Жаҳон | 15:00 / 29.04.2024
6455
3 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйи мамлакатлари Россияни минтақада ҳаво қатновига халақит беришда айблади

Уч Болтиқбўйи республикаси ташқи ишлар вазирлари сўзларига кўра, Россия Болтиқ денгизи минтақасида GPS’ни бостирмоқда ва ҳаво қатновига халақит бермоқда.

Фото: picture-alliance/Bildagentur-online/Saurer

Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирлари Болтиқ денгизи минтақасида GPS сунъий йўлдош навигация тизимининг бостирилиши туфайли самолётлар ҳалокати хавфи кучайиши ҳақида огоҳлантирди ва бунда Россияни айблади. Бу ҳақда 29 апрел, душанба куни Financial Times ёзмоқда

«Россия чегаралари яқинидаги Болтиқбўйи минтақасида вазият жуда хавфли бўлиб бормоқда», - деди Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис.

«Биз GPS билан содир бўлаётган воқеани Россиянинг душман ҳаракатлари бир қисми сифатида кўрмоқдамиз ва биз буни иттифоқчиларимиз билан албатта муҳокама қиламиз», деди Эстония ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Маргус Цахкна. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар «гибрид ҳужум бўлиб, халқимиз ва хавфсизлигимизга таҳдид солади, биз бунга тоқат қилмаймиз». 

Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браженинг қўшимча қилишича, Болтиқбўйи мамлакатлари GPS билан боғлиқ «ҳодисалар»га жиддий ёндашади ва бу масала бўйича «бошқа давлатлардаги ҳамкасблари билан алоқада». 

GPS’даги носозлик иккита фин самолётининг Эстонияга етиб боришига тўсқинлик қилди 

25 ва 26 апрел кунлари Finnair Финландия миллий авиакомпаниясининг Ҳелсинкидан Эстониянинг Тарту шаҳрига учаётган иккита самолёти GPS тизимидаги носозликлар туфайли Финландияга қайтишга мажбур бўлди. 

Мутахассисларнинг баҳолашича, сўнгги ойларда ўн минглаб фуқаролик рейслари GPS ишидаги носозликдан зарар кўрган. Болтиқ денгизи ҳудудидаги барча навигация тизими фойдаланувчиларига таъсир қилган ҳолат, шунингдек, кемалар томонидан ишлатиладиган сигналларнинг узатилишига ҳам тўсқинлик яратди.

FT билан суҳбатлашган экспертлар GPS сигналлари нисбатан арзон ускуналар ёрдамида бостирилиши мумкинлигини қайд этди. 

Ҳеч бир давлат GPS ишига халақит бергани учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади, бироқ Болтиқбўйи минтақасида Россия шу йўл билан Калининградни Украина учувчисиз учоқларининг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоя қилишга уринмоқда, деб ишонилади. Кремл журналистларнинг изоҳ сўрашига жавоб бермади. 

2024 йил март ойида Британия мудофаа вазири Грант Шэппс бортида бўлган Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Полшадан қайтиб, Калининград яқинида парвоз қилаётганда GPS сигналини йўқотганди. 

Мавзуга оид