“Ўқимасанг, эрга берамиз дейишган” — нуфузли компанияда ишлаётган дастурчи қиз билан суҳбат
Тошкентга келганимда компютер уёқда турсин, ҳатто телефоним ҳам йўқ эди, дейди дастурлашни ўрганиб, яхши жойдан иш топган 18 ёшли Райҳона Исроилова. Kun.uz “Микрофон – қизларда” рукнида ота-онасининг қўллаб-қувватлаши билан ҳаётда ўз йўлини топган шижоатли қизлар билан таништиришда давом этади.
“Микрофон – қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони – Райҳона Исроилова 2003 йилда туғилган, яқинда 19 ёшга тўлади. У Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Дардоқ қишлоғида туғилган. 18 ёшидаёқ Paynet компаниясида дастурчи сифатида иш топиб, фаолият юритишни бошлаган. Иродали, ўрганиш машаққатидан қочмайдиган Райҳонанинг ўзига хос ҳикояси бор.
Аввал стюардесса, кейин таржимон бўлиш орзуси
Мактабда ёмон ўқимаганман, лекин ўзимни зўр ўқувчи деб ҳисобламасдим. Юқори синфга ўтгач, 5–6-синфда инглиз тили ўқитувчимиз мени тилга йўналтириб, туман, вилоят олимпиадаларига олиб борганди. Шу-шу инглиз тилига қизиқиб қолгандим.
7-синфда пайтим мактабдаги дарслардан қониқмай Қўрғонтепа марказидаги ўқув марказида инглиз тилини ўрганишни давом эттирдим. Дастлаб, орзум стюардесса бўлиш эди, бироқ қариндошларим бошқа касб танлашни маслаҳат беришган. Аммамнинг бир қизи таржимон бўлиб ишлайди, унга ҳавас қилиб, таржимон бўламан деб мақсад қилгандим. Шу сабаб 9-синфни тугатиб, Жаҳон тиллари университети қошидаги лицейга ҳужжатларимни топширдим, лекин киролмадим. Бирор нарсага астойдил ҳаракат қилиб уддалай олмаганлик кайфиятида эдим, қишлоққа қайтиб боргим келмаган.
Нима қилишни, энди ўқишимни қандай давом эттиришни билмаганман. Шунинг учун ўртада Тошкентга қариндошларимизникига келиб, тайёрланиб IELTS'дан 6 балл олдим. Яна менда ноаниқлик пайдо бўлди: асосий мақсадим IELTS олиш эди, ундан кейин қандай ҳаракат қиламан?
Уйдагилар ОТМда ўқишимни хоҳлашди, лекин ич-ичимдан буни негадир хоҳламасдим, бошқачароқ йўналишда ўзимни синаб кўргим келарди. Ўқиган китобларим таъсирида университетда ўқимасдан ҳам ҳаётда инсон ўз йўлини топиши мумкин деган фикрда эдим. Лекин ота-онам истаги билан она тилидан репетиторга бора бошладим.
“Телефонни танласанг, эрга тегасан”
Ота-онам иккови ҳам олий маълумотли, ўқимишли кишилар. Улардан репетиторга бориб юрган пайтларим телефон олиб беришни сўраганимда отам шарт қўйганди: “Сенда 2 та йўл бор: ё телефонли бўлиб, эрга тегасан ёки ўқишни танласанг телефонсиз ўқийсан, ўзинг ҳаракат қиласан”. Шу гапдан сўнг ўқишни танладим ва қайтиб телефон ҳақида оғиз очмадим.
Она тилини ўзим унча хоҳламай ўқиганим учун етарли натижани кўрсата олмадим. Биз ОТМга топширган йили (2020 йилда) карантин бошланиб, фақат 2та фандан имтиҳон олинганди. Менда инглиз тилидан сертификат бор, ўшанда мактабда мендан бошқа ҳеч кимда чет тили сертификати йўқ эди, шунинг учун ҳамма мени ўқишга кирди деб ўйлашган. Лекин она тилидан натижам яхши бўлмагани учун талаба бўла олмадим.
“Пахта теришга чиқариб юборишди”
Отам фермер, пахта далалари бор эди. Олдин ҳеч пахта тер дейишмасди, лекин ўқишга кира олмаганим учун мени пахта теришга чиқариб юборишди. Қарасам, даладаман, ҳаётим бошқа томонга қараб кетяпти. Қишлоқда қолишни эса истамасдим.
