Жаҳон | 14:05 / 05.09.2024
3598
2 дақиқада ўқилади

Мюнхенда Исроил консуллиги олдида отишма содир бўлди

Мюнхен марказида, Исроил бош консуллиги яқинида полиция гумонланувчига қарата ўт очди.

Фото: picture-alliance/imageBROKER/M. Bail

Мюнхен марказида 5 сентябр, пайшанба куни эрталаб отишма содир бўлди, деб хабар берди Бавария пойтахти полицияси. Қайд этилишича, полиция воқеа жойига – шаҳар марказидаги Миллий социализм тарихини ҳужжатлаштириш марказига зобитларни юборган.

Исроил бош консуллиги ушбу марказ яқинида жойлашган. «Каролиненплац ҳудудида полиция шубҳали шахсга қарата ўт очди, у яраланди», деб ёзади Мюнхен полицияси X ижтимоий тармоғида. Воқеа содир бўлган жой ўраб олинган.

Айни пайтда, ҳафталик Der Spiegel газетасининг ёзишича, полиция операциясида вертолёт ҳам иштирок этмоқда. 

Полиция X ижтимоий тармоғида ҳозирда ҳодиса билан боғлиқ бошқа шубҳали шахслар борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. У потенциал гувоҳлардан воқеа жойида олинган фотосуратлар ва видеоларни махсус порталга юклаш ёки терговга ёрдам бериш учун энг яқин полиция бўлимига беришни сўради. Шу билан бирга, полиция фуқароларни воқеа жойидан олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатмасликка чақирди.

Айни пайтда, Bild таблоиди гумонланувчининг ўқотар қурол билан қуролланганини ёзди. Эркак машинасида Ҳужжатлаштириш марказига бориб, бино олдида жойлашган полиция постига қарата ўт очган, деб ёзади нашр. Полиция ходими жавобан ўқ узган. Полиция ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади. 

Süddeutsche Zeitung газетаси журналисти Ронен Штайнке X ижтимоий тармоғида видеони жойлаштирди, унда Мюнхендаги Исроил бош консуллиги олдида бир қатор ўқ овозлари эшитилган.

Мавзуга оид