Ўзбекистон | 19:20 / 16.01.2024
19401
7 дақиқада ўқилади

Пайариқда адвокат қайнукасини пичоқлади. Жабрланувчи томон у қамоққа олиниши керак деб ҳисобламоқда

Касби адвокат бўлган, ўзини “Пайариқ йўлбарси” деб атайдиган бу шахс аёли ва фарзандларини йиллар давомида калтаклаб келган. Агар бу ҳақда кимгадир шикоят қилса, акаси ёки укасини йўқ қилиш билан таҳдид қилган. У бу мудҳиш ниятини амалга оширишига оз қолди, қайнукасини пичоқлади. Бироқ ушбу қилмишидан кейин ҳам у очиқда қолмоқда.

Kun.uz’га шу мазмунда мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, 2023 йил 29 декабр кечаси эри томонидан калтакланган аёл укасини ёрдамга чақирган. Опаси ва жиянларини олиб кетишга борган йигит эса кутилмаганда поччасининг ҳужумига учраган: адвокат унинг қорин, бўйин ва бош қисмига пичоқ урган.

М. биз билан суҳбатда турмушига ўн йилдан ошгани, уч нафар фарзанди борлигини билдирди. Йиллар давомида калтакланиб келгани, унга ҳимоя ордери ҳам фойда бермаётганини айтмоқда.

“Касбим ўқитувчи, уйимизга яқин бўлган мактабда дарс бераман. Турмуш ўртоғимнинг хусусий адвокатлик фирмаси бор. У собиқ ички ишлар ходими. Аввалги иш жойидан ҳам касб этикасига амал қилмагани учун ҳайдалган. Мунтазам ичади ва ҳеч қандай сабабсиз мени, болаларимни калтаклайди. Кўп бор ажрашмоқчи бўлганман, аммо қўрқитиб келган.

“Органда танишларим кўп, укангнинг машинасига “дори” ташлаб, йўқ қилиб юбораман. Прокуратурага айтаман, аканги ишидан камчилик топади, қаматиб юбораман”, деб келади. Отам вафот этган, онам бетоб, онамдан ҳам ажралиб қолмайлик деб, сабр қилиб келдим.

Икки йилча аввал ўғлимнинг бошига капгир билан урди. Болам бошидан оғир жароҳат олиб, анча вақт даволанди. Бўйнимга пичоқ тираши, ўлдириш билан қўрқитишига, аёвсиз калтаклашига ўрганиб ҳам кетгандим. Бироқ ўғлимга чидолмадим. Иш судгача борди, ялиниб келди, бошқа такрорламайман, деб ваъда берди. Судда бизни яраштиришди.

Кўп ўтмай яна шу одатини бошлади. Уйга ичиб келади ва аямай уради. Баъзан ичмаган вақтда ҳам ўзини билмай қолади. Гиёҳванд модда қабул қилса керак, деб ўйлайман. Чунки ўша пайтда кўзига ҳеч нарса кўринмайди.

Ҳимоя ордери ҳам олиб кўрганман, заррача фойдаси бўлмаган. Ордер маълум муддатга берилади, бу вақт давомида ўзини бироз тутиши мумкин. Муддат тугагандан яна эски ишини бошлайди. “Ҳимоя ордеринг бўлса ҳам билганимни қиламан, нари борса 15 суткага қамалиб чиқаман. Лекин сени қўймайман”, дейди.

29 декабр куни кечаси яна асоссиз жанжал бошлади. Ичиб олганди. Бу сафар чидолмай, укамга телефон қилдим. У етиб келди. Қизларим билан укамнинг машинасига чиқдик. Шу пайтда дарвоза ёнида ўғлимни кутиб турган укамнинг олдига эрим чиқиб келди. Ёқалашиб кетишди, деб ўйладим. Укамни ошхона пичоғи билан пичоқлаган экан”, дейди аёл.

