Шундай жиноятлар бўладики, унинг содир этилганига йиллар ўтса-да, эсланганида одамларни қўрқув ва ҳайратга солади. 2021 йил баҳорида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласида содир этилган қотиллик жинояти ҳам қишлоқ аҳолисига ҳали унут бўлгани йўқ: одамлар гап орасида ҳамон ўша воқеани эслаб, афсус сифатида бош чайқаб қўйишади.

Сирли яширин рақам

Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Марғуба Туйғунова уй юмушларидан ортиб, турмуш ўртоғининг топганига қўшимча бўлиши учун иш суриштириб юрганди.

2021 йил 13 март куни турмуш ўртоғи Шербек Туйғунов Қобил исмли қўшниси билан ишга чиқиб кетади. Улар Самарқанд шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирида ишлаб келишарди.

Аёл соат 7:30 ларда ўғли Сардорни мактабга жўнатади ва уй юмушларига киришади. Соат 10:00 ларда эса иккинчи фарзанди Алишерни компютер тўгарагига кузатиб қўяди. Шу вақтда унинг телефонига яширин рақамдан қўнғироқ бўлади. Ўзини Наргиза деб таништирган аёл вояга етмаган икки фарзанди борлигини, уларга энага кераклигини айтади. “Агробанк олдида учрашиб, гаплашиб олсак бўлади”, дейди аёл. Марғуба Туйғунова эса унга фарзандлари мактабдан келгач боришини айтади. 

Шу орада қўшниси Озода Тоғаева қўнғироқ қилиб қолади ва картошка экмоқчи эканини айтиб, кетмон сўрайди. У орадан 4-5 дақиқа ўтганидан сўнг келиб, кетмонни олиб кетган.

Қўшнисини кузатганидан кўп ўтмай Марғуба Туйғунованинг телефони яна жиринглайди. Яширин рақамдан қўнғироқ бўлаётганини кўриб, жавоб беради.

“Мен туман марказий шифохонасида ишлайман. Шифохона олдига келсангиз бояги иш масаласини гаплашиб оламиз”, дейди бироз аввал ўзини Наргиза деб таништирган аёл.

Марғуба Туйғунова ўғли Сардорнинг мактабдан келиш вақтини ҳисобга олиб, кичик фарзанди Азизни уйда қолдирганича йўлга чиқади. Йўл-йўлакай мактабдан қайтаётган Сардорни кўриб, хонадон калитини унга беради ҳамда укаси Азиз уйда эканини айтганча ўзи шифохона томонга кетади.

Ғойиб бўлган ака-ука

Манзилга етиб борган Марғуба Туйғунова бир муддат шифохона олдида қўнғироқ бўлишини кутиб турган. Негаки, ўзини Наргиза деб таништирган аёл яширин рақамдан қўнғироқ қилган, унга қайтиб чиқишнинг эса имкони йўқ эди.

Қўнғироқ бўлавермагач, шифохонага кириб Наргиза исмли шифокорни сўрайди. Аммо тиббиёт ходимлари бундай исмли шифокорни танимасликларини айтишади. 

Марғуба яна 30-40 дақиқа ўша ерда қўнғироқ бўлишини кутиб ўтиради. Сўнгра фарзандларидан хавотирланиб, ўғли Азизнинг қўлидаги телефон рақамига қўнғироқ қилади. Телефонни кимдир кўтаради, бироқ жавоб бермасдан ўчириб қўяди. Қайта-қайта қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолдирилади.