Жаҳон | 11:44 / 08.10.2024
12898
14 дақиқада ўқилади

Исроил Ҳамас устидан «ҳал қилувчи ғалаба»га эришмоқчи эди. Аммо бир йил ўтиб ҳам мақсадга эришилмади. Бунга нима тўсқинлик қилди?

Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ»ни тор-мор эта оладими?

Ilia Yefimovich / dpa / Scanpix / LETA

Исроил мудофаа армияси сўнгги йил ичида иккита турли фронтда иккита кенг кўламли амалиёт бошлади — ва ҳали якунламади. Биринчиси, Ҳамас жангчиларининг Ғазо секторидан чегарадош ҳудудларга ҳужум қилишига жавобан бошланганди; иккинчиси — Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг инфратузилмалари ва бошқарув тизимига олдини олувчи зарбалар бўлди. Бу урушлар 2006 йил «Ҳизбуллоҳ» билан муваффақиятсиз кечган тўқнашувдан кейин ишлаб чиқилган уруш олиб бориш бўйича янги концепциянинг дебюти бўлди. Концепция «Ҳал қилувчи ғалаба» номини олган. У душманнинг бутун ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш учун ҳаводаги ва разведка бобидаги устунликка таянган ҳолда фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб боришни назарда тутади. Дебют (урушлар ҳали якунланмаган бўлса-да) аралаш таассурот қолдирмоқда: қисқа муддат ичида ҳал қилувчи ғалабага эришилмади. Гарчи ЦАҲАЛ разведка имкониятлари бўйича яққол устунликка эга бўлган Ливанда дастлабки зарба самарали ва натижадор бўлди. Исроилга «Ҳизбуллоҳ»га қараганда кучсизроқ рақиб қарши турган Ғазода эса — аввалбошдан разведка борасида яққол устунлик йўқ эди ва бу ерда ҳам урушнинг олдиндан белгиланган сиёсий мақсадларига ҳалигача эришилмади.

«Ҳал қилувчи ғалаба» нима дегани?

1980-йилларга қадар ЦАҲАЛ атрофдаги душман давлатлар устидан «ҳал қилувчи ғалабалар»нинг узоқ тарихига эга эди. Тўғридан тўғри тўқнашувларда ютқазган рақиблар прокси-уруш тактикасини қўллашга ўтишди. Энди улар ЦАҲАЛ билан тўғридан тўғри урушмасди — аммо буни курашда қуролли гуруҳлар қўли билан қиларди.

Натижада Исроил курашда ўзининг асосий устунликларидан самарали фойдаланиш имкониятини йўқотади: ўқ отиш кучи, юқори аниқликдаги қуроллар, манёвр қилиш, разведка ва бошқарув воситалари. Илгари авиация кўмагида зирҳли танклар билан зарба бериш ЦАҲАЛга қарши турадиган мунтазам армияларни қулатарди. Ҳарбий ҳаракатларда террор ва ракета зарбаларидан фойдаланадиган ва қолган вақтни бункерлар ва туннелларда яшириниб ўтказадиган гуруҳлар билан урушда анъанавий методлар у қадар самарали эмасди. Хусусан, Исроилдаги манбаларга кўра, Ливан жанубида 2006 йилда «Ҳизбуллоҳ»га қарши кечган уруш вақтида разведка орқали авиация учун олдиндан белгилаб олинган нишонлар бир ҳафта ўтмай тугаган. Кейинги «импровизация» эса ютуққа олиб келмаган — ва уруш Исроил учун аламли дуранг натижа билан якунланган.

Шундан буён Исроил қўмондонлигида иккита концепция мавжуд эди. Биринчисига кўра, рақиб зарбаларини қайтариши мумкин бўлган ишончли мудофаа қурилиши кўзда тутилган. «Темир гумбаз» ракеталарга қарши мудофаа тизими батареялари навбатчиликка қўйилди. Уларнинг вазифаси бошқарилмайдиган ракеталар билан ўққа тутиш самарадорлигини қарийб нолга тушириш бўлган. Шунингдек, нисбатан кучли бўлган бошқа бошқарилувчи ракеталарга қарши курашиш учун бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилган. Ливан ва Ғазо билан чегара бўйлаб кузатув тизимлари (жумладан, автоматик ишловчи), шунингдек, кичик ҳарбий базалар тармоғи барпо этилган. Буларнинг барчаси кичик гуруҳлар ҳужумларининг олдини олиши керак эди. Бундай ҳужумлар қайтарилгач, ЦАҲАЛ қуролсизлантириш учун зарбалар бериши ва рақибларни статус-квога қайтариб, уларга ўз ҳужумларидан сиёсий дивидендлар олишига йўл қўймаслиги назарда тутилган.

