4 қурбон ва умрбод қамалган қотил – Қўрғонтепадаги мудҳиш жиноят тафсилоти
2023 йил 27 июл куни Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида содир бўлган бу даҳшатли воқеани эшитган борки, ларзага тушди. Айниқса, туманнинг Озод маҳалласида яшовчилар қўрқув, ҳайрат ва афсус аралаш бош чайқашарди. Негаки, ўша куни маҳалладаги бир оиланинг 6 аъзоси хонага қамаб, тириклайин ёқиб юборилганди. Уларнинг 4 нафари ҳалок бўлган. Қотил эса бегона эмас.
Қўрғонтепа туманининг Озод маҳалласида содир этилган бу қотиллик жинояти кўпчиликни даҳшатга, шунинг баробарида ўйловга солди: ҳамманинг кўнглидан нега, қандай қилиб, наҳотки, деган саволлар ўтарди. Буларга жавоб берадиган ягона одам эса 56 ёшли қотил ота эди. У 6 нафар оила аъзосини бир дастурхон атрофида овқатланиб ўтиришганида хонага қамаб, ёқиб юборганди.
Манасовлар оиласи
1967 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган Йўлчибой Манасов Ё.Манасова билан турмуш қуриб, 4 фарзандли бўлишган: бир қиз ва уч ўғил. Ўғилларидан бири Х.Тоштемиров 2-гуруҳ ногирони эди.
Йўлчибой Манасов Россия давлатига бориб-келиб, ишлаб юрган. Фарзандлар тарбияси эса асосан она зиммасида қолган. 2008 йилда оиладаги ягона қиз Ш.Манасова Қирғизистонга турмушга чиқади. Куёв ўз одатлари бўйича уни олиб қочиб кетганди. Бундан жаҳли чиққан ота уни “оқ қилади”. Шу тариқа ота ва қиз ўртасидаги муносабатларга путур етган.
2018 йил декабр ойида оиладаги катта ўғил, ногирон Х.Тоштемировни уйлантиришади. Шундан сўнг Йўлчибой Манасов Россияга бормай қўйган. Кўп ўтмай, 2022 йилнинг ноябр ойида ўртанча ўғил ҳам уйланади.
Ароқ, баҳона ва жанжаллар
Ташқаридан эл қатори, оддий кўринган оила аслида ичкаридан нотинч эди. Ота кунора ичиб келиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқарар, аёлини, ногирон ўғлини калтакларди.
Ўртанча ўғил (у уйлангач чет элга бормай қўйганди) отасининг Жигули машинасида киракашлик қилар, ота эса унга ҳар куни ароқ олиб келишни буюрарди. Вақт ўтиб, кенжа келин ҳомиладор бўлади. Ўғил бу хушхабарни айтиб, суюнчи олиш мақсадида отасининг ёнига шошади. Аммо отанинг гаплари унинг юзига тарсаки бўлиб тушади гўё: “Ҳали аканг фарзандли бўлмасдан туриб сенинг фарзандли бўлишга ҳаққинг йўқ. Туғиладиган болани янгангга берасан”, дейди ота. Ёш эр-хотин бу талабга норози бўлишади.
Йўлчибой Манасов учун жанжал чиқаришга баҳона топилганди. У ҳар куни шу мавзуни айтиб, жанжаллашишни одатга айлантиради. Бундан безор бўлган ўртанча ўғил 2023 йил феврал ойида ишлаш учун яна Россияга кетади.
Оловли тун
2023 йилнинг 27 июл куни Йўлчибой Манасов яна турмуш ўртоғи ва ногирон ўғли билан жанжаллашади. Кичик келин уларни ажратиб, тинчлантирмоқчи бўлади. Бироқ қайнота оила аъзолари ўртасига тушаётгани учун унга ўлдириб юбориш билан таҳдид қилади. Сўнгра уйдан чиқиб кетиб, бир муддат ўтгач қўлида ароқ билан қайтади.
Талаби фарзанди томонидан рад этилган ота бунга чидай олмай, ўзини оила бошлиғи сифатида ғурури камситилган деб ҳисобларди. Шу сабабли, у ҳовлидаги сўрида ўтириб, олиб келган ароғини ича бошлайди. Спиртли ичимлик таъсиридами, оила аъзоларидан ўч олиш мақсади туғилади. Бунинг учун уларнинг барчасини бир хонага қамаб, тириклайин ўт қўйиб ўлдириб юборишни режалаштиради ҳамда қулай фурсат келиши учун кун ботишини кута бошлайди.
Бу орада отаси оила аъзолари билан яна жанжаллашаётганидан хабар топган Ш.Манасова кенжа фарзанди, 4 ёшли А.Эркинбоева билан онасидан хабар олиш учун ота уйига келади.
Соат тахминан 21:00 лар атрофида она, ногирон ўғил, икки келин ҳамда қиз ва набира овқатланиш учун бир хонага жам бўлади. Йўлчибой Манасов қабиҳ ниятини амалга ошириш учун фурсат келганини тушунади. У ташқарига чиқиб, машинасидан елим идишга бензин тўлдириб олади. Сўнг оила аъзолари ўтирган хонага кириб, бензинни ҳар томонга сепа бошлайди. Хонадагилар бир фурсат нима содир бўлаётганлигини англай олишмай, ҳайрон қараб туришади. Қотил ёндиргич билан хонага ўт қўяди ҳамда ўзи ташқарига чиқиб, эшикни ортидан беркитади.
