Ўзбекистон | 10:18 / 02.05.2023
4630
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Электрон рецепт” тизими жорий этилади

Германиянинг KfW банки Ўзбекистонга 12 йил муддатга 45 млн евро қарз ва 5,5 млн евро грант бермоқда. Бу пуллар “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси учун ишлатилади.

Фото: Getty Images

“Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон ва KfW банки ўртасида “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга 45 миллион евро миқдорида қарз битими ҳамда 5,5 миллион евро миқдорида грант битими имзоланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Қарз маблағларини қайтариш республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Лойиҳани ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун Рақамли соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш лойиҳа офиси ташкил этилади.

Қарорга кўра: 

  • лойиҳа доирасида жорий этилаётган ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича лицензиялар учун тўловлар уларни жорий этиш харажатлари таркибига киритилади ҳамда улар ахборот тизими амалиётга тўлиқ жорий этилгандан сўнг камида 5 йил мобайнида амал қилади;
  • лойиҳани амалга ошириш жараёнида иқтисод қилинган маблағлар устувор равишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда компьютер техникаси воситаларини харид қилишга йўналтирилади.

2023–2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Чора-тадбирлар режасида, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

  • “Электрон рецепт” (реимбурсация) тизимини жорий этиш;
  • санаторийларга йўлланма олиш, навбатни кузатиш ва мавжуд бўш ўринларни кўриш имкониятини берадиган “Электрон санаторий” платформасини ишлаб чиқиш;
  • онкологик касалликларга чалинган беморларнинг электрон рўйхатини юритишга мўлжалланган “Cancer-регистр” ахборот тизимини жорий этиш;
  • она ва бола саломатлиги паспортининг электрон тизимини яратиш;
  • Ягона портал орқали вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари маълумотномаларини олиш имкониятини яратиш.

Мавзуга оид