Исроил курашнинг бу шаклини Ғазода қамал ҳолатида бўлган ва имкониятлари чекланган Ҳамасга қарши қўллади. 2021 йилги қисқа муддатли кескинлашув вақтида ЦАҲАЛ Ҳамасга қарши қуруқлик амалиёти ўтказишига ҳожат қолмайди: «Темир гумбаз» Ғазодан учирилган ракеталарнинг аксар қисмини тутиб қолади — ва фаластинликлар ёпирилма зарбалар билан Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўта олмайди.

2023 йил 7 октябрдан олдинроқ ишлаб чиқилган иккинчи концепция ташаббусни ЦАҲАЛга қайтариш ва унинг барча азалий устунликларини яна эффектив қилишга қаратилган. Исроил раҳбарияти пассив мудофаа ва тийиб туришга ҳаракат қилиш — айниқса Ливан фронтида эҳтимолий мағлубият томон йўл эканини тан олган.

Бундай сценарий реалистик деб топилган, чунки Эрон томонидан очиқчасига қўлланадиган «Ҳизбуллоҳ»нинг салоҳияти нафақат Ҳамасникидан каттароқ эди, балки бир неча ҳафта ичида Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ҳолдан тойдириш ва мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига зарба беришга ҳам имкон берарди. 2023 йил 7 октябр куни Ҳамас ҳам «Ҳизбуллоҳ» қўлламайдиган усуллардан фойдаланган ҳолда Исроилга ўта жиддий зарар бера олиши мумкинлигини кўрсатди.

Авиация ҳам, «Темир гумбаз» ҳам ўз ўзидан урушда ютиб чиқишни таъминлай олмайди. 2008 ва 2014 йилларда Ғазога уюштирилган тактик жиҳатдан муваффақиятли, аммо стратегик жиҳатдан муваффақиятсиз чиққан босқинлар шуни кўрсатгандики, Исроил мудофаа армияси шунчаки тезда ҳал қилувчи ғалаба учун зарур бўлган тизимга эга эмас.

  • Худди шу «Ҳал қилувчи ғалаба» номли янги оператив концепцияга кўра, икки ташкилот — «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас — шунчаки «исёнчи террорчи гуруҳлар» эмас, балки «тармоқланган террорчи ракета қўшинлари» сифатида кўрсатилган.
  • Уларга қарши самарали курашиш учун, ЦАҲАЛ разведка, бошқарув ва юқори аниқликдаги қуроллар бўйича устунликларидан фойдалана олиши лозим. Исроил мудофаа армияси, унга қурол харид қилиш тизими ва мамлакатдаги ҳарбий-фуқаролик муносабатлари шундай ислоҳ қилиниши керакки, ҳарбийлар Ҳамас ёки «Ҳизбуллоҳ»нинг яширин ўт очиш позицияларини тезда йўқ қила олиши керак.
  • ЦАҲАЛ ва разведка хизмати биринчи қадам сифатида Ливанда авиация ва бошқа юқори аниқликдаги қуроллар рақибнинг бутун инфратузилмаларини улар Исроилга қарши қўлланишидан олдинроқ йўқ қилиш учун (иккинчи ўринда Ғазода) минглаб нишонлар базасини яратиши лозим.
  • Табиийки, «Ҳизбуллоҳ» асосий ва энг хавфли рақиб ҳисобланади — нафақат ўз имкониятлари билан, балки ортида Эрон тургани учун ҳам. Ливанда тўқнашув рўй берган тақдирда иш Теҳрон билан тўғридан тўғри зарбалар алмашинувига бориши мумкинлиги тушунарли эди.
  • ЦАҲАЛ ва разведка хизматлари нишонлар базасини тузиш билан чекланишни режалаштирмаган (ва ҳозирда маълум бўлган пейжерларни миналаштириш билан боғлиқ бошқа ҳийла-найранглар каби): концепцияга кўра, ЦАҲАЛнинг рақиб жангчилари билан қуруқликда тўқнашиб, уларни ўз отиш воситалари ва позицияларини ошкор этишга мажбур қиладиган бўлинмаларини ташкил этиш лозим эди — ракета қурилмалари, туннеллар, мобил отрядлар. Уларнинг барчаси илғор кузатиш воситалари орқали жанг майдонидаёқ дарҳол аниқланиши белгиланган. Шундан кейин бундай нишонлар тезда қуруқлик кучлари, авиация ва денгиз флоти ўт очиш воситалари учун тақсимланиши ва зарба берилиши кўрсатилган. Концепцияга кўра, бундай янги бўлинмалар сони бўйича баталёнга тенг бўлиши (камида мингкиши), аммо ўт очиш қуввати дивизияникидек (10 минг кишилик тактик тузилма) бўлиши лозим эди.

