Жаҳон | 21:06 / 19.05.2022
27653
10 дақиқада ўқилади

Битта футболка учун 3 йиллик чучук сув – кийим-кечак саноати иқлимни қандай зарарлайди?

Ўзбекистонда охирги 5 йилда иссиқ кунлар сони одатдагидан 10–15 кунга кўпайган. Иссиқхона газлари ортишда давом этаверса, бу рақамлар ҳам катталашаверади. Бугун керагидан ортиқча кийим сотиб олавериш иқлим ўзгаришига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида сўз юритамиз. Мақоладаги рақамлар сизни эътиборсиз қолдирмаслиги аниқ.

Фото: Alamy

Жаҳонда мода саноати ҳар фаслда одамларни трендда бўлишга чақириб, тинимсиз ҳаракат қилади. Кўпчилик трендда бўлган кийимларни кийишга ошиқади. Лекин табиатни-чи, уни ким ўйлайди?

Ҳисоб-китобларга кўра, мода саноати иссиқхона газларининг 10 фоизига сабаб бўлади. Бир дона пахта толали футболка харидорга етиб келгунча 2000 минг литр сув сарф бўлади. Бу – бир кишининг 3 йиллик истеъмол суви дегани.

7 кийимлик жинсига сарфланадиган сув – 1 одамнинг бутун умрлик истеъмол суви

Бир одамга йилига 20 бўлак мато тўғри келади. Дунёда қарийб 8 миллиард аҳоли бўлса, бу 1 йилда 160 миллиард бўлак мато кийим-кечак учун ишлаб чиқарилишини англатади. Ва бунинг учун дунёдаги сув сарфининг 20 фоизи сарфланади.

Модалар фаслга қараб, икки катта макрогуруҳга бўлинади: баҳорги ва ёзги, кузги ва қишки. Бундан ташқари, модасеварлар учун бир йилда 50-100тача микрофасллар бор.

Модалар тез-тез ўзгариб бориши ва кийим-кечак нархи тушиши сабаб 2020 йилда 2000 йилдагига қараганда кийим-кечак хариди дунё бўйлаб 60 фоизга ошган.

Бир бош кийим ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичидан тайёр ҳолга келгунича ўтадиган жараённи бирма-бир ҳисоб-китоб қилиш бироз мушкул. Шу сабаб буни бир кийимлик жинси мисолида таҳлил қиламиз.

БМТ эълон қилган статистикага кўра, 1 кийимлик жинси учун ўртача 1 килограмм пахта сарф бўлади. Толалар ичида кийим-кечак саноатида энг кўп (33 фоиз) фойдаланиладиган тола ҳам пахтадир.

Пахта қуруқ иқлим шароитида ўсишини инобатга олсак, 1 кг пахтага 7500–10000 литр атрофида сув керак бўлади. Бу – 1 одамнинг 10 йиллик ичимлик суви дегани. Маълумот учун, экинларни суғориш мақсадида чучув сувдан фойдаланилади – уни қайта ишлаб, ичимлик сувига айлантириш мумкин.

Буни яна кенгроқ таҳлил қиладиган бўлсак, ўртача 7та жинсига кетадиган сув билан 70 йил яшайдиган одамнинг бир умрлик истеъмол сувини таъминлаш мумкин. Ёки 1 йилда 2 марта жинси кийим сотиб оладиган одам, 4 йил жинси киймаслиги орқали 1 одамнинг бутун умрлик истеъмол сувини қутқариб қолиши мумкин деб тушунса бўлади.

Фото: Getty Images

Қайси кўпроқ табиатга зарар: синтетикми ёки пахта тола?

Умуман, саноатда фойдаланиладиган толаларнинг ярми синтетик ҳисобланади. Чунки улардан фойдаланиш ҳар томонлама осон, узоқ вақт хизмат қилади, енгил ва жуда арзон. Синтетиклар ичида ҳам кийимлар учун энг кўп фойдаланиладигани полиэстер толалардир. Полиэстерлар пахта толали кийимдан анча кам сув талаб қилади, лекин кўпроқ иссиқхона газига сабаб бўлади.

Дунё бўйлаб ҳар йили полиэстердан кийим-кечак тайёрлаш учун 70 миллион баррел нефт ишлатилади. Шунинг учун ҳам бир дона полиэстердан тайёрланган кўйлак пахтадан тайёрланганидан 2 баробар кўпроқ иссиқхона газига сабаб бўлади. Пахта толали кўйлак 2,1 карбонат ангидрид чиқарса, бу полиэстер кўйлакда 5,5 килограммга тўғри келади.

