Ўзбекистон | 20:57 / 21.09.2016
6528
3 дақиқада ўқилади

Суд-криминалистика экспертизаси истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида суд экспертизасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳанинг замонавий техник база, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозланиши одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда суд- криминалистика экспертизасининг ривожланиш истиқболлари” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. 

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази директорининг ўринбосари А.Закурлаев ва бошқалар юртимизда суд экспертизаси хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Суд экспертизаси маркази ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноий ишларни юритишда замонавий илм – фан имкониятларидан фойдаланган ҳолда назарий ва амалий ёрдам кўрсатаётир. Марказий Осиёда биринчи бўлиб ташкил этилган инсон ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси ёрдамида очилиши қийин бўлган жиноятлар фош этилмоқда. 

Экспертлик тадқиқотлари жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий илмий даражада ўтказилаётир. Бунда қонунчилик асослари такомиллашгани, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани экспертлик фаолиятнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлади. 

Марказда экспертизанинг 40 тури бўйича фаолият олиб борилган бўлса, кейинги икки йил давомида уларнинг сони яна тўрттага кўпайди. Техника асри учун долзарб бўлган рақамли технологиялар, шунингдек, электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбаларни комплекс тадқиқ қилиш, ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқи қийматини баҳолаш, ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси, суд-экологик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, суд-филологик экспертизалар каби янги турлар амалиётга жорий этилди. 

Марказ лабораториясида ўзбек, рус, зарур ҳолларда эса бошқа тиллардаги фонограмма ва видеоёзувлар ҳам тадқиқ қилиниши йўлга қўйилди. Ушбу йўналишда 150 дан ортиқ экспертиза ўтказилди. 

Экстремистик, террористик жиноятлар глобал муаммолардан саналади. Мазкур жиноятлар ахборот технологиялари орқали кенг тарғиб қилинаётгани сир эмас. Олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида суд-сиёсатшунослик-лингвистик эспертизасини ўтказиш услуби ишлаб чиқилди. Мазкур йўналишда эксперт тадқиқотларини амалга оширишда асосан терроризм, экстремизм ва диний адоватни қўзғатиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солишга қаратилган материалларни тарқатиш бўйича фактлар ўрганилади ва хулосалар берилади. 

Бундай янги экспертиза турларининг амалиётда кенг қўлланилаётганлиги жиноятларни очиш, далиллар тўплаш, одил судловни амалга оширишга хизмат қилмоқда. 

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди. 

Мавзуга оид