Янги тизимнинг бундай армияси ҳозирги урушда Исроилга жуда қўл келган бўларди, аммо уни яратишга улгуришмади. 2023 йил октябрида концепция ҳали бошланғич босқичда эди. Кўринишидан, ўтган бир йил давомида ҳам у тўлиқ реализация қилинмаган. Исроил разведкасининг уруш бошланишидаги муваффақиятсизлиги (у Ҳамаснинг рейд ўтказиш режасини фош қила олмади ва ҳаракат жангарилари чегара яқинида тўпланишини пайқамади) ЦАҲАЛ раҳбарияти рақиб ҳақидаги маълумотлари бўйича устунлигига ишониб адашганини кўрсатди. Исроил жанубига ҳужум яна шуни кўрсатдики, автоматик кузатув ва аниқлаш тизимларига асосланган разведка ташаббусни қўлга олган душманга қарши муваффақият қозона олмайди.

Ғазодаги уруш воқеалари Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига танлов қолдирмади: энди гап тийиб туриш ҳақида кетмас, «ҳал қилувчи ғалаба» шунчаки заруратга айланганди. Муаммо шундаки, Исроил, афтидан, стратегияни амалга оширишга тайёр эмасди. Бундан ташқари, ҳамон Исроилнинг ғалабаси қандай бўлиши номаълумлигича қолмоқда.

Ғазода ишлар нега режадагидек кетмади?

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант 7 октябр кунги ҳужумдан кейин ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги амалиёти уч босқичдан иборат бўлишини маълум қилганди:

  1. Ҳамас инфратузилмасини яксон этиш. Бунинг учун қуруқлик қўшинлари секторга кириши ва унинг ҳудудининг катта қисмини эгаллаши талаб этиларди.
  2. «Камроқ интенсивлик» босқичи — қаршилик ўчоқларини бартараф этиш. Катта эҳтимол билан, бу босқичда гаровдагиларнинг барчасини озод этиш режалаштирилганди.
  3. Якуний босқич — «Ғазонинг кейинги ҳаёти учун масъулиятни Исроил зиммасидан олиш».

Биринчи босқич Ғазодаги олдинги урушлар пайтида бўлгани каби руҳда амалга оширилди. Фақат кўлами бўйича фарқланарди. Рекорд миқдордаги захирадагилар сафарбар этилди ва рекорд миқдорда зарбалар йўлланиб, бу улкан қурбонларга олиб келди. Шунингдек, «ҳал қилувчи ғалаба» концепцияси доирасида кенг миқёсда ривожлантирилиши режада тутилган «сунъий интеллект» ёрдамида нишонларни қидириш ва саралаш технологиялари ҳам қўлланди. Танқидчиларнинг тасдиқлашича, бу фақат «тасодифий қурбонлар» сонини оширган. Умуман олганда, биринчи босқич — секторнинг катта ҳудуди оккупация қилиниши — ЦАҲАЛ Ҳамас ҳарбий салоҳиятини сезиларли каматира олган бўлса ҳам, ғалаба келтирмади.

Иккинчи босқич, кутилганидек, мураккаб шароитларда кечди. Ҳамон исроилликлар гаровда қолмоқда, Ҳамас Исроилга сиёсий босим кўрсатишни давом эттирмоқда. Турли хорижий ташкилотлар ва давлатлар (жумладан, Ғарбдаги қўллови Исроил учун муҳим бўлган давлатлар ҳам) босим кўрсатиши вазиятни янада оғирлаштирган. Мамлакат жамоатчилигининг ҳам катта қисми сулҳ тузиш тарафдори.

