Ўзбекистон | 10:49 / 22.08.2022
81951
4 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги илк жигар трансплантацияси: бемор ҳам, донор ҳам шифохонадан чиқмай вафот этди  

Шу йил 9 август куни Самарқандда илк бор  жигар трансплантацияси амалиёти бажарилгани айтилганди. Аммо кўп ўтмай Kun.uz’га бемор ҳам, донор ҳам шифохонадан чиқмай вафот этгани ҳақида хабар келиб тушди.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири Жомбой туманида бўлиб, вафот этганларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Самарқандда амалга оширилган илк амалиётда қатнашган 57 ёшли бемор жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган бўлиб, унга 35 ёшли қизи донорлик қилган.

Маълум бўлишича, донор онасининг тузалиб кетишига катта умид билдирган.

“Аёлим сўнгги икки йилда анча қийналди. Бир қатор текширувлар, муолажаларни бошдан ўтказди. Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган текширувлардан сўнг, шифокорлар шу ерда операция қилиш мумкинлигини тавсия қилишди. Аввалига ўзим донорлик қилмоқчи бўлдим, шифокорлар тўғри келмаслигини тушунтиришди. Шундан сўнг қизим донорлик қиладиган бўлди. Операция ҳам ўтди, аёлим ва қизимнинг оёққа туриб кетишига умид қилдик. Бироқ аввал онаси, кейин қизим шифохонадан чиқмай нобуд бўлди. Аллоҳнинг иродаси экан” – деди Абдумалик Қурбонов.

12 август куни бемор, 16 август куни донор вафот этган.  

Онасига донорлик қилган аёлнинг турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди бўлган. Унинг турмуш ўртоғи операция ўтказилаётганда Россияда бўлган. Хотинининг донорлик қилишига ёзма тарзда рози бўлиб, уни электрон тарзда шифокорларга ташлаб берган.

“Аёлимни фикридан қайтаришга жуда кўп уриндим. Донорлик қилса, эртага ўзи ҳам хасталаниб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирдим. Онасининг тузалиб кетиши учун қаттиқ туриб олди. Мажбуран рози бўлдим. Операциядан аввал ҳам телефон орқали суҳбатлашдик, аёлим соғлом эди. Шифокорлар ҳам операция ижобий ўтгани ҳақида маълумот беришди. Бироқ шифохонадан чиқмай қайнонам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам вафот этди. Мен отамнинг қарори билан даъво қилмай турибман. Бироқ нега шифокорлар ҳолатга юзаки қарашди? Ҳозир бизнинг қўлимизга хотинимни юрак билан боғлиқ муаммо сабаб вафот этди, деб қоғоз беришган. Соғлом одамни операция столига олиб, унинг ҳаётини хавф остида қолдираётган шифокорлар аввал барча чораларни кўриб қўйган бўлиши керак эмасмиди? Операцияга розилик билдирди дегани, уларнинг ўлимига розиман, дегани эмас-ку” –  деди донорликдан кейин вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи Комилжон Ўсаров.

Ўсаровнинг қўшимча қилишича, аёли 2022 йилнинг баҳорида ҳам кўкрак қисмидан жарроҳлик амалиётини ўтказган.

Вилоят ССБнинг маълум қилишича, трансплантациядан сўнг донорда буйрак етишмовчилиги, икки томонлама зотилжам асорати кузатилиб, стандарт бўйича интенсив даво чоралари қўлланилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, донорда ўпка томирларининг тромбоэмболияси асорати кузатилганлиги гумон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, шифокорлар операция 13 соат 20 дақиқа давом этганини маълум қилишганди. 

“Биз мураккаб амалиётни муваффақиятли якунладик. Бу Самарқанд тиббиётида яна бир янгилик бўлди. Жигар трансплантацияси амалиётини бажаришга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрдик. Бунинг учун ходимларимиз Москва, Қозон, Киев, Истанбул, Анқара шаҳарларида малака ошириб келди”, - деган эди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедра мудири Лутфулло Маҳманов.

Мавзуга оид