Бахтимга тошкентлик аммамнинг Кореяда ўқийдиган ўғли отам билан гаплашиб: “Балки Райҳонани дастурлашга ўқитармиз, яхши соҳа” деган. Шундан сўнг мен учун йўл топилганди: дастурлашни ўрганиш ва бунинг учун Тошкентга кетиш имкони бор. Ота-онамга Бобур Акилхоновнинг (машҳур бизнесмен, АҚШда истиқомат қилади, яқинда намойиш қилинган “Ўзбекистонлик” ҳужжатли фильмининг қаҳрамонларидан бири) IT ҳақидаги видеоларини кўрсатдим, уларга бу йўналиш маъқул бўлди. Ўшандан бери Бобур Акилхоновни кумерим деб биламан.
Шундан кейин ўзим танлаган ўқув марказида онлайн гуруҳда бошланғич синов ойида дастурлашни ўргана бошладим. Қишлоқда свет ўчиши, интернет яхшимаслиги сабаб Тошкентга келдим ва аммамникида туриб ўқий бошладим. Аммам менга компьютер бериб турди.
Бошида компьютер ишлатишни умуман билмасдим, ҳатто бирор матнни “копировать” қилишни ҳам эплолмасдим. Биринчи дарсда ўқитувчидан “Ай-тини ўрганиш учун компьютер шартми?” деб сўраганман. Ҳамма устимдан кулганди. Шундай қилиб ўрганишни бошладим: дастлаб, фақат 3 олдим, кейин баҳоларим кўтарила бошлади.
Биринчи синов ойи тугашидаёқ имтиҳондан кейин қизлардан фақат мен қолдим. Лекин олдинда яна бошқа синов бор эди.
“Дадам курс тўлови учун қарз олиб берди...”
Синовдан ўтгандан сўнг ўтган йили январдан асосий дарслар бошланиши керак эди. 10 ойлик ўқиш пули 14 млн сўм эканини, агар бирданига тўлов қилинса, 12 млн сўм бўлишини айтишди. Мен отамга шунча пул экан деб айтдим. Ўша пайти отам ерларини топшириб, фермерликни тугатган, пул келадиган жой йўқ эди. Бу пулни топиш бизга қийин бўлиб қолди.
Шундай бўлса-да, дадам маҳалладагилардан қарз олиб, тенг ярмини – 7 млн сўм йиғиб берди. Лекин бирдан тўламасам, 2 млн сўм қимматроқ бўларди. Шунинг учун уйдагиларга билдирмасдан Россияда яшайдиган тоғамга аммамнинг телефонидан қўнғироқ қилиб, ёзда қайтариш шарти билан қарз олгандим. Лекин нега бундай деганимни билмайман. Менимча, дадам ҳам қарзларни “Ёзда буғдой ўримидан қайтараман” деб олганини эшитганим учун бўлса керак.
Янги компьютер, тинимсиз ўқиш
Шундай қилиб тўловни қилиб бўлгач, бафуржа ўқий бошладим. Энди фойдаланаётган компьютерим қотиб қолиб ўрганишимга халақит қила бошлади. Шунинг учун аммамнинг ўғли – акам менга бўлиб тўлашга компьютер олиб берди. Қачон ишлашни бошласам, қайтариш шарти билан компьютерли бўлдим. Ўшанда ўзим хоҳлагандай компьютерга эришганимда нималарни ҳис қилганимни айтиб бера олмайман. Клавиатуралари ёнишини кўриб роса хурсанд бўлганман.
Топшириқлар жуда кўп эди, шунинг учун тинимсиз дарс қилишимга тўғри келган. Овқатланишни ҳисобга олмаса, дарсдан ортиб 4-5 соатгина ухлаб олардим, холос.
Ёзга келиб ўзим ўқиётган ўқув марказининг “Support” бўлимида ишга кирдим. Бу бўлимда, асосан, ўқитувчига ёрдамчилик вазифаси бажарилади, ўқиётганларнинг вазифалари текширилади.
Параллел равишда турли компанияларга ишга топшира бошладим. Жуда кўп жой рад қилишди: баъзилари ёш бўлганим, баъзилари ҳали “junior” даражада (бошланғич даража дегани, ундан сўнг ўртача ва юқори даражалар туради) бўлганим, яна баъзилар эса қиз бола бўлганим учун рад этишарди. Лекин шунда ҳам резьюмелар топширавердим.
