Ўзбекистон | 17:37 / 13.07.2024
13992
4 дақиқада ўқилади

Бир гуруҳ санъаткорлар поезддаги кондиционер ишламаётганидан шикоят қилди. Темирйўлчилар узр сўради

“Хива — Андижон” йўналишидаги поезд йўловчилари, хусусан, санъаткорлар иссиқ ҳавода совитиш тизими ишламаётганидан норози бўлди. Уларга сотилган чипталарда купеда кондиционер ишлаши ёзилган. “Ўзтемирйўлйўловчи” вагонлар эскиргани ва аномал иссиқ сабаб уларда носозлик кузатилганини айтиб, узр сўради. Рақобат қўмитаси текширув бошлаган.

Интернетда тарқалган видеодан кадрлар

Ўзбек шоу-бизнес вакилларининг йўловчи поездларда совитиш тизими ишламаётганидан норозилиги акс этган видеоларга “Ўзтемирйўлйўловчи” расмий муносабат билдирди.

Видеода санъаткорлар “Ўзбекистон темирйўллари”дан кондиционерли купе учун чипта сотиб олгани, лекин амалда вагонда совитиш тизими ишламаганини айтишган.

Вагонлар эски, аномал иссиқ ҳаво туфайли носозлик кузатилмоқда” – масъуллар

“Ўзтемирйўлйўловчи” йўловчилардан носозлик учун узр сўради. Таъкидланишича, бу поезд 12 июл куни “Хива — Андижон” йўналишида ҳаракатланган. Йўл давомида вагонда техник носозлик аниқланган, йўловчилар вақтинча бошқа вагонга ўтказилган.

Йўловчилардан совитиш тизими ишламаётган тақдирда вагон кузатувчиларига, агар муаммо ечим топилмаса, поезд бошлиғига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтамиз. Сўнгги йилларда йўловчи вагонлар босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда ва янги вагонлар ҳам харид қилинмоқда.

Юқоридаги ҳолат бўйича тегишли масъул ходимларга кўрсатмалар берилди. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз”, – дейилади изоҳда.

Шунингдек, расмийлар бу йўловчи вагонлар анча эски экани, 1991 йилда қурилиб, ўз муддатларида техник таъмирлардан ўтказилганини маълум қилган.

Вагонга ўрнатилган совитиш тизими техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати +40 C даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совутиш самарадорлиги йўқолади. Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда.

Видеолавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати +40 C даражадан юқорилаб кетгани сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган. Поезд Тошкент-Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланди ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилди”, – дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, компания ўтган асрларда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларининг совитиш тизимлари, ички интерери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чоралар кўрилаётгани, босқичма-босқич модернизация қилинаётганини, бунинг учун 1 йилда замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлар харид қилинганини қўшимча қилган.

Аномал иссиқ ҳаво кузатилмади” – Эркин Абдулаҳатов

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳот масъул ташкилотнинг бу маълумотига ўз муносабатини билдирди. Унинг айтишича, йил бошидан бери аномал иссиқлик кузатилмаган, “Ўзгидромет” ҳам бу борада хали огоҳлантириш хабарини эълон қилмаган.

Ҳукуматнинг 2021 йил 6 августдаги 501-сонли қарори 4б-иловасида Ўзбекистонда қайси пайт аномал иссиқлик ёки аномал совуқлик кузатилиши ва бу кутилмалардан олдин “Ўзгидромет” огоҳлантириш хабари ишлаб чиқарилиши бўйича аниқ қилиб ёзилган жумлалар мавжуд.

Ҳукумат тузилмалари ҳукуматнинг қароридаги "аномал" сўзидан келиб чиқиб, расмий маълумотларни беришларини сўраб қолган бўлардим. Ҳеч йўқ, ўзларинг чиқарган қарорларга амал қилинглар”,– дейди у.

Рақобат қўмитаси вазиятни ўрганмоқда

Юқоридаги ҳолат юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Ўзтемирйўлйўловчи”га сўров юборган. Таъкидланишича, қўмита ҳозирда ўрганиш ишларини олиб боряпти.

Юқоридаги ҳолатлар ҳам шу ўрганишлар доирасида кўриб чиқилиши ва ушбу ҳолатлар назоратга олингани, ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча ахборот берилиши айтилди.

Мавзуга оид