Жамият | 16:50 / 12.08.2023
25306
11 дақиқада ўқилади

Соғлом шаҳарлар велосипедлар билан қурилади – Ўзбекистон аҳолиси мобиллашадими?

Ер юзидаги қайси илғор жамиятга қаралмасин, уларнинг асосий транспорт воситаси – жамоат транспорти ёки велосипеддир. Дунё аҳолиси мобиллашаётган бир вақтда Ўзбекистон автомобиллар мамлакати бўлиб қолмаслиги зарур. Аҳолига велосипеддан фойдаланиши учун қулай инфратузилма яратилиши, тарғибот ишлари олиб борилиши лозим.

Фото: Kun.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Kun.uz'га велосипеддан фойдаланиш, унинг фойдали жиҳатлари, бу борада дунё тажрибаси ва Ўзбекистондаги ҳолат ҳақидаги таҳлилларини, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тавсияларини тақдим этди.

Саломатлик, экология ва иқтисодиёт учун фойдали қурилма

Биринчидан, велосипедлар, шубҳасиз, саломатлик учун фойдали транспорт воситаси. Уни ҳайдаш – юрак-қон томир тизимини машқ қилдириб, суяк ва мушакларни мустаҳкамлайди, ортиқча вазн, диабет ва бошқа сурункали касалликлар хавфини камайтиради. Ҳар куни ишга велосипедда борадиган кишиларда саратон касаллигига чалиниш хавфи 45 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфи эса 46 фоизга камайиши аниқланган.

Иккинчидан, атроф-муҳитга заҳарли газ чиқармагани сабабли бу қурилмалар экология учун ҳам фойдалидир. 2022 йилда шахсий автомобиллар глобал нефт истеъмолининг 25 фоиздан ортиғини ва улардан чиқувчи зарарли газлар глобал карбонат ангидрид (CО2) эмиссиясининг тахминан 10 фоизини ташкил этган. Велосипедлардан фойдаланиш автомобиллардан ажралувчи газларни камайтириш орқали атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олади.

Нидерландияликлар велосипедда кунига ўртача 2,6 км ҳаракатланади. Агар мазкур одат бутун дунё бўйлаб татбиқ қилинганда эди, атмосферага йиллик карбон диоксиди ажралмаси 686 млн тоннага камаярди. Бу ҳажм кўпгина мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия, Канада, Саудия Арабистони ва Австралиянинг умумий CО2 эмиссиясидан ортиқдир.

Учинчидан, велосипедлар иқтисодий жиҳатдан ҳам одамларга манфаат келтиради. Гап шундаки, велосипед билан қилинадиган саёҳатларнинг ортиши, автомобилдан фойдаланиш даражасини қисқартиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, велосипеддан фойдаланиш улушини 6 фоизга ошириш йиллик глобал иқлим ўзгаришини юмшатиш учун йўналтириладиган маблағларни тахминан 1,2 млрд АҚШ долларига тежайди. Ҳаво сифатининг яхшиланиши соғлиқни сақлаш харажатларини ҳам камайтириб, касаллик туфайли иш кунлари йўқотилишининг олдини олади. Бундан ташқари, қисқа масофада ҳаракатланганда анча вақт тежалади. Сабаби тиғиз соатларда велосипедда манзилга етиб бориш учун сарфланадиган вақт автомобилда сарфланадиган вақтдан 2-3 баравар кўп бўлиши мумкин.

Велосипеддан фойдаланишда тўсиқ бўлувчи омиллар

Тадқиқотларга кўра, дунёда велосипеддан фойдаланишга тўсиқ бўлувчи бир қанча омил ҳам мавжуд бўлиб, уларни 3 та асосий гуруҳга ажратиш мумкин.

1.Велосипедга бўлган муносабат ва унинг фойдали жиҳатларидан бехабарлик мамлакатда велосипедларнинг юқори улушига эришиш йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири ҳисобланади.

Жамиятда велосипедлар ҳақида бир нечта салбий қарашлар мавжуд:

  • Велосипед бу машина олишга қурби етмайдиган камбағаллар учун;
  • Аёллар учун мос транспорт воситаси эмас;
  • Ёш болалилар (оналар) учун ҳам мос эмас. Чунки болаларни бу транспорт турида боғчага олиб бориш қулай эмас.

Қолаверса, жамиятнинг велосипеддан фойдаланиши саломатлик ва атроф-муҳит учун қанчалик фойдали эканини билмаслиги ҳам айтилмоқда.

2.Ривожланмаган инфратузилма велосипедда ҳаракатланиш учун тўсиқларни келтириб чиқаради. Бу эса одамларда бу экологик тоза ва соғлом транспорт туридан фойдаланиш истагини камайтиради. Буларга мисол тариқасида:

  • Велосипед йўлакларининг йўқлиги;
  • Йўлларнинг ёмон ҳолатда экани;
  • Велотураргоҳларнинг етишмаслигини келтириш мумкин.

