия ҳам таъминот занжирларини йўқ қилиш учун Украина ғарбидаги нишонларга зарба бериши қонуний эканини қайд этган. «Бу урушнинг бир қисми ҳисобланади», — деган у.

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудлари, жумладан Белгород ва Брянск областлари расмийлари Украина томонидан мунтазам равишда зарба берилаётгани ҳақида хабар бериб келмоқда. Украина эса бу айбловларга изоҳ бермаяпти

Мавзуга оид