Спорт | 08:23 / 19.06.2024
20882
9 дақиқада ўқилади

Трибунада тўқнашув, Роналдунинг суперрекорди ва туркларнинг суперголлари. Еврода бешинчи кун

Португалия қўшимча дақиқаларда мураббийнинг ўғли урган гол эвазига иродали ғалабага эришди.

18 июн куни F гуруҳидаги икки учрашув билан Евро-2024 гуруҳ босқичида биринчи тур ўйинлари якунланди. Туркия ва Гуржистон турнирнинг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди, 39 ёшдаги Криштиану Роналду ҳали яхши спорт формасида эканини намойиш этди.

Туркия ва Гуржистон ўйини қолдирилиши ҳам мумкин эди

Гуржистон миллий жамоасининг турнирдаги илк иштироки кўпчиликнинг диққат марказида эди. Аммо ўйиндан олдин қизиқарлиликда ўйиннинг ўзидан кам бўлмаган воқеалар рўй берди.

Асосий муаммо об-ҳавода эди. Дортмундда кундузи ҳам ҳаво нормал ҳолатда эди, аммо кечга келиб кучли жала қуйди. Ўйин бошланишига яқин қолганида майдон футбол учун эмас, кўпроқ сув полосига тайёр ҳолатда эди.

Стадион томидан ҳам катта сув оқими ўтиб, майдон атрофида кўлмаклар юзага келди.

Ходимлар бор кучни ишга солиб, йиғилиб қолган сувни чиқариб ташлашга ҳаракат қилишди, аммо ёмғир тинай демасди.

Бундай шароитда футбол ҳақида ўйлаши қийин бўлган мухлислар эса вақтичоғлик қилишга қарор қилишди ва трибунада икки жамоа мухлислари ўртасида муштлашув бошланиб кетди.

Можаро жойига стюардлар отряди етиб келиб, уларни ажратишга киришди.

Кўп ўтмай ёмғир ҳам тинди, мухлислар ҳам ўз жойларига қайтишди ва ўйинни бошқа вақтга қолдиришга ҳожат қолмади. 

Евронинг энг яхши ўйини

Туркия – Гуржистон 3:1

Голлар: 1:0 – 25 Мулдур, 1:1 – 32 Микаутадзе, 2:1 – 65 Гулер, 3:1 – 90+7 Октуркўғли.
Туркия – Гунок, Мулдур (Челик, 85), Бардакчи, Оқойдин, Ойхон (Демирал, 79), Кадиўғли, Чалхонўғли, Кекчи, Гулер (Язижи, 79), Йилмаз, Йилдиз (Оқтуркўғли, 85).
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Кверквелия (Зивзивадзе, 85), Двали, Цитаишвили (Лочошвили, 74), Кочорашвили, Чакветадзе (Давиташвили, 73), Меквабишвили (Алтунашвили, 89), Кварацхелия, Микаутадзе.
Огоҳлантиришлар: Бардакчи (35), Кверквелия (56), Чалхонўғли (89).

Туркия ва Гуржистон ўртасидаги ўйинни чемпионатнинг энг томошабоп ўйини дейиш мумкин. Жамоалар амалда майдон марказисиз ўйнашди. Кўп ҳужумлар уюштирилди ва ўз навбатида рақибга ҳам гол уришга кўп имконият қолдирилди. Икки томондан дарвоза устунлари ва тўсинларига борган зарбаларни ҳисобга олсак, бу ўйинда голлар тўрттадан кўп ҳам бўлиши мумкин эди.

Туркия биринчи бўлимда икки дақиқа ичида икки бор дарвозани ишғол этди. Аммо улардан фақат биттаси инобатга олинди. Мерт Мулдур жарима майдони ичидан қайтиб чиққан тўпни тўхтатмасдан зарба берди — тўп яқин тўққизликка бориб тушди. Ва кейинги ҳужумдаёқ Кенан Йилдиз ҳам иккинчи темпда бўш дарвозага тўпни киритди. Бош ҳакам голни ҳисобга олганди, аммо VAR вазиятга аралашиб, кичик офсайд қайд этди.

Навбатдаги гол ҳам ўзини узоқ куттирмади. Гуржистонликлар 32-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди. Жорж Микаутадзе миллий жамоасининг Европа чемпионатларидаги илк голи муаллифи. Бу гол урилган ҳужумда кўп ишни жарима майдони ичида рақибни алдаб ўтиб, узатма берган Георгий Кочорашвили бажарди.

Иккинчи бўлим бошланишидан 30 сония ўтмасдан мухлислар дарвозасига борган яна бир зарба гувоҳи бўлишди. Икки жамоа ҳам таваккалчилик билан ҳужумкор футбол ўйнашда давом этишди. Турклар кутилганидек кўпроқ вазиятлар яратишди ва якунда айнан улар яна олдинга чиқишди. Арда Гулернинг фантастик зарбаси голга айланди.

«Реал»нинг ҳужумкор яримҳимоячиси бу мавсумда ҳайратланарли кўрсаткич қайд этмоқда. У Испания чемпионатида ўзига берилган вақтда олти бор дарвоза томон зарба йўллаган — ва олти гол урган. Бу ўйинда ҳам Гулер битта зарба берди ва бу голга айланди. Биринчи бўлимда Мулдур турнирнинг энг чиройли голини ургандек кўринганди, Гулер эса унга рақобат қиладиган бўлди.

