Спорт | 15:03 / 28.07.2021
5497
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Zakovat-Gambit” чемпионати ўтказилади. Мукофот фонди – 610 млн сўм

“Заковат” интеллектуал клуби ҳомийлари – Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева Тошкентда “Zakovat-Gambit” шахмат чемпионати ўтказилишини эълон қилди.

10–15 август кунлари бўлиб ўтадиган чемпионатнинг мукофот фонди 610 миллион сўмни ташкил этади.

“Zakovat-Gambit” турнири меҳмонлари орасида шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Вишванатан Ананд, Рустам Қосимжонов, шахмат қироличаси Юдит Полгар, 2016 йилда ўйин сеансидаги партиялар сони бўйича шахмат жаҳон рекордини ўрнатган (48 ўйин) Тимур Гареев ҳам бор.

Шунингдек, 2018 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионати иккинчи ўрин совриндори ҳамда 2019 йилда жаҳоннинг энг яхши 30 шахматчиси қаторидан жой олган Гулрухбегим Тоҳиржонова ҳам қатнашади.

Венгриялик гроссмейстер Юдит Полгар мусобақа олдидан ўзбекистонлик шахматчиларга мурожаат қилди.

“Тошкентда ажойиб шахмат турнири – “Zakovat-Gambit” бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтиб, иштирок этишни унутманг. Балки рақиб бўлиб ўйнаш насиб қилар. Мусобақада кўришгунча!” – дейди венгриялик шахматчи.

Чемпионатнинг фахрий меҳмонлари иштирокчилар билан шахмат ўйнашади ва мастер-класслар ўтказади.

“Zakovat-Gambit”да ёши ва шахматдаги даражасидан қатъи назар, фақат Ўзбекистон фуқаролари қатнаша олади. Иштирок этиш учун аризалар gambit.zakovat.tv сайти орқали, 7 август соат 10:00га қадар қабул қилинади.

Ўйин шартлари батафсил gambit.zakovat.tv сайтида келтириб ўтилган.

Мавзуга оид