Петербургда ёнғин вақтида одамларни қутқарган ўзбекистонликка сурат совға қилинди
Асли Фарғона вилоятидан бўлган Олимжон Иброҳимов муқаддам ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилган, Россияда олдин ҳам ёнғин вақтида бир аёлни қутқарган, ўшанда унга фахрий ёрлиқ берилганди.
Санкт-Петербургнинг Адмиралтейск райони маъмурияти Подолская кўчасидаги уйда чиққан ёнғин вақтида бир неча кишини қутқариб қолган ўзбекистонлик ишчига (дворник) миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда район раҳбари Сергей Оверчук «ВКонтакте»даги саҳифасида маълум қилган.
Хабарда аниқлик киритилишича, кўча тозаловчи ишчига «ёш адмиралтейсклик» томонидан Олимжон учун махсус чизилган, район манзараси акс этган картина совға қилинган.
«Адмиралтейск райони ўт ўчириш хизмати қисмида район раҳбари Сергей Оверчук ёнаётган уйдан одамларни қутқарган дворникка миннатдорчилик билдирди. Дворник Олимжон Ибрагимов уйлардан бирининг деразасидан чиқаётган оловни кўрган ва ўт ўчирувчиларни чақирган. Унинг ўзи дренаж трубаси бўйлаб карнизга кўтарилган ва аёллар у ерда туришига, кейин ўт ўчирувчилар зинапояси бўйлаб тушишига ёрдам берган», – дейилади район маъмурияти матбуот хизмати хабарида.
Оверчук ўз саҳифасида жойлаштирган суратларда Иброҳимовга фахрий ёрлиқ ҳамда иш кийими ҳам берилганини кўриш мумкин.
«Ёрдам бериш бурчимиз»
Маҳаллий «Фонтанка» нашри 48 ёшли Олимжон Иброҳимовдан интервю олган. У ўз вақтида Фарғонада ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилганини билдирган.
«Биз ҳар куни, том маънода бир неча соатдан машқ қилардик. Мисол учун, бир қўл билан ушлаб, еттинчи ёки ҳатто тўққизинчи қаватга кўтарилиш ва кейин пастга тушиш керак бўларди. Мен 15 йил хизмат қилдим, бу менга қийин эмасди, ёқарди. Шу вақт мобайнида бокс бўйича спорт устаси ҳам бўлдим», – дейди у.
У қизини турмушга бергач, етти йил олдин хотини билан иш излаб Россияга келганини айтган. Айни вақтда хотини ва қизи ҳам у билан битта бригадада кўча тозаловчиси бўлиб ишламоқда.
Унинг айтишича, бу биринчи бор одамларни қутқариши эмас. Верейская кўчасида бир йилдан кўпроқ вақт олдин рўй берган ёнғинда бир аёлни қутқариб қолган. Ўшанда унга фахрий ёрлиқ беришганди.
«Ёрдам бериш бизнинг бурчимиз, Худо ҳаммани кўриб туради… Биз бу ерда одамларга тез-тез ёрдам берамиз… Ҳаммамиз тушунамизки, биз одамлармиз ва бир-биримизга ёрдам беришимиз керак», – деган у.
У иши қанчалик ўзига ёқиши ва маоши ҳақида сўралганида бундан шикоят қилмаслигини айтган.
«Мигрантлар ҳамма жойда шундай иш қилишади. Маошимиз кам, лекин бир-биримизга ёрдам берамиз. Биз меҳнаткашмиз. Ойига 45 минг [рубл] оламан, 10 минги патент ва рўйхатдан ўтиш учун сарфланади ва яна 10 мингни уй учун тўлайман. 25 минг яшашимиз учун қолади. Бу нормал — бу пулга яшаш мумкин», – деган у.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксари одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамон етарлича тақдирланмаганини айтиб, унинг учун хайрия йиғишни таклиф қилишган.
- Адмиралтейск райони Подолская кўчаси, 39-уйдаги ёнғин 25 апрел куни эрталаб соат 06:30 да рўй берганди — олов бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларига тарқалган. Олимжон Иброҳимов ёнғин пайтида фасаддаги трубадан учинчи қаватга кўтарилиб, бир неча кишини қутқариб қолган. Гувоҳлар томонидан олинган видеода у одамларни аввалига ёнғиндан карнизга олиб чиққани, шундан сўнг улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув зинапоясидан пастга тушишга муваффақ бўлганини кўриш мумкин. Беш қаватли бинодан жами 10 киши эвакуация қилинган, ёнғинни ўчиришга бешта ўт ўчириш машинаси ҳамда 22 нафар қутқарувчи жалб этилган.