Қишлоқдаги “иш тажрибам”
Еттинчи синфдан бошлаб қўшимча дарсларимга ўзим пул топишни хоҳлардим. Қишлоқ аёллари гуруҳ бўлиб турли дала ишларини бажариш учун кундалик ишларга чиқишарди. Мен ҳам уларга қўшилиб ёзда ўзим пул топишга чиқардим. Пул топиш борасидаги тажрибам мана шу эди.
Ўқув марказида ўтириб, турли топшириқларни бажариш эса менга бутунлай янги тажриба бўлган.
Лекин дастурлаш йўналишида бўлсам-да, қилаётган ишим ҳақиқий амалиёт эмас деб ҳисоблардим.
Paynet'дан иш чиқди
Бир куни хоразмлик дастурчилар гуруҳида ҳозирги ишим ҳақида эълонни кўриб қолдим ва таваккал ҳужжат топширдим. Кейин суҳбатга чақиришди, амалий топшириқ беришди ва ҳаммасидан ўтиб, ишга қабул қилиндим. Биринчи суҳбатга ўзимда телефон йўқлиги сабаб боғланиш учун бир танишим билан борганман.
Ишга олишганда 300-400 доллар таклиф қилишса керак, деб ўйлагандим, бироқ кутганимдан анча яхшироқ ойлик таклиф қилишди. Ҳозир ишлаётганимга 7 ой бўлди, иш шароитлари жуда яхши. Бошида 1-2 ой топшириқларни жуда секин бажарардим, мени бириктириб қўйишган Расул ака деган ходимни роса жонидан тўйдириб иш ўргандим, ҳозир ҳаммаси жойида.
Биринчи ойлигим
Иш бошлаганимдан кейин бироз ўтиб ишхонадагилар “Аванс тушди”, дейишди. Менга ҳам пул беришдими деб роса хурсанд бўлиб, банкоматдан текшириб кўрганман. Лекин ой охиригача аванс беришганини уйдагиларга айтмаганман, ҳамма пулни битта қилиб олиб борсам баракали бўлади деб ўйлагандим.
Шундай қилиб биринчи маошимни отамга жўнатганман, ҳозир ҳам, одатда, ойлигимни уйдагиларга бераман.
Кейинроқ телефон ҳам олдим.
Кейинги режаларим бир неча йил дастурлаш йўналишининг ўзида тажриба тўплаб, кейин “Project manager”лик (мижоз ва дастурчи ўртасида мулоқотни ташкил қиладиган одам) йўналишида кетмоқчиман.
Ҳозир укам инглиз тили ва математикани ўрганяпти, у ҳам дастурлашни ўрганиш ниятида.
IT'да нега қизлар кам?
Мен ишлаётган ташкилотда 30 нафар дастурчи ишлайди, қизлар 2 кишимиз, мен ва Фарида деган қиз, лекин у масофадан ишлайди. Ўқув марказидаги курсда ягона қиз бўлиб ўқишни тугатгандим.
Дастурлашда қизлар айнан нима сабабдан камлигини билмайман, балки ўрганишда қийинчилик кўплиги учундир. Лекин ҳозир бу йўналишда ҳам қизлар кўпайяпти.
Дастурлашни ўрганиш учун...
Қийинчиликларга чидай олиш, бошлагандан сўнг охиригача қатъий бора олишни мақсад қилиш ва шунга ҳаракат қилиш муҳим.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Агар сиз интилувчан қизларни танисангиз ёки сиз ҳам шундайлардан бири бўлсангиз, Telegram'да @Mikrofonqizlarda_bot орқали биз билан боғланинг. Дастурчи, сотувчи, ҳунарманд, букблогер, талаба – хуллас, қайси йўналишда фаолият юритаётган бўлишидан қатъи назар, микрофонни қизларга беришга тайёрмиз.
Мавзуга оид
18:20 / 12.11.2024
“Муаммо – эринчоқлигимизда”: одамдаги стресс даражасини аниқлаш устида ишлаётган ўзбекнинг дастурчи қизи
10:50 / 02.10.2024
ABBYY IT-компанияси россияликларни уч мамлакатдаги офисида ишдан бўшатди
21:25 / 13.08.2024
Сунъий интеллект технологиялари маркази ташкил этилади
15:55 / 20.07.2024