Тўқимачилик учун полиэстер ишлаб чиқариш 2015 йилда тахминан 706 миллиард килограмм иссиқхона газларини чиқарган бўлса, бу – 185та кўмир ёқилғисида ишлайдиган электр станциялари йиллик иссиқхона газига тенг.

Онлайн дўконлар харидлар сони ошишига олиб келяптими?

Инсоннинг харид усули ва ҳажми карбонат ангидридга таъсир этишида энг муҳими дейиш мумкин. Масалан, айрим тадқиқотчилар кийимларни онлайн буюртма бериш анъанавий бозор айланиб юришдан анча камроқ карбонат ангидрид газига сабаб бўлади, деб ишонишади. Бироқ кўп ҳолларда харидорга онлайн дўкондан харид қилган кийими ёқмаслиги ва уни ортига қайтариб юбориши янада кўпроқ карбон газга сабаб бўлади.

Тадқиқотларга кўра, онлайн кийим харид қилиш харидорларни кўпроқ кийим сотиб олишга руҳлантириб қўймоқда. Натижада одамлар эҳтиёжидан кўпроқ кийим сотиб олишга ўтган.

Экологик тоза кийим тайёрлашга уринаётган брендлар

Сувдан фойдаланиш ва ифлосланиш кийим ишлаб чиқариш жараёнида ҳам содир бўлади. Саноатдаги сув ифлосланишининг қарийб 20 фоизи кийим-кечак ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлса, дунёда ҳар йили матоларни бўяшнинг ўзига 5 триллион литр сув ишлатилади, бу 2 миллион дона Олимпия ўлчамидаги сузиш ҳавзаларини тўлдириш учун етади деган гап.

Фото: ecocult.com

Шунинг учун айрим кийим-кечак фабрикалари ва компаниялар ўзларининг тўқимачилик маҳсулотлари учун ёғоч, мева ва бошқа табиий материаллар чиқиндиларидан фойдаланишни ҳам синаб кўришмоқда. Бошқалари матоларини бўяшнинг муқобил усулларини ёки ташлаб юборилгандан кейин биологик парчаланиш осонроқ бўладиган материалларни қидиряптилар.

H&М ва Zara мода сотувчилари, 2020 йилда кийим-кечакларини қайта ишлаш мақсадида ҳаракат қилаётган 33та мода компаниясига қўшилди ва ўз дўконларида эскирган кийимларни йиғиш ва қайта ишлаш тажрибасини йўлга қўйган.

Лос-Анжелесда кичикроқ кийим бренди Reformation ўз кийимлари учун одатдаги кийим-кечак компанияларига қараганда анча камроқ сув сарфлаши ва ҳар бир маҳсулот учун кетган сув ҳақида ўз саҳифасида ёзиб боришини маълум қилган.

Айрим одамлар сотиб олган кийимининг 40 фоизини ҳеч қачон киймаган

АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2017 йилда чиқинди полигонларига 10,2 миллион тонна тўқимачилик чиқиндилари ташланган ва яна 2,9 миллион тоннаси ёндирилган. Буюк Британияда ҳар йили 350 000 тонна кийим-кечак чиқиндихонага юборилади.

Ellen MacArthur жамғармаси маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2015 йилгача битта кийимни кийиш давомийлиги 36 фоизга камайган. Худди шу даврда кийим-кечак ишлаб чиқариш икки баравар кўпайган. Бу – кийимлар сифати пастлиги ва узоқ муддат кийишга яроқли эмаслиги билан ҳам боғлиқ. Шу сабаб тадбиркорлар сифатли ва бардошли кийим ишлаб чиқариши иқлим учун муҳим.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, айрим мамлакатларда сотиб олинган кийимларнинг 40 фоизи ҳеч қачон кийилмайди. Бошқа тадқиқотлар Буюк Британия аҳолиси кийимларининг 50 фоизини деярли киймаслигини аниқлаган. Улар буни кийимлар ўзларига лойиқ келмай қолгани ва модадан чиққани билан изоҳлашган.