Шундан сўнг ички ишлар ходимлари чақирилган. Аёлнинг айтишича, ука шифохонага олиб кетилган, эри эса уйда қолган. ИИБ ходимлари адвокат эрига ўша вақтда ҳеч қандай таъсир чораси кўрмаган. Ариқ ичида ётган ошхона пичоғи ва бошқа далиллар шундоқ қолдириб кетилган.

“Эртаси куни ИИБ ходимлари келиб, воқеа жойини кўздан кечиришганда, пичоқ ариқдан ташқарида эди. Унда қон излари ҳам артиб ташланганди”, дея таъкидлайди аёл.

Опасини олиб кетиш учун бориб, пичоқланган ука айни вақтда Самарқанд вилоят шифохонасида даволанаётган экан.

“Поччамга шу вақтгача ёмон гапирмаганман. Ўша куни ҳам ортиқча гапирмадим, жиянимнинг чиқишини кутиб тургандим. Поччам қаршимга келди. Ҳали ҳеч нарсани англамасимдан қорнимга урди. Кейин бўйин қисмимга ураётганда, қўлимни тутдим. Нимадир қўлимга санчилганда билдим, поччамнинг қўлида пичоқ бор экан. Кўзойнагимни уриб синдирди, энгашган пайтимда бошимга пичоқ урди. Кейин қўлини ушлаб олдим, ёрдамга келишгунча шу ҳолатда қўлини қўйиб юбормадим. Қон кетаётганди, қўрқиб қолдим, қолган нарсаларни унча англолмайман”, дейди Ф.

Ф. дастлаб Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва унга дастлабки ёрдам кўрсатилган, қон тўхтатилган. 2024 йил 9 январга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида даволанган. Унга бош миянинг енгил даражали лат ейиши, ўнг тепа суягининг ёрилиб синиши ташхиси қўйилган.

Марказга ётқизилганда қўл кафтида тикилган жароҳат, кўкрак қисмида тирналиш бўлган. Шифохонадан чиққач, невролог назоратида даволаниш тавсия қилинган.

Унга 2024 йил 4 январ куни экспертиза тайинланган.

“Укамни Пайариқ туманида эрим билан ўн йиллардан буён ҳамкорликда ишлаб келадиган Воҳид исмли мутахассис экспертиза қилди. Мен у одамнинг холислигига умуман ишонмайман. Эрим адвокат бўлгани учун ҳам улар бир-бирини жуда яхши танийди. Иш юзасидан тез-тез учрашиб туришади.

Терговни ҳам туман прокуратураси олиб боряпти. Улар бу ишда асло холис бўлишолмайди. Сабаби, эрим кўп марта “бугун фалон терговчи билан ўтирдим, саунага бордик, фалон судя билан зиёфатда эдим”, деган гапларни айтган. Шу сабабли бу ишни бошқа холис ҳудуд ўрганишини илтимос қилардим”, дейди аёл.

Самарқанд вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми “м” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Мазкур моддада кўрсатилган жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

“Эрим Пайариқ туманида унга ҳеч кимнинг “тиши ўтмаслигини” айтиб келган. Ўзини Пайариқ йўлбарсиман, деб атайди. Ўзим учун ҳеч нарсани қизиғи қолмади, жонимдан ҳам қўрқмай қўйдим. Бироқ фарзандларим, укаларим, оилам учун жуда хавотирдаман. Иш туманда кўрилмаслигини сўрайман”, дейди М.

Аёлнинг ака-укалари ҳам “кўча қоидаларини” яхши биладиган адвокат куёвнинг кейинги ниятларидан хавотирда: улар ҳолатни вилоят прокуратураси назоратга олишини сўраб, куёвнинг қасддан содир этган жинояти оғирроқ қилмиш сифатида қайта малакаланган ҳолда ўзи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниши лозим деб ҳисоблашмоқда.

Ҳолат акс этган видеотасвир таҳририятга тақдим қилинган.

Мавзуга оид