Иккинчи босқичдаги ҳарбий ютуқлар ҳали ҳам кичик. Ҳамаснинг тайёрланган позициялари (жумладан, «Ғазо метроси» — гуруҳ манёврлар амалга ошириш, штаблари, қурол ва захираларини жойлаштириш учун фойдаланиладиган туннеллар тармоғи) барибир тўлиқ йўқ қилинмади. Сектор шимолида аввалроқ ЦАҲАЛ томонидан эгалланган ҳудудларда яна қаршилик ўчоқлари пайдо бўлмоқда.

Иккинчи босқичнинг мураккабликлари учинчи босқичдаги муаммолар билан чамбарчас боғлиқ: урушдан Исроилдаги хавфсизликни тубдан яхшилайдиган тарзда чиқишнинг йўли топилмади. Бунга 15 йил давомида ҳам эришилмади: Ғазодаги олдинги ҳар бир операция (ва Ливан жанубидаги ҳам) ЦАҲАЛнинг рақиблари — Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ»нинг сиёсий позицияларини фақат мустаҳкамлаган — чунки уларнинг мавжудлигининг маъноси ҳам Исроилга фаол қарши туришдадир. Ушбу гуруҳларнинг тактик мағлубиятлари ҳам «ғолиб» Исроилга узоқ муддат нафас ростлашга имкон бермайди. Октябр бошидаги воқеалар кўрсатганидек, жисмоний тўсиқлар яратиш ҳам — деворлар ва ҳарбий базалар тармоғидан тортиб кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларигача — муаммони узоқ муддат учун ҳал қила олмайди. Фаластин ва Ливандаги гуруҳлар сулҳ учун тақдим этилган муддатни ушбу тўсиқларни қандай бузиб ўтиш ва яна ҳужум қилиш йўлини топишга сарфламоқда.

Ғазодаги амалиётнинг дастлабки босқичидаёқ Исроил икки фронтда жанг қилиш зарурати билан тўқнашганди — «Ҳизбуллоҳ» кенг кўламли уруш бошламаган бўлса-да, аммо бутун йил давомида чегарада кескинлик сақлаб турди. Ташкилот Исроил Ғазода Ҳамас билан ўт очишни тўхтатишга келишсагина, чегара ортидан ҳужумларини тўхтатишини билдирганди. Ҳамас эса кўп жиҳатдан «Ҳизбуллоҳ»нинг қарши ҳужумига умид қилган ҳолда қаршиликни давом эттирганди.

«Ҳал қилувчи ғалаба» концепцияси Ливанда қандай иш беради?

Исроил Ҳамасни ёрдам умидидан маҳрум этиш учун «Ҳизбуллоҳ» томонидан таҳдидни бартараф этишга қарор қилди. Ливандаги гуруҳни деярли барча етакчиларидан, қурол-яроғ ва ўқ-дориларининг катта қисмидан маҳрум қилган кучли превентив (олдини олувчи) зарба «ҳал қилувчи ғалаба» концепциясида тасвирланган принципларга асосланганди: сўнгги йилларда белгилаб олинган «нишонлар базаси» бўйлаб минглаб зарбалар йўлланди.

Натижаларга қараганда, ушбу базадаги маълумотлар сифати, Ғазодагидан анча яхшироқ эди. «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча ёппасига жавоб зарбаси йўлламади (унинг учун бу ишни Эрон амалга оширди; 7 октябрга ўтар кечаси эса гуруҳ ракеталари барибир Ҳайфага қадар етиб борди).

Аммо Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни ўйиндан чиқариш учун унинг ҳарбий салоҳиятини етарли даражада камайтиришга муваффақ бўлгани факт эмас. Катта эҳтимол билан, «ҳал қилувчи ғалаба» учун гуруҳнинг маскировка қилинган, жумладан, кўлами бўйича «Ғазо метроси»дан каттароқ бўлган ерости позицияларини аниқлаш мақсадида Ливаннинг анча ичкари ҳудудларига ҳам қуруқлик рейдлари ўтказиш талаб этилади.

Мавзуга оид