Иқтисодиёт | 15:00 / 16.08.2018
30927
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда каноп етиштириш қайтадан йўлга қўйилмоқда

Каноп ўсимлиги қимматбаҳо толали экин ҳисобланиб, ундан ишланган маҳсулотлар намликни ўзига тортиши ва тез ўтказиш хусусиятлари билан бошқа техник ўсимликлардан устун туради. Каноп толасидан олинадиган иплар электрокабель ва гилам тўқиш саноатларида, халқ хўжалигида брезент, арқон, ўт ўчириш учун ишлатиладиган эгилувчан  шланглар, мебель матолари тайёрлашда хомашё сифатида унумли қўлланилади. Ундан тайёрланган қопларда кофе ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сақланса, ўз хусусиятини ўзгартирмаган ҳолда анчагача туриши мумкин. Мазкур ўсимлик Ўзбекистонда аввалдан етиштириб келинган. Бироқ яқин йиллар ичида унга бўлган эътибор бир оз сусайган эди. Давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига қилган ташрифида берилган топшириқлар юзасидан яна каноп ўсимлигини етиштириш билан шуғулланиш лозимлигига катта урғу берилиб, унинг илк ижроси сифатида вилоятнинг Қуйичирчиқ туманига экилиши лозимлиги белгиланди. “Каноптола” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шавкат Миролиев мазкур йўналишдаги кўп йиллик тажрибасини амалда тадбиқ этган ҳолда, Қуйичирчиқ тумани Улуғбек ҳудудидаги “Мингчинор” маҳалласида 50 гектарлик ер майдонига каноп экиб, унинг уруғлигини етиштириш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Маълумки, каноп жуда нозик ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун, айниқса, ҳозирги мураккаб об-ҳаво шароитида экин қатор ораларини тезда юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш фермерлардан талаб қилинадиган зарурий чоралардан биридир. Ўсимлик ҳосилдорлигини оширишда илғор технологиялардан бири сифатида ўғитлардан тўғри фойдаланиш ҳисобланади. Агротехника даражасидан ташқари ўтмишдош экинлар, тупроқнинг агрокимёвий, агрофизикавий хоссалари ва механик таркиби муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган. Шу сабаб кўкпоя ва уруғлик учун етиштирилаётган эртапишар канопнинг 22-68 “Ўзбекистон” номли навига қўлланиладиган минерал ўғитларнинг миқдори ва нисбатини аниқлаш катта аҳамиятга эга. Шу жумладан, минерал ўғитларнинг миқдори 100 дан 400 килограммгача берилиши лозим.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Канопчиликда ҳосил ўрим-йиғими энг сермеҳнат ва масъулиятли жараён ҳисобланиб, экиннинг 50 фоизи техник жиҳатдан пишиб етилган пайтида ўриб-йиғиб олинади. Бу вақтда поянинг учида ханжарсимон барг пайдо бўлиб, улар эластик ҳолатга келади, яъни эгиб кўрилганда каноп пояси синиб кетмайди. Агар ана шу муддат ўтказилиб юборилса, олинган тола мўрт ва дағал бўлиб қолиши ва оқибатда фермернинг меҳнати бесамар кетиши ҳеч гап эмас. Ўримни бошлашдан олдин ўсимликнинг ҳолатига қараб канопзорлар суғорилади. Бунда ҳар гектар ерга 600-650м3 сув сарфланса кифоя. Ана шунда каноп пўстлоғи ўзагидан тез, осон ва тоза ажралади. Бу эса маҳсулотнинг юқори сифатли бўлишини таъминлайди ҳамда ҳосилнинг унумдор бўлишига ёрдам беради.

Мавзуга оид