Ўзбекистон | 18:36 / 27.04.2024
6532
2 дақиқада ўқилади

Иссиқлик электр станцияларидаги давлат улуши сотилади

Ўзбекистондаги электр энергиясининг 80 фоиздан кўпини ишлаб чиқарадиган «Иссиқлик электр станциялари» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз улуш ва компания таркибидаги алоҳида иссиқлик электр станциялари хусусийлаштирилади.

Фото: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда давлатга тегишли бўлиб келган иссиқлик электр станцияларини босқичма-босқич хусусийлаштириш бошланади.

Бу «Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида кўзда тутилган

Қарорда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давактив ва Энергетика вазирлиги биргаликда 2024 йилнинг 1 июлига қадар жалб этиладиган консултант таклифи асосида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини ёхуд унинг такибидаги алоҳида иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштириш белгиланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2024 йил 1 майдан электр энергияси ва табиий газ учун ижтимоий норма тизими жорий этилган ҳолда, нархларни эркинлаштириш бошланади. Мамлакатда 80 фоиздан кўпроқ электр ИЭСларда ишлаб чиқарилади, уларнинг босқичма-босқич хусусийлаштирилиши энергетика ислоҳотининг таркибий қисми бўлиши мумкин.

Аввалроқ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ билан параллел равишда яна 6 та йирик компаниядаги давлат улушлари халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид