Ўзбекистон | 17:37 / 20.06.2021
29275
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда ер ажратишдаги қонунбузарликлар, ўзини оқламаган тажриба ва бошланган текширувлар. Прокурорлар билан янги фармон бўйича суҳбат

Ўзбекистонда ер ажратиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Унга кўра, ҳокимларнинг фуқаролар ва юридик шахсларга ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш ва олиб қўйиш ваколати бекор қилинмоқда, бундан буён барча ҳудудларда ер майдонлари аукцион орқали сотилади. Шунингдек, давлат органлари эндиликда қайсидир ташкилотга ер ажратилиши учун имтиёз берилишини сўраб чиқа олмайди.

Kun.uz кутилаётган шу ва бошқа ўзгаришлар, умуман, янги тартиб жорий этилишига олиб келган сабаблар ҳақида Бош прокуратура мутасаддиларидан интервью олди.

– Президентнинг ер муносабатларини тартибга солишга оид янги фармони қабул қилинишига қандай эҳтиёж бор эди? Янги тартибга кўра, амалда нималар ўзгаради ва бу нима беради?

Элдор Аъзамов,
Бош прокуратуранинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори:

– Ер соҳасига оид қонунчилик прокурорларнинг кундалик иш юритувидаги соҳалардан ҳисобланади. Фармон қабул қилиниши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Маълумки, ер муносабатларига босқичма-босқич ўтиляпти. 2019 йилда қабул қилинган 5742-сонли фармонда айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни фармоннинг 5-бандида суғориладиган ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш фақат президент қарори билангина амалга оширилиши белгиланди.

Элдор Аъзамов

Янги фармон қабул қилинишига асос бўлувчи омиллардан бири қишлоқ хўжалик ерлари ўзлаштирилиши ҳисобланади. 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида бутун республика миқёсида прокуратура ва бошқа вазирликлар билан ўтказилган ўрганишлар олиб борилди. Натижада 7,1 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалик ерлари ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланди. 8,7 минг гектар ерда ноқонуний қурилиш қилингани фош этилган. Шунингдек, 5,3 минг гектар қишлоқ хўжалик ерларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилгани аниқланиб, мазкур ерлар туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган.

Ушбу белгиланган даврда туман ҳокимликлари томонидан ер ажратишга оид 7,5 мингта қарор қонунга зид равишда қабул қилингани ҳамда 120 минг гектар ер ноқонуний ажратилгани маълум бўлди.

Ўтган йилда маъмурий судларда туман ҳокимларининг ер бериш билан боғлиқ 2200дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Янги фармон қабул қилинишига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини ажратиш, олиб қўйиш, ерларнинг тоифасини ўзгартириш жараёнида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилгани сабаб бўлди. Шунга кўра, амалдаги ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, мутлақо янги тизим жорий қилинмоқда. Янги тартиб очиқ ва шаффофлиги, барчага тенг имконият бериши билан аҳамиятлидир.

Азим Сатторов,
Бош прокуратуранинг Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори:

– Илгари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда пойтахтда эксперимент тариқасида шаҳар ҳокимига инвестицион жозибадорликни кўтариш, хорижий инвесторларни кўпроқ жалб этиш мақсадида ер майдонларини танловсиз, тўғридан тўғри ажратиш ҳуқуқи берилган эди. Лекин икки йил давом этган бу эксперимент ўзини оқламади, ҳокимликлар томонидан ер ажратиш жараёнида жуда кўп қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Энг ачинарлиси, назорат кучли бўлганига қарамасдан, суиистеъмол қилиш ва коррупция авж олиб кетди.

Азим Сатторов

Шу сабабли ер ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уни бозор активига айлантириш мақсадида бу тарихий фармонга имзо чекилди. Бу билан барча вилоят ва туман ҳокимликлари сингари Тошкент шаҳрида ҳам ҳокимлик томонидан ер ажратиш тизими ваколати бекор қилинди. Натижада Тошкент шаҳрида ҳам ерни аукцион орқали бериш тартиби жорий этилди.