Шунингдек, МҲТИ автомобил чорраҳадан ўнгга бурилаётган вақтда тўғрига ҳаракатланаётган велосипедчилар учун тўқнашув хавфи туғилишини ҳам қайд этган. Бу велосипедчилар билан боғлиқ энг кўп учрайдиган нохуш ҳодиса.

3. Шаҳарсозлик сиёсатини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам бор. Яъни давлат ёки маҳаллий ҳокимият органлари велоспорт инфратузилмасини ривожлантиришга етарлича эътибор бермаса, велойўлаклар, автотураргоҳлар ва бошқа тегишли объектларни қуриш, уларни сақлаш учун маблағ ва ресурслар ажратмаса, бу қурилмадан фойдаланиш даражаси пастлигича қолаверади.

Иш берувчиларнинг велосипедда ишга қатновчи ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида минимал шароитлар яратиши ҳам аҳамиятли. Бунда велосипеддан фойдалангандан сўнг енгил душ қабул қилиш ва кийим алмаштиришга эҳтиёж туғилади, бунинг учун эса ишхоналарда махсус жойлар ташкил қилиниши муҳим. Ҳозирги вақтда ишловчиларнинг биносида бундай минимал талабларга жавоб берувчи жойларнинг йўқлиги, айниқса иссиқ ёки ёмғирли ҳавода велосипеддан фойдаланишга тўсқинлик қилади.

Хориж давлатларининг велосипед бўйича миллий мақсадлари

Велосипеднинг муҳим афзалликларини англаган ҳолда, кўпгина давлатлар велосипед транспортини ривожлантириш учун умуммиллий мақсадларни белгилаб олган.

2021 йилнинг май ойида “Велосипедлаштириш” Паневропа режаси қабул қилинган. Бош режанинг асосий мақсади – “2030 йилга қадар бутун минтақада велосипедчилар сонини икки баравар оширишдек умумий мақсадга ҳисса қўшиш учун ҳар бир мамлакатда велосипедчилар сонини сезиларли даражада ошириш”. Режага кўра, 2030 йилгача барча давлатлар велотранспорт миллий сиёсатини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак.

Шунга мувофиқ, Европа Иттифоқига аъзо бир қатор давлатлар ўз миллий мақсадини белгилаб олган. Масалан, Франция 2024 йилгача велосипедлаштириш даражасини уч баравар, яъни 3 фоиздан 9 фоизгача оширишни мўлжалламоқда.

Болгария, Хорватия, Руминия ва Сербия каби мамлакатлар "Дунай велосипедда ҳаракатланиш режаси"нинг ҳамкорлари бўлиб, трансмиллий "Дунай велотранспорт стратегияси" асосида велосипед сиёсатини ишлаб чиққан.

Англия 2025 йилга бориб, 2013 йилдагига нисбатан велосипед саёҳатлари сонини икки баравар оширишни кўзда тутмоқда.

Ўзбекистонда велосипед билан боғлиқ вазият қандай?

Дунё мамлакатларида жами аҳолининг айнан велосипед орқали ишга қатнаш даражаси фоизларда олиб қараганда ёмон натижани кўрсатмаган. Ўрганишларга кўра, глобал миқёсда бу кўрсаткич ўртача 12 фоизни ташкил қилади. Булар орасида энг кўп рақамлар қуйидагича қайд этилган:  

  • Нидерландия 30 фоиз;
  • Ҳиндистон    22 фоиз;
  • Хитой            22 фоиз;
  • Швеция         20 фоиз;
  • Колумбия      17 фоиз;
  • Полша           17 фоиз ва бошқалар.

Мавзуни ўрганиш жараёнида МҲТИ Kun.uz билан ҳамкорликда кичик сўровномалар ҳам ўтказди. Дастлабки сўров натижаларига кўра, 102,1 минг нафар одамнинг атиги 7 фоизигина ишга қатнашда велосипеддан транспорт воситаси сифатида фойдаланишини маълум қилган. Қолган 51 фоизи автомобилда (уларнинг 36 фоизи шахсий автомобилда), 26 фоизи жамоат транспортида ва 16 фоизи пиёда қатнаши аниқланган.

