Ўзбекистон | 14:25 / 27.12.2024
3911
5 дақиқада ўқилади

Олий таълим кенгаши нодавлат ОТМлардан пул сўраяпти. Ҳуқуқшунослар буни қонунчиликка зид деб атади

Нодавлат олийгоҳлар контрактдан тушадиган маблағнинг 4 фоизини Олий таълим кенгашига ўтказиши таклиф қилиняпти. Ҳуқуқшунослар нодавлат ОТМлар буни тўлашга мажбур эмаслигини айтяпти. ЎзЛиДеПдан Дилмурод Ортиқов ҳолат бўйича олий таълим вазири ва бош прокурорга депутатлик сўрови юборган.

Фото: Getty Images

Иқтисодчи Юлий Юсупов Telegram'даги каналида Республика олий таълим кенгашининг 2024 йилнинг 29 ноябр куни тасдиқланган баённомаси эълон қилди. Унда нодавлат ОТМлар Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контрактдан тушадиган маблағининг 4 фоизини ўтказиб бериши ҳақида банд бор. Бу таклифни нодавлат ОТМ ректорлари бергани кўрсатилган. Маблағ ўтказишдан қуйидаги мақсадлар инобатга олингани айтилади:

  • республикада амалга оширилаётган таълимга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш;
  • зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари ва уларнинг талабалари манфаатини ҳимоя қилиш таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни таъминлаш;
  • давлат олий таълим ташкилотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига 4 фоиз миқдорида ажратмалар йўналтириш.

Кенгаш нодавлат ОТМлар билан шартномани 1 ҳафтада ишлаб чиқиши ва 2025 йилнинг 25 январигача маблағлар Республика олий таълим кенгашига келиб тушиши кераклигини таъкидлаган.

Юлий Юсупов буни солиқ деб атаб, Ўзбекистонда солиқларни Олий Мажлисгина эмас, исталган давлат идораси жорий қила оляпти деган фикрда. Шунингдек, у Ўзбекистонни чекловларни билмайдиган амалдорлар учун беҳисоб очил дастурхон деб, пул керак бўлиб бўлса, халқдан йиғиш бошланишини ёзган. “Бунга кимдир қаршилик қилса, текширув юборилади ва лицензияси олинади”, – деган иқтисодчи.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Республика Олий таълим кенгаши солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмаслигини таъкидлаб, бу баённома ҳеч қайси ОТМга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини ёзган.

Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда, амалда билмадим энди). Шу сабабли нодавлат олийгоҳлар Кенгашга 4 фоиз пул ўтказишга мажбур эмаслигини билишлари зарар қилмайди. Унутманг, Республика Олий таълим кенгашининг ўзи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, қанақадир давлатнинг ваколатли органи эмас, кимгадир мажбурият юклайдиган ваколати йўқ. Гарчи баённома матнида мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлса-да, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати. Бундай қарорлар камида Бизнес Омбудсман ҳамда Адлия вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак”, – деб ёзган Худойбердиев.

Кенгаш баённомасига ҳуқуқшунос, Profi университети асосчиси Бектош Ҳотамов ҳам норозилик билдирди. У нодавлат ОТМлар оддий тижорат субъекти ҳисобланиши, уларга солиқ солиш учун солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритиш кераклиги, солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритишни Олий Мажлис ва Сенат ҳам тасдиқлаши кераклигини эслатган.

Бу бизнес оламига ҳам жуда ваҳимали сигналлар беради. Ўзбекистонда бизнес қилиш вазир, ҳоким, яна бошқа амалдорларнинг хоҳиш ва истаклари билан солиқ пайдо бўлишининг ўзи жуда қўрқинчли сигнал. Чунки бу давлатда қонунлар ишламаслигини, ким қачон хоҳласа, ўша пайтда қарор қабул қилиб солиқ йиғиши мумкинлигини кўрсатади. Бу эса инвестиция, ҳар қандай инвестор учун таҳлика яратади. Бундан ҳам ёмони бу ҳолат Президент ва қонун чиқарувчи органнинг легитимлигини савол остига қўяди? Чунки бундай қарор қабул қилишнинг ўзи мен Президентдан ҳам, Олий Мажлисдан ҳам олийроқман, мен хоҳлаган пайтда, хоҳлаганча солиқ сола оламан деган тушунчани беради”, - деб ёзган Ҳотамов.

Таълим бўйича эксперт, жамоатчилик фаоли Комил Жалилов бундай "ўлпон" ноқонуний бўлгани билан нодавлат ОТМлар бу ҳақида шикоят қилишига шубҳаси борлигини айтган. “Чунки нодавлат ОТМларига лицензияни берадиган ташкилот – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги. Вазирлик "ўлпон" тўлашдан бош тортган ва шикоят қилган нодавлат ОТМ устидан бирон баҳона билан лицензияни бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилмаслигига кафолат йўқ”, – деган у.

Норозиликлар ортидан ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Ортиқов Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ва Бош прокурорга депутатлик сўрови юборгани маълум қилинди. Сўровда 4 фоизлик тўлов бўйича чиқарилган баённоманинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш ва асослантириш сўралган. “Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги қонунларимизга мувофиқ кафолатланган, ҳеч бир ташкилот қонунга асосланмай туриб, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, нодавлат олий таълим муассасаларига турли тўловлар жорий қилиш ваколатига эга эмас”, – деб ёзилган хабарда.

Kun.uz ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматига сўров жўнатди.

Мавзуга оид