Жамият | 16:36 / 13.09.2019
83666
8 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштируви: СамДУдан «йиқилган» қизлар балларни ҳисоблашда кўзбўямачилик бўлганини айтишмоқда

Kun.uz таҳририятига Самарқанд Давлат университетининг «Жисмоний маданият» факультетининг Спорт фаолияти (хотин-қизлар спорти йўналиши) бўйича ўтказилган кириш имтиҳонларидан норози 14 нафар абитуриентдан мурожаат келиб тушди.

Имтиҳонларнинг якуний натижасини чиқаришда адолатсизликка ва таниш-билишчиликка йўл қўйилганини таъкидлаган қизларнинг важини ўрганиш учун журналистик суриштирув ўтказилди.

Маълум бўлишича, ушбу йўналишига 15та давлат гранти, 35та тўлов-шартнома асосида жами 50та ўрин ажратилган. 253 киши ариза топширган. Кириш учун фақат ижодий имтиҳонлар — спорт синовлари уч кунда, 31 июль, 3 август ва 7 август кунлари учта блок бўйича ўтказилган. Синовлар ўтган куннинг эртасигаёқ натижалар Қабул комиссиясида илиб борилган. Қизлар синов натижаларини қўшиб, ким неча балл тўплаганини ҳисоблаб боришган ва ўзларининг ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг айримлари грант, кўпчилиги контракт асосида ўқишга кириши керак бўлган.

Бироқ, орадан кунлар ўтиб, 3 сентябрь куни чиқарилган якуний жадвалда айрим дугоналаридан ташқари, уларнинг бирортаси ўқишга кирмагани маълум бўлган. Чунки синовларда паст балл олган абитуриентларнинг 2-блок бўйича тўплаган баллари ошириб қўйилган.

Бизга маълум қилишларича, улар Қабул комиссиясига бунинг сабабини сўраб мурожаат қилишганида «ўзингнинг балинг тўғрими, бошқаларники билан ишинг бўлмасин», деган жавобни беришган.

Қайд этиш лозимки, фақат 2-йўналиш — Гимнастика спорт тури бўйича ўтказилган синовлар баллари ўзгартирилган. 1-блок — Енгил атлетика ва 3-блок — Спорт ўйинлариникига тегинилмаган.

Ўқишга киролмаган абитуриентлар суратга тушириб юрган синов натижаларига эътибор берамиз. Кўриб турганингиздек, 31 нафар абитуриентнинг балларида фарқ бор.

Якуний жадвални олсак, баллари ўзгартириб, кўтариб қўйилган, дея даъво қилинаётган жойлашуви мана шу тартибда. Бу суратга ишонилса, бор-йўғи 8 киши (1та грант, 7та контракт) ўз кучи билан кирган бўлади.

Биз бу борада СамДУ Қабул комиссияси масъул котиби Раҳматилло Мирзаевга учрадик.

У ўтказилган синовларда қўйилган баллар ва якуний баллар рўйхатини тақдим этди. Синовларни Гулистон давлат университети ўқитувчилари келиб олишганини таъкидлаб, ҳаммаси адолатли ўтгани, абитуриентларнинг важларида асос йўқлиги, ўртадаги фарқ қаердан келиб қолганини билмаслиги, ўшанда ўзларида мавжуд жадвалларнинг ксеронусхаси илинганини айтиб ўтди.

Яъни, масъул котибнинг сўзларига кўра, чиндан ҳам синовлар натижалари баллари ксеронусхаси имтиҳондан эртаси куни қабул комиссияси томонидан ҳовлида пайдар-пай илиб борилган. Бироқ қизлар уни суратга туширишган бўлиши, компьютер дастурлари билан ўзгартирган бўлишлари мумкин (таъкид — бизники).

Биз мазкур масалада СамДУ ректори, қабул комиссияси раиси, профессор Рустам Холмуродов билан ҳам суҳбатлашдик.

Рустам Холмуродов ўзи аниқлаган маълумотларга кўра, норози бўлиб юрган 14 нафар қиз биргаликда азалдан бир мураббий қўл остида имтиҳонларга тайёрлангани, энди кимлардир норозилик уйғотиш, университет обрўсига рахна солиш учун уларни тезлаб, «оташин қилиб», атайлаб шов-шув «кўтараётгани»ни айтди. Қизларнинг қўлидаги имтиҳон натижалари суратлари ўзгартирилганини, имтиҳонда бундай кўзбўямачиликка йўл қўйиш мумкин эмаслиги таъкидлаб ўтди.

Чиндан ҳам, суратга туширилган натижаларни компьютерда ўзгартириш мумкин. Таҳририят ихтиёрида 4 қиз томонидан алоҳида-алоҳида тақдим этилган, гўёки 4та ракурсдан туширилган натижалар фотосуратлари бор. Улар — бир хил.

Вазият шундай эди: қизлар адолатсизликка йўлиқишганидан норози, масъул раҳбарлар ҳеч қандай адолатсизлик рўй бермаганини таъкидлашмоқда.