“Агар қулай инфратузилма бўлса, ишга қатнашда велосипеддан фойдаланган бўлармидингиз?” дея берилган иккинчи сўровда эса 97 минг кишининг 74 фоизи “ҳа” дея жавоб берган. Яъни респондентларнинг ярмидан кўпи велосипеддан фойдаланмаётганининг асосий сабаби сифатида шаҳардаги ноқулай инфратузилмага ишора қилган. Қолган 26 фоизи эса рад этиш учун турли сабабларни кўрсатган. Масалан, масофанинг узоқлиги (12 фоиз), уялиш (4 фоиз), ноқулайлик (4 фоиз), соғлик билан боғлиқ муаммолар (2 фоиз) ва бошқа сабабларни (4 фоиз) белгилаган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг ўрганишларига кўра, пойтахтда велосипедда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи бир қатор инфратузилмавий камчиликлар мавжуд:

  • Велосипедчилар бетон, ариқлар, чакана савдо расталари каби тўсиқларга дуч келади ва автомобилларнинг велойўлаклардан автотураргоҳ сифатида фойдаланиши билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилади;
  • Пиёдалар велойўлакларга чиқиб, велосипедчиларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилади;
  • Баъзи кўчалардаги велосипед йўлакларининг кенглиги 1 метр бўлиб, халқаро стандартларга жавоб бермайди;
  • Велосипед йўлаклари тарқоқ ва бир-бири билан боғланманган. Бунинг оқибатида велосипедчилар йўлнинг қатнов қисми бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда.

2022 йилда Ўзбекистонда 9 минг 902 та ЙТҲ расман қайд этилган бўлиб, улардан 1 минг 136 таси (11,5 фоизи) велосипедчилар иштирокида содир бўлган. 342 та (3,5 фоизи) ҳолатда велосипед йўлакларининг йўқлиги автоҳалокатга сабаб бўлган.

Бунга қўшимча равишда, инфратузилма билан боғлиқ бўлмаган бир қатор бошқа омиллар борлиги ҳам аниқланган:

1.Мамлакатда велосипедларга паст ижтимоий мавқега эга кишиларнинг транспорт воситаси сифатида қараш мавжуд. Бу эса ўз навбатида велосипедлардан фойдаланишга нисбатан салбий муносабат шаклланишига олиб келади. Айтиш жоизки, бу борада Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фуқароларни соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва велосипеддан фойдаланишга ундаш мақсадида ҳар жума куни “Автомобилсиз кун” ташаббусини таклиф қилган. 

2. Минтақа иқлими экстремал ҳисобланиб, ёз ойларида ҳарорат жуда кўтарилиб кетиши мумкин. Бу велосипедчилар учун ноқулайлик туғдириши ва велосипедлардан узоқ вақт давомида фойдаланишни чеклаши мумкин.

3. Ўзбекистонда кўпчилик велосипеддан транспорт воситаси сифатида фойдаланишнинг фойдали жиҳатлари, яъни велосипедларнинг саломатлик ва атроф-муҳит учун ижобий таъсири борасида тўлиқ маълумотга эга эмас.

Институтнинг бу борадаги тавсиялари

Велосипеднинг янада кенгроқ ва оммавий транспорт турига айланиши учун хавфсиз ва қулай инфратузилма, жумладан, тўхташ жойлари ва таъмирлаш станцияларини қуриш зарур. Бу велосипеддан фойдаланишни янада қулай ва жозибали қилишга ёрдам беради. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, агар шаҳар аҳолисига қулай, хавфсиз велосипед инфратузилмаси таклиф қилинса, одамларнинг 5-10 фоизи велосипеддан фойдаланишга ўтиш учун тайёр.

Яна бир тадқиқотга кўра, велосипедни кундалик транспорт воситаси сифатида тарғиб қилиш орқали унинг оммалашишига эришиш мумкин. Велосипеднинг афзалликлари ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган кенг қамровли маркетинг кампанияси билан велосипеддан фойдаланиш маданиятини шакллантириш таклиф этилади.

Велосипедлардан фойдаланишни тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадам бу – шаҳар ва сайёҳлик ҳудудларида велосипедларни ижарага бериш тизими (велошеринг)ни ривожлантиришдир. Бу ўз велосипедига эга бўлмаган одамларга ундан фойдаланиб кўриш имконини беради. Шунингдек, велотранспортга ижобий муносабатни шакллантирадиган ва бу турдаги фаолиятга кўпроқ одамларни жалб қиладиган велосипед жамиятларини, пойгалар ва саёҳат тадбирларини ташкил қилиш таклиф этилади.

Янги Тошкент қурилаётган вақтда мазкур мавзу ўта аҳамиятли ҳисобланади. Велосипед йўлакларини янги шаҳар режасига киритиш экологик барқарорликка, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигига, шунингдек, иқтисодий ривожланиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга ҳисса қўшадиган муҳим жиҳатдир.

Абдусаттор Абдумўминов, МҲТИ етакчи илмий ходими,

Дилшода Шомирзаева, Kun.uz мухбири тайёрлади.

Мавзуга оид