Кейинги ҳужумдаёқ гуржистонликлар мувозанатни тиклаши мумкин эди. 70-дақиқада Кочорашвили рақиб жарима майдонида ҳимоячини алдаб ўтди, аммо унинг қулай позициядан йўллаган зарбаси тўсинга борди. Кейин эса Георгий Мамардашвили бир неча ажойиб сейвлар намойиш этишига тўғри келди. Хвича Кварацхелия эмас, айнан у ва Кочорашвили гуржистонликларнинг майдондаги энг яхши футболчилари бўлишди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда турклар кучли босимга бардош беришига тўғри келди. Хвича хавфли вазият яратди, аммо жамоадошлари унинг қанотдан узатмасини голга айлантира олмади. Кейин Туркия жарима майдонида ақл бовар қилмас ишлар рўй берди. Кочорашвилининг зарбаси устунга тегди, кейин ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб қолди. Гуржистон Европа чемпионатидаги илк очкосини қўлга киритишга жуда яқин эди, аммо бунинг ўрнига аламли гол ўтказиб юборилди.

Бурчак зарбаси ижро этилаётганида Мамардашвили рақиб жарима майдонига етиб борди, турклар эса тўпни эгаллаб олиб, қарши ҳужум уюштирди, Карим Оқтуркўғли тўп билан майдоннинг ярмини босиб ўтиб, бўш дарвозани ишғол этди.

3:1 ҳисоби туркларни плей-оффга максимал даражада яқинлаштирди.

Роналду рекордини гол билан нишонлай олмади

Португалия — Чехия 2:1
Голлар:
Ҳранач (69, автогол), Консейсау (90+2) — Провод (62).
Португалия – Кошта, Далот (Инасиу, 63), Пепе, Диаш, Мендеш (Нету, 90), Канселу (Семеду, 90), Фернандеш, Витиня (Консейсау, 90), Силва, Леау (Жота, 63), Роналду.
Чехия – Станек, Цоуфал, Ҳранач, Ҳолеш (Хори, 90+3), Крейчи, Доудера, Провод (Барак, 79), Соучек, Шулц (Шевчик, 79), Шик (Хитил, 61), Кухта (Лингр, 60). 
Огоҳлантиришлар: Леау (39), Шик (57), Консейсау (90+3).

Ўйин бошланиши арафасида португалияликлар бир неча рекордларни ўрнатишди: Криштиану Роналду Европа чемпионатларига олтинчи марта келган илк футболчи бўлди, Пепе 41 ёшида турнир тарихидаги энг ёши катта футболчига айланди. Аммо майдонда аутсайдер рақиб қаттиқ қаршилик кўрсатди — португалияликлар биринчи бўлимни тўлиқ назорат қилган бўлса-да, рақиб дарвозасига йўл тополмади. Роналдуда иккита яхши вазият бўлди, аммо рақиб дарвозабони унинг зарбаларини тўсди.

Роналду жами 5 марта зарба бериб, бу бўйича учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Унинг узатмалари 100 фоизга аниқ чиқди - 22 тадан 22 таси ҳам.

Фаворитлар иккинчи бўлимда ҳам босим уюштиришда давом этди, аммо 62-дақиқада чехлар камдан кам ҳужумларидан бирида ҳисобни очишди — Лукаш Провод жарима майдони ташқарисидан тўпга бир тегинишда зарба бериб, Диогу Коштани доғда қолдирди. Бу Чехия футболчиларининг дарвоза соҳасига борган илк зарбаси эди.

Португалия тезда жавоб қайтарди — Нуну Мендеш бош билан тўпни дарвозанинг ўнг бурчагига йўналтирди, тўп чехлар дарвозабонидан унга яқин масофадаги ҳимоячининг оёғига қайтди ва драматик автогол содир бўлди. Голдан кейин сценарий ўзгармади — португаллар босим қилишда давом этди, чехлар эса ўйин охиригача бошқа зарба йўллашмади. Роберто Мартинес шогирдлари эса ўйин охирларида иккита голли ҳужум уюштиришди: биринчи гол Роналдудаги офсайд туфайли бекор қилинди — Кришнинг бош билан йўллаган зарбаси устундан қайтган, Диогу Жота эса бир неча метр масофадан туриб қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйганди.

Лекин қўшимча дақиқаларда Франсишку Консейсау тоза гол урди — чехлар ҳимоячиси Педру Нетунинг қанотдан узатмасини қайтаришда хатога йўл қўйди ва Португалиянинг яқин ўтмишдаги юлдуз футболчиси, Сержиу Консейсаунинг 21 ёшли ўғли Франсишку Консейсау ғалаба голини урди.

Турнир фаворитларидан бири сифатида қаралган португаллар ҳам биринчи турда Франция ва Англия каби қийин ғалабага эришди. Кейинги турда Роналду ва жамоадошларини Туркияга қарши яна бир қийин ўйин кутмоқда.

Мавзуга оид