Жаҳон | 16:04 / 12.04.2024
15089
6 дақиқада ўқилади

Эрон зарбасини кутиб: АҚШ Исроилдаги дипломатларига чеклов қўйди, Ўзбекистон элчихонаси огоҳлантириш берди

Британия ва Россия фуқароларини бу ҳудудга боришдан қайтармоқда.

Фото: AFP

Яқин Шарқдагилар Дамашқдаги консулхонага қилинган ҳужумга жавобан Эрон Исроил бўйлаб зарба йўллашини кутишмоқда. АҚШ, Британия, Россия ва бошқа мамлакатлар дипломатларининг Исроил бўйлаб ҳаракатланишини чекламоқда ҳамда ўз фуқароларига ушбу минтақага бормай туришни тавсия этмоқда.

Вашингтон АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишини чеклаган.

Америка элчихонаси ходимларига «хавфсизлик нуқтайи назаридан» Тел-Авив, Қуддус ва Беэр-Шевадан ташқарига чиқиш тақиқланган. Элчихона сайтида айтилишича, бу чеклов «кейинги хабарномагача» амал қилади.

«Америка расмий шахслари огоҳлантиришича, ҳозирда гап Эрон жавоб қайтариши ёки қайтармаслиги ҳақида эмас, қачон жавоб қайтариши ҳақида кетмоқда», — дея қайд этади BBC’нинг Яқин Шарқдаги корреспонденти Ҳюго Бачега.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни ўз яшаш жойини тарк этмасликка чақирган.

«Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлигини эслатади.
Ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун заруратсиз яшаб турган жойингизни тарк этмасликни тавсия қиламиз», дейилади хабарда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ҳам «Исроилга Эрон томонидан ҳужум бўлиши эҳтимоли» тўғрисида хабар эълон қилган. Буюк Британия ўз фуқароларини ўтган йил октябридан буён Исроилга сафар қилиш хавфли экани тўғрисида огоҳлантириб келади.

Россия ТИВ россияликларга Исроил, Ливан, Фаластин ҳудудлари ва умуман ушбу минтақага саёҳат қилмасликни тавсия этган.

«Биз Россия фуқароларига ўта зарурат бўлмаганда ушбу минтақага, айниқса Исроил, Ливан ва Фаластин ҳудудларига саёҳат қилишдан тийилишни қатъий тавсия қиламиз», — дея ТИВ расмийси Мария Захаровадан иқтибос келтирган нашрлар.

Шу билан бирга, тавсия Иорданияга тааллуқли эмас: Захарованинг сўзларига кўра, ТИВ «ҳарбий ҳаракатлар Ғазо секторидан қироллик ҳудудига кўчиши» эҳтимолини деярли йўқ деб  ҳисоблайди.

Захарова Эронга сафарлар борасида ҳеч нарса демаган.

Lufthansa авиакомпанияси Теҳронга парвозларни тўхтатиб туриш муддатини 13 апрелга қадар узайтирган.

7 апрел куни Теҳрон Эроннинг Суриядаги консулхонасига ҳужумдан кейин Исроил элчихонаси хавфсиз жой ҳисобланмаслигини айтганди.

Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум

Эрон 1 апрел куни Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги консулхонасига йўлланган авиазарбага қатъий жавоб қайтаришни ваъда қилган.

Зарба оқибатида 13 киши ҳалок бўлганди: Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти вакили ҳамда олти нафар суриялик.

Ўлдирилганлар орасида — бригада генерали, корпуснинг «Қудс» махсус топшириқли бўлинмасидаги муҳим шахс Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бор эди, у хориждаги амалиётлар учун масъул бўлган.

Эрон ва Сурия ҳужумда Исроилни айблаган, исроилликлар эса изоҳ бермаган.

Эроннинг Суриядаги дипломатик миссиясига ҳужум турли мамлакатлар дипломатларининг Яқин Шарқдаги можаро кенгайишини тўхтатишга уринишлари фонида содир бўлди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Дамашқдаги консулхонага зарбадан кейин эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдоллоҳиён билан боғланиб, Теҳрон Яқин Шарқдаги можаро кенгайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

«Мен хатолик зўравонлик янада кучайишига олиб келиши мумкинлигидан қаттиқ хавотирдаман», — деган Кэмерон.

АҚШ президенти Жо Байден 10 апрел куни Эрон Исроилга «жиддий ҳужум» билан таҳдид қилаётганини айтганди. Шу билан бирга, у АҚШ Исроил томонида туришидан огоҳлантириб, ушбу мамлакатга «темир» қўллов ваъда қилганди.

BBC’нинг Вашингтондаги мухбири Уилл Вернон таъкидлашича, Оқ уй шу тариқа Теҳронга президент Байден ва Исроил бош вазири Нетаняҳу ўртасида Ғазодаги уруш борасида юзага келган келишмовчиликларга қарамай, Исроилга қилинадиган ҳар қандай ҳужум Вашингтоннинг қатъий жавобини келтириб чиқариши ҳақида сигнал бермоқда.

Пайшанба куни АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Эрик Курилла мамлакат раҳбарияти билан хавфсизлик масалаларида музокаралар ўтказиш учун Исроилга келганди.

Пентагоннинг баёнотига кўра, Курилланинг ташрифи олдиндан режалаштирилганди, аммо Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар туфайли олдинроққа сурилган.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Пентагон вакиллари билан музокараларда Исроилга ҳар қандай тўғридан тўғри ҳужум «Исроилнинг Эронга тегишли жавобини талаб қилиши»ни айтган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен аввалроқ Хитой, Саудия Арабистони ва Туркия ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар ўтказиб, томонларнинг ҳеч бири можаро кенгайишидан манфаатдор эмаслигини қайд этганди.

Ҳафта бошида эса Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Ироқ ташқи ишлар вазирлари вазиятни юмшатиш учун эронлик ҳамкасби билан учрашганди. Вазирлардан Байденнинг Яқин Шарқ масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Бретт Макгеркнинг деэскалация зарурати тўғрисидаги хабарини Эрон томонига етказиш учун сўралганди.

Мавзуга оид