Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молия вазирлиги ходимини сўккан Қашқадарё молия бошқармаси раҳбарига вилоят ҳокимлиги чора кўра олишини билдирди
Молия вазирлиги Косон тумани молия бўлими мудирини ҳақорат қилган Қашқадарё вилояти молия бошқармаси раҳбарига фақат вилоят ҳокимлиги ва кенгаши чора кўра олишини билдирди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати эълон қилган муносабатда маълум қилинган.
Жорий йил 1 август куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти молия бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсупов ходимлари билан ўтказган йиғилишда Косон тумани молия бўлими бошлиғи Ш.Сафаровни ҳақорат қилгани қайд этилган аудиоёзув тарқалди. Ҳолат Молия вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилган.
Муносабатда, Молия вазирлиги тизимида ходимлар ва жамоатчилик вакиллари билан муносабатда бўлишда бундай ҳолатларга йўл қўйилиши вазирлик тизими ходимларининг профессионал одоб-ахлоқ бўйича умумий тамойилларига ва иш жараёнидаги хулқ-атвор қоидаларига мутлақо тўғри келмаслиги маълум қилинган.
Қайд этилишича, вилоят молия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлаш вилоят ҳокимининг Молия вазирлиги билан келишилган тақдимномасига асосан халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан амалга оширилади. Шуни ҳисобга олиб, Қашқадарё вилояти молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповнинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Молия вазирлиги тизими ходимларининг одоб-ахлоқ масалалари бўйича жамланма ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилади ва тегишли таклифлар Қашқадарё вилояти ҳокимлигига киритилади.
Маълумот учун, аудиоёзув тарқалган куни ҳолат вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Эркаев раҳбарлигида Ф.Юсупов ва Ш.Сафаров иштирокида вилоят ҳокимлигида муҳокама қилинган. Муҳокама давомида Ф.Юсупов иш фаолиятида ходимларга нисбатан одоб-ахлоқ нормаларига амал қилган ҳолда муносабатда бўлиш ҳамда масалаларни қонун доирасида кўриб чиқиш юзасидан қатъий огоҳлантирилган.
Бундан ташқари, бу каби ҳолатлар вилоятнинг бошқа ташкилотлари раҳбарлари иш фаолиятида қайтарилишининг олдини олиш ҳамда раҳбарларнинг масъулиятини ошириш мақсадида вилоят молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповнинг масъулиятини кўриб чиқиш юзасидан Молия вазирлигига тақдимнома киритилган.
Молия вазирлиги муносабатидан шуни англаш мумкинки, халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан тайинланадиган вилоят молия бошқармаси раҳбарига фақат вилоят ҳокимлиги ва кенгаши чора кўриши мумкин экан.
Мавзуга оид
09:48 / 23.03.2026
Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси ва етакчи мутахассис пора билан ушланди
12:12 / 20.03.2026
“Афросиёб” поездлари Шаҳрисабзга ҳафтасига 3 марта қатнай бошлайди
08:52 / 19.03.2026
Наманган, Қашқадарё ва Самарқандда контрафакт дори воситалари аниқланди
20:38 / 18.03.2026