Жаҳон | 17:23 / 28.07.2023
11175
2 дақиқада ўқилади

Жазирама иссиқда янги мода: Хитойда иссиқдан сақланиш учун юз ниқоблари оммалашяпти

Хитойда ҳароратнинг кўтарилиб бораётгани сабаб бутун юзни қоплайдиган «фейскини» деб аталувчи ниқоблар оммалашяпти. Сабаби Хитой ва Осиёнинг кўпгина қисмида оқ тери қадрланади. «Фейскини» эса терини қорайишдан, ултрабинафша нурлардан сақлайди.

Иқлим исиши сабаб ҳарорат кескин кўтариляпти. БМТ 2023 йилнинг июл тарихдаги энг иссиқ ой бўлганлигини қайд этди.

Хитойда ҳам ҳарорат ошиб боряпти. Масалан, июл ойи ўрталарида мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудида жойлашган Санбао қишлоғида 52 даража иссиқ бўлган. Ўтган йили ҳам мамлакатда кучли иссиқ сабаб қурғоқчилик ҳодисаси кузатилганди.

Ҳароратнинг ошиши хитойликларнинг кийиниш маданияти ва сотиб олаётган нарсаларига ҳам таъсир қиляпти. Мамлакатда ҳозир юзни бутунлай қоплаб оладиган «фейскини» деб аталувчи ниқоб оммалашяпти. 

Фото: Reuters

Фейскини – чўмилиш ва сузиш пайтида ҳам тақиб юриш мумкин бўлган енгил ва ёрқин матолардан тикилган ниқоб бўлиб, кўз, бурун ва оғиз очиқ бўлиб, ҳаракатланишга халақит бермайди. Бу ниқоб билан ултрабинафша нурларнинг таъсиридан сақланиш мақсад қилинган.

 

Фейскини Хитой учун янгилик эмас, ўзининг пляжлари билан машҳур Қингдао шаҳрида олдиндан бу ниқоблардан фойдаланиб келинган. Лекин одатий аксессуар сифатида фейскинилар ҳеч қачон бундай оммалашмаган. 

Фейскинининг яхши сотилаётганига яна бир сабаб унинг кўз бурчакларини ҳам ҳимоя қила олишидир. Сабаби юзнинг бу қисмида сепкил пайдо бўлиши анча осон. 

Оқ тери Хитой ва Осиёнинг катта қисми учун гўзалликнинг идеал белгиси ҳисобланади. Бу рангдаги тери тарихан ҳам бойлик ва юқори табақа рамзи бўлиб келган. Шу сабаб кун давомида қуёшдан сақланиш шараф ҳисобланган. Бундай қараш кино, мусиқа индустрияси ва миллион долларлик терини оқартирувчи косметика саноати билан янаям мустаҳкамланган. 

Бундан ташқари, Хитойда одатий ҳарорат 35 даражадан юқори бўлаётгани учун шляпа, вентилятор, махсус тикилган енглар ва вентиляторли шляпалар хариди ҳам ошган.

Мавзуга оид