Шоппингга муккасидан кетиш психологияси

Австралиянинг Флиндерс университетида руҳий касалликларни ўрганувчи клиник психолог Майк Кириоснинг айтишича, биз сотиб олган нарсалар маълум бир вазифа бажаради. Ўзига паст баҳо берадиган, ўзининг жамиятдаги мақоми ҳақида қайғурадиган одамлар кийимлар учун кўп сарф-харажат қилишга мойил бўлишади. Мақтовларни яхши кўрадиган одамлар янги кийим сотиб олганда миясининг мақтовга сезгир қисмлари фаоллашади. Шифокор буни касаллик деб ҳисоблайди ва уни даволаш лозимлигини айтади.

Бу муаммони “иккинчи қўл” тажрибаси орқали ечиш ҳам мумкин. Масалан, ўзингиз кийишни хоҳламаган кийимни бошқа бировга бериб, ундан ҳам кийим олиб, айирбошласа бўлади.

Oxfam хайрия ташкилотининг барқарор мода мутахассиси Фи Гилфезер кийимларни тез-тез ювиш ҳам табиатга зарарлигини таъкидлайди. Яъни бу биринчидан сув етишмовчилигига сабаб бўлса, иккинчи томондан кийимлар тез-тез ювилганда, ўзидан кичик толаларни ажратишни бошлайди. Бу толалар сувга қўшилиб, табиатга чиқиб кетади. Яна бир томондан кийим сифатини тез йўқотади ва бошқа кийим харид қилишга мажбур бўлинади.

Экобарқарор кийимларни тарғиб қилиш йўлига ўтган машҳурлар

Кийим модаси тарғиботида энг кўп машҳурлар актёр ва қўшиқчилар муҳим рол ўйнайди. Кийимларнинг табиатга таъсирини билганидан кейин туркиялик қўшиқчи Нил Караиброҳимгил “Уйғон, она” қўшиғини куйлаган. Қўшиқчи шундан кейин янги кийим сотиб олмасликка, ўзида борларидан янги имижлар яратишга қарор қилгани ҳақида айтади.

«Harry Potter» филми билан яхши танилган Эмма Уотсон экофаол машҳурлар ўнталигида 1-ўринда туради. У 2019 йилда табиатга зарар етказмайдиган модаларга бағишланган Feel Good Style сайтини ишга туширган. У органик мода брендларини яратадиган дизайнерлар билан ишлайди.

Актриса Гвинет Пелтроу Goop компанияси фақат барқарор материаллардан тайёрланган кийимлар тикади. Компания ҳар бир сотилган кийим учун Таҳое миллий ўрмонида 1 туп дарахт экишни йўлга қўйган.

Ўзбекистонликлар қанчалик тез-тез кийим харид қилади?

Facebook ижтимоий тармоғида ўтказилган кичик сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистонда меъёрдан ортиқча кийим сотиб олиш оммалашмаган дея тахмин қилиш мумкин. Сўровномада қатнашган айрим иштирокчилар ҳар икки-уч ойда кийим олишларини, бир йилда 5–10 тача уст-бош, 2та оёқ кийим олишларини маълум қилишган. Айрим фойдаланувчилар ҳар ойда битта кийим олишларини айтган бўлса, бошқалари бир йилда 2-3 марта кийим харид қилишларини маълум қилишган.

“Ҳар фаслда 2-3 сидрадан кийим оламан. Йилига 4 дона оёқ кийим оламан. Ҳар йили гардеробимни бўшатиб эҳсонга бериб юбораман. Болаларимга ҳар фаслда 7-8тадан кийим оламиз”, – дейди Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Ижтимоий тармоқнинг бошқа бир фойдаланувчиси эса кўп кийим олмаслиги, битта ёзги ва битта қишки кийими борлигини ёзган.

Сўровномада иштирок этган кўпчилик бироз эскирган ёки ўзига лойиқ келмай қолган кийимларини қариндошларига тарқатишини билдирган.

Фойдаланиш муддати тугаганидан сўнг кийимни чиқиндихонага юбориш ёки ёндириш экологияни кўпроқ зарарлайди. Уни хайрия дўконларига олиб бориш, муҳтож оилаларга тарқатиш ёки 2та кийимни қўшиб, битта янги нарса тайёрлаш мумкин. Ёки лойиқ келмай қолган кийимлар учун турли канал ва платформалар ташкил қилиб, уларни айирбошлашни йўлга қўйиш мумкин.

Юқоридаги статистика ва таҳлиллардан мурод – кийим танлаётган киши фақат ўз танаси учун эмас, иқлимни асраб қолиш учун ҳам танлов қилаётганини ёдга солишдир.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид