Ўзбекистон | 15:34 / 24.10.2024
2373
3 дақиқада ўқилади

Саноат корхоналари чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатишни пайсалга солмоқда — Бош прокуратура

Пойтахт атмосфера ҳавоси ифлосланишига иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситаларидан ташламалар чиқариш ҳажмлари ошиб бориши, эълон қилинган мораторий даврида ҳам қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишлари жадал амалга оширилиши бевосита таъсир кўрсатаётгани келтирилган. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бош прокуратура Тошкент вилояти ва пойтахт ҳавосини ифлослантираётган саноат корхоналарини текширмоқда. Масъул ташкилотлар ўтказган таҳлилларга кўра, I ва II тоифага кирувчи, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш пайсалга солинмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятда 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан фақат 8 тасида бу ишлар амалга оширилган.

«Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражаси ортиб бораётгани ва «салбий» рейтингларда етакчи ўринларга чиқаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар барчада асосли ташвиш ва қайғу уйғотмоқда.

Пойтахт атмосфера ҳавоси ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар билан бир қаторда иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситаларидан ташламалар чиқариш ҳажмлари ошиб бориши, эълон қилинган мораторий даврида ҳам қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишлари жадал амалга оширилиши бевосита таъсир кўрсатмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Прокуратура органлари ушбу ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни, президентнинг тегишли фармонлари ва топшириқлари ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижросини атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдорини камайтириш ва атмосфера ҳавоси ҳолатини яхшилашга асосий эътиборни қаратган ҳолда жорий йил сентябр ойидан бошлаб республика бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказилишини йўлга қўйди.

Таҳлилларда I ва II тоифага кирувчи, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ишлари пайсалга солинаётгани, шу жумладан Тошкент вилоятда 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан 8 тасидагина бу ишлар амалга оширилгани маълум бўлди.  

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги текширишлар Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда бевосита Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 22 октябр кунидан амалга оширила бошланган. 

Бош прокуратура томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиниши ҳамда улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўриб борилиши қатъий таъминланиши таъкидланган. 

Мавзуга оид