Шунинг учун эртаси куни жараён иштирокчиларининг иккинчи томони — ўқишга «ноқонуний қабул қилинган» дея иддао қилинаётган СамДУ талабалари билан учрашдик.

Жисмоний маданият факультети декани Баҳодир Қипчоқов, декан ўринбосари ҳамда СамДУ матбуот котиби Дилмурод Дўстмуродов билан аудиторияга кириб, қизлардан бўлиб ўтган воқеаларни сўрадик.

Ҳозир талабалар икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳдаги талаба қизлар бир овоздан имтиҳонлар ҳалол ўтганини, ҳеч қандай адолатсизлик бўлмаганини таъкидлаб ўтишди.

«Қизларнинг қўлида ўша синовларнинг эртасигаёқ туширилган натижалар фотосуратлари бор экан. Унда сизларнинг аксарингизнинг балларингиз кам кўрсатилган. Сизларнинг қўлингизда ҳам ўша баллар суратлари борми? Агар бўлса, демак, улар ёлғон гапираётган бўлишади», деб савол бердик.

Фақатгина биргина қиз ўша биз истаётган суратни кўрсата олди. У давлат гранти бўйича қабул қилинган Гавҳар Зоирова эди. У рўйхатнинг энг охирида бўлгани сабабли фақат ўша варақни тушириб олганини айтди. Унинг баллари ҳам ўзгартирилган деб тахмин қилинмоқда. Чунки, 2-блокда у 62,5 балл олган. Жами 174,5 балл жамғарган. Норози қизлар қўлидаги жадвалда унинг 2-блок бўйича жамғарган балли 50,5 кўрсатилган.

Қолган қизлар «биз қоғозга ёзиб юрувдик», «бизнинг фотосуратга тушира оладиган телефонимиз йўқ», қабилида жавоб беришди.

Иккинчи гуруҳдаги талаба қизларнинг тўрт нафарини кўчада учратиб, шу саволни берганимизда, улар «бизда у натижалар йўқ», деган жавобни беришди ва қолган саволларимизга жавоб бермасдан негадир тезда олдимиздан кетиб қолишди.

Ректор таъкидлаганидек, 20 нафарга яқин қиз имтиҳонларга 6 ой мобайнида тайёрлангани, уларнинг 14 нафари кира олмагани чиндан ҳам тасдиқланди.

Лекин баллари ўзгартирилган, деб даъво қилинаётган қизлар сони — 31 нафар. Қолганлар нега қўшилмаяпти? «Улар адолатсизликдан йиғлаб йиғлаб, энди қишлоғимга қандай бораман, ота-онамга нима дейман, дея, тақдирга тан бериб кетишди», — дейди қизлардан бирининг онаси.

Ўқишга кира олмаган қизларнинг айтишича, имтиёз билан давлат грантига қабул қилинган абитуриентлар сони аввалдан 9 киши деб эълон қилинса-да, якунда уларнинг сони 11 нафар бўлган. Буни улар 3 сентябрь куни мандат жадвали илингандагина билишган. Унгача ўқишга кирган қизларнинг балларини ҳисоблаб юришган.

Қизлар шунингдек баскетбол ва волейбол тўпининг фарқига бормаган, 100 метр ва 400 метрга югуришни эплай олмаган қизлар ўқишга кирганини таъкидлашди.

Улар қандайдир «йўл»лар билан киргани ва бу «йўл»ларнинг «йўлкираси» қанча бўлгани ҳақида ҳам айтишди. «Йўлкира»ни тўлаб қўйган қизлар имтиҳон натижаларини бориб кўриб ҳам ўтиришмаганини, «менинг киришим аниқ», деб аввалдан айтганлари ҳам бўлганини таъкидлашди.

Қизлар Тошкентга бориб, бу ҳақда Президент қабулхонаси, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа идораларига ариза ёзиб келишган. Қизлар уйларига университетдан ходим бориб, аризани қайтариб олишга мажбурланишаётганини ҳам айтиб беришди. Қизиқ, нега? Таҳририят офисида қизлар билан гаплашиб турганимизда улардан бирининг отаси қўнғироқ қилиб, ариза юзасидан одам келганини айтиб қолди.

Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ — фақат ўзларига-ю, Яратганга аён. Масалани фақат ваколатли идоралар вакиллари келиб, видеоёзувларни кўриб, ўрганиб чиқиб, таҳлил қилиб, аниқ бир нарса дейишлари мумкин. Адолатни рўёбга чиқариш учун шундай йўл тутишлари керак ҳам. Университет ходимлари агар оқ бўлса, албатта видеоёзувларни битталаб кўрсатиб, ўзларини оқлаб олишлари керак бўлади.

Хуллас, журналист сифатида менинг аниқлай олганларим шу бўлди. Сиз бу борада қандай фикрдасиз, азиз ўқувчи?

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид