Спорт | 19:53 / 25.07.2021
40593
5 дақиқада ўқилади

Токио-2020 кундалиги: Ўзбекистонда биринчи олтин, боксчилар кунни йўқотишсиз ўтказди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Токиода шаҳри мезбонлигидаги Ёзги олимпиада ўйинларининг иккинчи кунида ҳам 11 нафар ўзбекистонлик спортчи мусобақаларда иштирок этди ва бир қатор натижаларга эришилди. Хусусан, таэквондо бўйича илк олтин медал қўлга киритилди, уч нафар боксчи ўз жангларида ғалабага эришиб, иштирокини давом эттирадиган бўлди.

Академик эшкак эшиш, жуфтлик
Олимпиадада 25 июль кунги баҳсларни ўзбекистонлик спортчилардан биринчи бўлиб академик эшкак эшиш вакиллари бошлашди. 

2000 м масофада ўтиш баҳсида қатнашган Шаҳбоз Холмирзаев/Собиржон Сафаралиев жуфтлиги маррага 4-бўлиб етиб келди ва медаллар учун курашиш имкониятини йўқотди.

Таэквондо

19 ёшли таэквондочи Улуғбек Рашидов кун қаҳрамонига айланди. Турнирга 17-рақам билан сараланган ўзбекистонлик спортчи дастлабки босқичда малилик Сейду Мофанани мағлуб этиб, нимчорак финалга йўл олди. Чорак финал йўлланмаси учун жангда эса 3 карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг 2 карра совриндори, шу вазн тоифасининг биринчи рақамли вакили бўлиб турган жанубий кореялик Ли Де Ҳунни қўшимча вақтлардаги олтин очколар орқали мағлуб этиб, уни турнирдан чиқариб юборди. Чорак финалда эса эронлик Мирҳошим Ҳуссайни устидан ғалаба қозонди. Финал йўлланмаси учун жангда Босния ва Герцеговина вакили Нежад Ҳушич осонлик билан таслим этилди.

Финалда эса турнирнинг яна бир фаворити, шу вазннинг иккинчи рақамли вакили, британиялик рақиби Бредли Синденга қарши жанг сўнгги сонияларгача ҳаяжонли давом этди ва якунда Рашидов тарихий ғалабага эришиб, Ўзбекистонга Олимпиададаги илк олтин медални тақдим этди.

Рашидов Ўзбекистонни медаллар бўйича рейтингда 11-ўринга олиб чиқди.

Улуғбек Рашидов устози Павел Хан билан бирга

Бокс
Куннинг биринчи жанги Турсуной Раҳимова иштирокида кечди. -51 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Раҳимова польшалик Сандра Драбикка қарши баҳс олиб борди ва иродали ғалабага эришди.

Шу тариқа, Раҳимова Олимпия ўйинларида ғалабага эришган илк ўзбекистонлик боксчи қиз сифатида тарихга кирди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби туркиялик Бусе Наз бўлади.

Кун давомидаги баҳсларда Ўзбекистон эркаклар бокс жамоасининг икки вакили рингга чиқди.

Бокс бўйича -63 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Элнур Абдураимов 1/16 финалда мўғулистонлик Чинзориг Баатарсухга қарши жанг қилди. Дастлабки раундни бой берган Абдураимов кейинги раундда устунликка эга бўлди. Ҳал қилувчи раунддаги ҳаракатлари билан 4:1 ҳисобдаги ғалабага эришди. 1/8 финалда унга тожикистонлик Баҳодур Усмонов рақиблик қилади.

-81 кг вазн тоифаси вакили Дилшод Рўзметов 1/16 финалда ирландиялик Эммет Бреннанни 5:0 ҳисоби билан мағлуб этди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби келиб чиқишига кўра Кубага мансуб бўлган ва Олимпия ўйинларида Озарбойжон шарафини ҳимоя қилаётган Алфонсо Домингес бўлади.

Дзюдо

Дзюдочилар жамоаси учун иккинчи кун ҳам омадсиз келди. Дастлаб Сардор Нуриллаев (-66 кг) дастлабки босқичда жароҳат туфайли жангни давом эттира олмади.

-52 кг вазн тоифасида татамига чиққан Диёра Келдиёрова ҳам мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасуренга имкониятни бой бериб, медаллар учун курашни эрта тарк этди.

Энди ушбу дзюдочилар жамоавий йўналишда иштирок этиши мумкин.

Велоспорт

Велоспортнинг шоссе йўналишида иштирок этган Олга Забелинская ҳам Олимпиададаги иштирокини якунлади. Забелинская 137 километрга кечган гуруҳ пойгаси йўналишида 67 иштирокчи орасида 9-бўлиб марра чизиғига етиб келди. У ушбу масофани 3 соат 54 дақиқа 31 сонияда босиб ўтди.

Пойгада австриялик Анна Кизенхофер, нидерландиялик Аннемик ван Влутен ва италиялик Элиза Боргини совриндорлар учлигини ташкил этди.

Спорт гимнастикаси

Оксана Чусовитина 8-Олимпиадасидаги иштирокини саралаш баҳсларида якунлади. У таяниб сакраш йўналишида 14.166 очко жамғариб, 11-ўринни эгаллади ва финал йўлланмасини қўлга кирита олмади. 

Спортчи 46 ёшида ўзининг 8-Олимпиадасида иштирок этди ва бу борада мутлақ рекордчига айланди. Токио Олимпиадаси унинг профессионал фаолиятидаги сўнггиси бўлди ва у олимпиячиларнинг қарсаклари остида фаолиятини якунлади.

У спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этган спортчи (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020) ҳисобланади. 1992 йил Барселонада ўтган Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби бўлган, 2008 йил Пекин олимпиадасида Германия сафида кумуш медални қўлга киритган. 3 карра Жаҳон чемпиони, Европа чемпиони бўлган, жаҳон чемпионатининг тўрттадан кумуш ва бронза медалларига эга чиққан.

Оғир атлетика

Оғир атлетика баҳсларининг -67 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Адҳамжон Эргашев жами 312 кг (139+173 кг) тош кўтарди ва мусобақани олтинчи ўринда якунланди. Якуний чиқишда Адҳамжон 184 кг тошни кўтара олмади. 

Олтин медаль хитойлик Ченга насиб қилган бўлса, колумбиялик Лозано кумуш, италиялик Занни бронза медалга эга бўлди.

Мавзуга оид