Бу синаб кўрилган эксперимент нимаси билан ўзини оқламади, десангиз, айтиш керакки, бу ерда тенглик принципи бузилди, шаффофлик йўқолди. Буни қонунга зид қарорларни қабул қилишда, ерларнинг талон-торож қилингани каби ҳолатларда кўриш мумкин.

Фармон чиққандан кейин президент администрацияси томонидан йиғилиш ўтказилди. Унда фармондан келиб чиқиб, муайян ишларни бажариш вазифалари юклатилди. Шу жумладан, прокуратура, ДХХ ва бошқа ваколатли идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида туманлар бўйича 13та ишчи гуруҳ тузилди. Ҳокимларнинг тўғридан тўғри ер ажратиш ваколати олинганидан сўнг, уларнинг қарорларни қабул қилиш реестр китоблари олиб қўйилди ва охирги 2,5 йилликда қабул қилинган 49,5 мингдан зиёд қарорлари қонунга зид ёки мувофиқлиги ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилмоқда.

Элдор Аъзамов:

– Юқорида таъкидланганидек, суғориладиган ер майдонлари алоҳида муҳофаза қилинади. 2020 йилда 2,2 минг гектар суғориладиган ер АЁҚШ, савдо дўкони ва бошқа объектлар қуриш учун бериб юборилган. Бундан ташқари, 609 гектар ер ишлаб чиқариш объектлари, 800 гектардан ортиқ ер уй-жой қуриш учун ноқонуний ажратилиб, экин ерлари муомаладан чиқиб кетган. Ер қонунчилигини бузгани учун 588 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган, уларнинг бир қанчасига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича 400га яқин тақдимнома киритилган. Ноқонуний қарорларни бекор қилиш учун 7000дан ортиқ протестлар келтирилган. 1300 нафардан ортиқ мансабдор шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни қайтариш, ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга 2 мингга яқин даъво аризалари киритилган.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 5700 гектардан ортиқ ерлар қайтарилиши, 2,1 минг гектардан ортиқ майдондаги ноқонуний қурилмалар буздирилиши таъминланган.

– Суғориладиган ерда барпо этилган ҳар қандай иншоотлар бузилиб, аввалги ҳолига қайтганми, фойдаланишга яроқлими?

Элдор Аъзамов:

– Юқорида келтирилган рақамлар ноқонуний қурилмалар тўлиқ йўқотилди дегани эмас. Сабаби ўзбошимчалик билан эгалланган ерларда фуқаролар уй-жойлар қуриб яшаб келмоқда. Буларни буздириш учун судларга даъво аризалари киритилган. Шу нуқтайи назардан жараён ҳали давом этяпти.

– Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида қўпол қонунбузилиш ҳолатлари ёки коррупция аломатлари аниқланса, бунинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлади? Мисол учун, қинғир йўллар билан қўлга киритилган ерлар олиб қўйилиши мумкинми?

Азим Сатторов:

– Ишчи гуруҳ Учтепа тумани ҳокимлиги қарорларини ўрганмоқда. Туманда 4-5та қарор қабул қилинган. Бундан ташқари, прокуратура томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ерни ноқонуний бериш бўйича ўрганиш ишлари йўлга қўйилган.

Ўтган қисқа муддат ичида Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида ўтказилган назорат тадбирларида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 705-сонли қарори билан Сергели ҳокимлиги учун замонавий маҳалла қуриш мақсадида 0,2 гектар ер берилгани аниқланди. Лекин бу ер Сергели туман ҳокими қарори билан хусусий тадбиркорга ноқонуний бериб юборилган. Ушбу ҳолат бўйича 205-модда билан туман ҳокимлигининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очилди.

Яна бир мисол, Яшнобод туман ҳокимининг 2017 йил 16 июндаги қарори иловасида тадбиркорга Донишманд маҳалласидан 0,4 гектар ер майдони ажратиб берилиши кўрсатилган бўлса-да, қарор иловаси қалбакилаштирилиб, бошқа ҳудуддан ер берилгани аниқланган. Бу бўйича жиноий иш очилган.

Шундай ноқонуний равишда эгалланган ерлар давлат тасарруфига қайтарилади. Агар у ерда қурилиш ишлари олиб борилган бўлса, судга мурожаат қилиш орқали уларни буздириш чоралари кўрилади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид