Ўзбекистон | 15:00 / 17.10.2024
3127
2 дақиқада ўқилади

Робахон Маҳмудова Фарғонада нуронийлар билан учрашди

“Адолат” СДП етакчиси Фарғона шаҳридаги Сайлов тарғиботи тадбирлари доирасида "Нуронийлар маскани"даги отахон ва онахонлар билан учрашди. 

Фото: Адолат СДП

Робахон Маҳмудова жамият тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилиб, қадр топган қадри улуғлар билан дилдан суҳбатлашар экан, сўнгги йилларда кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш борасида кўплаб амалий ишлар қилингани, бу борада ҳудудларда шу каби "Нуронийлар маскани" қурилиб, фойдаланишга топширилаётганини алоҳида таъкидлади.

“Биз учун ҳаётингиз ва фаолиятингиз ибрат, айтган ҳар гапингиз ҳикмат десам, янглишмаган бўламан. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, сиз, сизлар тимсолингиздаги юртимиздаги барча кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш партиямизнинг келгуси беш йилликда ҳам устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуримизда кекса авлод ҳақида қайғуриш доимий диққат-эътиборимизда бўлишини инобатга олиб, бу борада кексаларга мўлжалланган турли-туман тадбирларни ўз ичига олувчи алоҳида комплекс соғломлаштириш дастури ишлаб чиқиш, айниқса, қариялар билан ишлайдиган шифокор-геронтологлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шифохоналар ва поликлиникаларда қариялар билан ишловчи шифокор-геронтолог штатини жорий этишни режалаштирганмиз”, — деди Сиёсий Кенгаш раиси.

Шундан сўнг Ўзбекистон Қаҳрамони Ботиржон Темиров Сайловолди дастуридаги "қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини ошириш", Ўзбекистон халқ артисти Султонали Маннопов "умумтаълим мактабларида "Ақлли мактаб" тизимини жорий этиш", меҳнат фахрийси Манзурахон Аҳмадалиева эса "хотин-қизларни зўравонликдан асраш бўйича ижтимоий муҳофаза чораларини кучайтириш" таклифларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг аҳамияти юзасидан  ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Реклама

Мавзуга оид