Йўлчибой Манасов хонага ўт қўйишдан олдин бир муддат эшик олдида сигарет чекиб, оила аъзоларига қараб турган. Унинг важоҳатидан қўрқиб кетган қизи болаликдан бирга ўсган, шу маҳаллада яшовчи дугонасига ижтимоий тармоқ орқали аудио хабар жўнатиб, отаси жанжал чиқариб, уларни ёқиб юбормоқчи эканлигини айтишга улгурган.
Хонадонда бўлаётган бақир-чақирни эшитган ҳамда кўкка ўрлаётган тутунни кўрган қўшнилар, шунингдек, етиб келган дугонанинг саъй-ҳаракатлари билан олов ичида қолганлар ташқарига олиб чиқилган. Қотил эса сал нарида бу воқеаларни шунчаки томоша қилиб ўтирган. Ҳаттоки ёрдамга келган қўни-қўшниларни ҳақорат қилиб, ҳайдашга ҳаракат қилган.
4 ўлим ва бир туғуруқ
Ёқиб юборилганлар зудлик билан шифохонага олиб борилади. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, уларнинг 4 нафари вафот этади.
Жумладан, ота уйига меҳмонга келган оиланинг ёлғиз қизи Ш.Манасова 82 фоиз куйиш билан 28 июлда, унинг 4 ёшли қизалоғи А.Эркинбоева 65 фоиз куйиш билан 15 августда, ногирон ўғил Х.Тоштемиров 90 фоиз куйиш билан 31 июлда ҳамда оила бекаси Ё.Манасова 50 фоиз куйиш билан 13 сентябр куни вафот этади. Хонада бўлганлардан фақатгина икки келин тирик қолади.
Жараёнда ҳушидан кетиб қолган кенжа ҳомиладор келин шифохонага олиб борилгач, фарзандли бўлган.
Тошкент шаҳар Руҳий касалликлар шифохонасининг хулосасига кўра, Йўлчибой Манасов илгари ҳам, ҳозирги вақтда ҳам ҳеч қандай сурункали руҳий касаллик ёки ақлий заифликка чалинмаган. Жиноят содир этиш пайтида унда ҳеч қандай руҳий бузилиш белгилари аниқланмаган.
Судда сўроқ қилинган Йўлчибой Манасов айбига тўлиқ иқрор бўлган. У ўз кўрсатмасида жиноятни содир қилишга турмуш ўртоғи ва бошқа оила аъзолари билан ўрталаридаги келишмовчиликлар сабаб бўлганлигини таъкидлаган ҳамда ҳар қандай жазога лойиқлигини билдирган.
“Оила нотинчлигини билмагандик”
Суд ҳужжатида келтирилишича, судда Озод маҳалласи раиси Б.Қуватова Манасовлар оиласидан бирор марта шикоят тушмаганлигини, бу оила нотинч эканлигидан хабарлари бўлмаганлигини айтиб, кўрсатма берган.
“Ушбу оила маҳалладаги намунали оилалар қаторида эди. Маҳалла раиси сифатида ишлай бошлаганимдан бери ўтган даврда Манасов ёки унинг бошқа оила аъзолари устидан бирор шикоят келиб тушмаган. Оилага нисбатан бошқа фуқаролар томонидан эътирозлар ҳам бўлмаган. Маҳалла раиси сифатида Йўлчибой Манасов ўз оила аъзолари билан муросага келмасдан жанжаллашиб юрганлиги тўғрисида эшитмаганман. Агар бу оила жанжалкаш ёки бунга мойил бўлганида албатта ҳамкор идоралар билан биргаликда зарур тегишли чоралар кўрардик.
Жиноятнинг содир этилиши ўзим ва маҳалла учун уятли бўлди. Манасов жиноятни содир қилгунга қадар спиртли ичимликлар ичишга ружуъ қўйганлиги, бунинг ортидан маст ҳолда ўз оила аъзолари билан жанжаллашиб, уларни ўлдириш билан таҳдид қилиб келганлиги тергов даврида аниқ бўлди. Ушбу жиноятнинг содир этилиши маҳалла раиси сифатида ишни тўғри ташкил қилмаганлигимни кўрсатиб берди”, дея таъкидлаган маҳалла раиси.
Жазо
Мазкур қотиллик жинояти ЖИБ Қўрғонтепа туман судида судя О.Неъматиллаев раислигида кўриб чиқилган.
Суднинг 2024 йил 24 январ кунги ҳукми билан Йўлчибой Манасов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а, в, ж” бандлари ва 25,97-моддаси 2-қисми “а, б, в, ж” бандларида келтирилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда, дастлабки 3 йилини эса турмага қамаш тариқасида ўтаттириш белгиланган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
20:03 / 19.11.2024
“Кўп кайф қилиб юборганман” — 3 яшар боланинг қотили ўша куни “глюк”да бўлганини айтди
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
17:40 / 12.11.2024
Андижонда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва кадрлар бўлими бошлиғи ушланди
18:12 / 09.11.2024